ЎзА Ўзбек

02.04.2018 21:30 Чоп этиш версияси

Дўстлик ва бирдамлик куйчиси

Термизда буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодига бағишланган адабий кеча бўлиб ўтди.

Шоир-ёзувчилар, маънавият ходимлари, ўқитувчилар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими раиси М.Олломуродов, шоир Б.Ёриев ва бошқалар қардош қозоқ халқининг улуғ мутафаккири Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижоди, айниқса, ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилишини таъкидлади.

Президентимизнинг 2018 йил 13 мартдаги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Ўзбек ва қозоқ халқи азалдан яқин қўшни, оға-ини сифатида аҳил-иноқ яшаб келмоқда, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими раиси Н.Тўраев. – Юртимизда Абай Қўнонбоев ва бошқа қозоқ адиблари ижоди катта қизиқиш билан ўрганилади. Атоқли қозоқ шоири Абай Қўнонбоев биз, ўзбекларнинг ҳам қалбимиздан чуқур жой олган. Шоирнинг дўстлик, тотувлик, бирдамлик, ўзаро меҳр-оқибат каби мавзулар самимий оҳангларда кенг тараннум этилган асарлари севиб мутолаа қилинмоқда. Вилоятдаги босма оммавий ахборот воситаларида қардош қозоқ адиби ва унинг сермаҳсул ижоди ҳақида мақолалар чоп этилаётгани бунга яққол мисолдир.

Тадбирда Абай Қўнонбоев ижодидан намуналар ўқилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
7 547