Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.01.2017 18:20 Чоп этиш версияси

“Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивалининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди

М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент филиалида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” дўстлик ва маданият фестивалининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Байналмилал маданият маркази, Маънавият тарғибот маркази Тошкент шаҳар бўлими, Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бош бошқармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгашлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда пойтахтимиздаги миллий маданият марказлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Республика Байналмилал маданият маркази директори Н.Муҳаммадиев, Маънавият тарғибот маркази Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Ф.Маҳмудхўжаев ва бошқалар мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик ва тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил ва ўзаро ҳамжиҳатликда яшамоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, қизиқиши ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллаши, урф-одат ва расм-русумларини адо этиши, миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши учун барча шароит яратилган.

– Ўзбекистонни ҳаммамиз қадрлаймиз, – дейди Тошкент шаҳар қозоқ миллий маданият маркази раиси Т.Холбоев. – Бу ерда барча миллат вакилларига ўз тили, маданияти, урф-одатларини асраб-авайлаши, ривожлантириши ва келгуси авлодларга етказиши учун зарур шароитлар яратилган.

Миллий маданият марказлари бадиий жамоаларининг тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва бағрикенгликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари йиғилганларга манзур бўлди.

Фестиваль доирасида тасвирий санъат асарлари, миллий либослар, ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари намойиш қилинди.

Азима Қиёсова, ЎзА
2 715






Все о погоде - Pogoda.uz