ЎзА Ўзбек

12.08.2019 Чоп этиш версияси

“Дўрмон“да бир кун...

“Дўрмон“да бир кун...

Ёки ёзувчилар ёзни қандай ўтказмоқда?

“Дўрмон” дам олиш масканига кириб борар экансиз, сизни улуғвор чинорлар билан бирга ажиб туйғулар, салқин баҳаво иқлим қарши олади.

Қарийб 9 гектарга яқин ҳудудни ўз ичига олган ушбу масканда нафақат ижодкорлар, балки бошқа дам олувчилар учун ҳам барча шароит мавжуд. Қишда иссиқ, ёзда салқин бўлган хона балконидан ташқарига қарасангиз, яқинингиздаги баланд-баланд дарахтлар ортидан кўринаётган узоқлардаги тоғлар кўзингизни қувнатади. Ёзнинг иссиқ кунларида эрта саҳар уйғониб, “Дўрмон” боғи бўйлаб сайр этгани чиқсангиз, салқин шабада танангизга роҳат бағишлаб, улкан чинорлар ҳамроҳ бўлади.

Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ғафур Ғулом, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Ўткир Ҳошимов каби адабиётимизнинг улуғ дарғалари қадам ранжида қилган ушбу масканда айни кунларда 100 нафарга яқин ижодкор дам олиб, янги асарлари, китоб-у таржималари устида ишламоқда экан.

– “Дўрмон” қалбимга шу қадар яқин масканки, ундаги ҳар бир дарахт, ҳар бир ўсимлик мен учун қадрли. Бу ер менга Зулфия опамнинг иссиқ қалбини, адабиётнинг мислсиз бағрикенглигини эслатиб туради. Мен бу ерда тўлқинланиб, жўшиб, ўтмишни, кўнгилсизликларни унутиб, шеър ёзаман. Маскан қалбимга сўнмас умид бахш этади. Ҳозир янги шеърларимни тўплаяпман. Таниқли шоир Мирзо Кенжабек муҳаррирлигида сайланмамни нашрга тайёрламоқчиман, – деди устоз шоира Бибисора Туропова.

photo5357441613057600312.jpg

Ижодкор учун табиатнинг гўзаллиги илҳом бахш этса, сокинлик, озодалик уни жўшиб қалам тебратишга ундайди. Дам олиш масканининг асосий кириш дарвозаси бўйлаб қатор гуллар экилган, улар кишилар кўнглини нурафшон этиб туради. Бу ерда ижодкорлар тўпланиб, шеърхонлик уюштиришга қулай айвонлар, табиатни томоша қилиб, ижод қилишга мўлжалланган махсус ўриндиқлар бор. Ташқи томондан камтарона ва шинам кўринадиган, аммо ичида кичик шеърхонлик давралари, адабий суҳбатлар уюштиришга қулай заллар, ижодкорлар учун 5 мингдан ортиқ китоб фондига эга кутубхона ва унинг ўқув хоналари, катта-катта анжуманлар ўтказишга мўлжалланган конференция зали ва ошхона ишлаб турибди. “Дўрмон” охирги йилларда янгича қиёфага, замонавий кўринишга эга бўлди. Буни дам олишга келган кишилар сони ортганидан ҳам билишимиз мумкин.

– Ижодкор учун яхши асар ёзиш олдидан унга руҳият зарур бўлса, қоғозга тушириш вақтида эса шароит керак, – дейди ёзувчи Дадахон Нурий. – Ана шунда кўнгилдаги бор нарса сизилиб қоғозга тушади. Бугун ижодкорларга қалам тебратиш учун барча шарт-шароит яратилган. Фақат яхши ва жамиятга керакли бадиий асарлар, публицистик мақолалар ёзиш керак. Бу ерда дам олиш билан бир қаторда ижодий ишларимни тўлдиряпман, ўзбек тили ҳақидаги мушоҳадаларимни тўплаяпман, экологияга боғлиқ мақолаларим устида ишлаяпман. “Дўрмон” ижод уйи менга илҳом бериб турибди.

Дам олиш масканининг ён томонига ўтсангиз, ажиб бир бунёдкорликка дуч келасиз. У ерда ижодкорлар учун миллий боғ ичида қўшимча дам олиш маскани яратилган. Унда 5 та сўри ва 4 та ўчоқ ўрнатилган бўлиб, оиласи билан ташриф буюрган ижодкорлар бемалол сўриларда ўзбекона овқатланиши, дам олиб ҳордиқ чиқариши мумкин.

– Мана, саккиз йил бўлибдики, ёзнинг иссиқ кунларини салқин ва сокин “Дўрмон” ижод уйида ўтказаман, – дейди болалар шоираси Кавсар Турдиева. – Ҳар йили бу масканда йил давомида мўлжаллаб юрган ижодий ишларимни қилиб, нашрга тайёр бўлмаган китобларимнинг камчиликларини тўлдириб кетаман. Бу йил ҳам мактаб ёшигача бўлган болажонларга китоб чиқариш ҳаракатидамиз. Ўзбек тилидаги болалар адабиётига доир энг сара шеърларни тўплаб, ўзбек ва рус тилида нашр эттирмоқчимиз. Шеърларни тўплаб бўлдик, ҳозир уларни рус тилига таржима қилиш билан бандман. Ўзим билан икки нафар набирамни ҳам олиб келганман. Улар ҳам бўш вақтларида китоб ўқиб, спорт билан шуғулланмоқда, сув ҳавзасида маза қилиб чўмилиб, ёзни мароқли ўтказмоқда.

photo5357441613057600310.jpg

Ижод уйининг орқа тарафида дам олиш масканига қарашли боғ бор. Унда 190 туп олма, гилос, беҳи, олча ва узум дарахтлари ҳосилга кирган. 30 нафардан зиёд ходим дам олишга келган меҳмонлар ҳолидан хабар олиб туради. Ҳудудда ёзнинг салқин бўлишига бу ерда ўсаётган 150 га яқин терак,
арча ва чинор дарахтининг ҳиссаси бор.

– “Дўрмон” дам олиш уйига келган барча фойдаланувчиларнинг кўнглини олишга ҳаракат қиламиз, – дейди бино раҳбари Асқар Умматқулов. – Аввало, улар учун барча шароитни яратишни мақсад қилганмиз. Қўшимча биноларимизда спортчилар келиб дам олишади. Яқинда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ёш волонтёрларини тайёрлаш учун ўқув-семинар ўтказишни режалаштирганмиз.

Дам олиш маскани Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига қарашли бўлгани учун унинг аъзолари имтиёзли, яъни арзонлаштирилган нархларда дам олиши мумкин. “Дўрмон” дам олиш маскани 150 ўринли бўлиб, бу ердаги шароит ва қулайликлардан ижодкорлар мамнун бўлишмоқда.

7 543
Дилобар МАМАТОВА, ЎзА