Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2017 14:57 Чоп этиш версияси

Чортоқ туманида янги китоб дўкони ишга тушди

Чортоқ туманида янги китоб дўкони ишга тушди Наманган вилоятининг Чортоқ тумани марказида “Тафаккур олами” деб номланган янги китоб дўкони иш бошлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтириш, жамиятнинг интеллектуал, маънавий ва маданий эҳтиёжларига тўлиқ жавоб берадиган китоб бозорини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим, маданият муассасалари вакиллари, шоир-ёзувчилар, ёшлар иштирок этган китоб дўконининг очилиш маросимида бу алоҳида таъкидланди.

– Халқимиз тақдири ва келажагига дахлдор бўлган мазкур ҳужжат ишбилармон ва тадбиркорларни ҳам ташаббускор бўлишга ундамоқда, – дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи З.Мансуров. – Буни ўтган қисқа вақт мобайнида тадбиркорлар томонидан Наманган шаҳрининг ўзида иккита замонавий китоб дўкони барпо этилгани ҳам яққол тасдиқлайди. Ушбу масканларда фақат китоб савдоси билан чекланиб қолинмай, китобхонликни тарғиб қилиш билан боғлиқ турли маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилаётир. Тоғли туманда очилган бу китоб дўкони ҳам юртдошларимиз учун кенг маънодаги зиёхона бўлиб хизмат қилади.

“Келажакнинг нурли уфқлари” масъулияти чекланган жамияти томонидан очилган дўконда харидор ва китобхонлар учун барча қулайлик яратилган. Дастлабки босқичда бу ерга мактабгача ёшдаги болаларбоп, бадиий, илмий, оммабоп жанрларни қамраб олган 5 мингдан зиёд китоб келтирилди.

– Бу ерда китоб савдоси билан бирга, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади, – дейди “Келажакнинг нурли уфқлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари И.Юсупов. – Очилиш маросими доирасида 12-болалар мусиқа ва санъат мактаби, тумандаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, “Тараққиёт мезони” газетаси ҳамкорлигида “Китоб – тафаккур қуёши” мавзусида китобхонлик анжумани ўтказилди, таълим муассасаларининг китоблар кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбирда шоир ва ёзувчилар, маънавият тарғиботчилари Президентимизнинг китобхонликни ривожлантиришга қаратилган фармойишида белгиланган кенг кўламли чора-тадбирлар, уларнинг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялашдаги аҳамияти ҳақида сўзлади. Буюк мутафаккир аждодларимизнинг илм-маърифат, китоб ва мутолаа ҳақидаги дурдона фикрларидан иқтибослар келтирилди. Тадбир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги “Музаффар сўз” тўгараги, “Чортоқ ҳақиқати” газетаси қошидаги “Бўстон” ижодий уюшмаси ёш ижодкорларининг чиқишлари билан чинакам мушоирага айланиб кетди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
3 887






Все о погоде - Pogoda.uz