ЎзА Ўзбек

12.12.2019 Чоп этиш версияси

“Чингиз Айтматов феномени” номли китоб нашрдан чиқди

e3177587-4735-4780-808f-d5dd2698d1cb.jpg
Янги китоб
12 декабрь – ХХ асрнинг машҳур ёзувчиси, буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллуд топган кун. Ушбу қутлуғ сана арафасида академик Акмал Саидовнинг “Чингиз Айтматов феномени” номли китоби нашрдан чиқди. Китоб “Muharrir nashriyoti” томонидан рус тилида чоп этилди.

Ушбу асарда мумтоз адибнинг ижодий мероси ва дипломатик фаолияти ҳақида сўз боради. Муаллиф Чингиз Айтматов асарларидан хабардорлиги, шунингдек, кўп йиллар давомида Тошкент ва Москва, Париж ва Брюссель шаҳарларида ёзувчи билан шахсан бўлиб ўтган суҳбатлари асосида туғилган бой таассуротлари ва фикр-мулоҳазаларини қоғозга туширган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 апрелда қабул қилинган “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ёзувчининг шахси, унинг ижодий мероси билан бир қаторда, қардош қирғиз халқига ҳам бўлган чуқур ҳурматнинг ўзига хос намунаси бўлди.

Ушбу қарордан илҳомланиб, юртимиз қаламкашлари машҳур ёзувчи ижоди, ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳақида турли асарлар яратишмоқда. А.Саидовнинг янги китоби бу ижодий жараённинг узвий давомидир.

Чингиз Айтматов бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо эди. Адиб минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб борди.

Чингиз Айтматовнинг деярли барча асарлари ўзбек тилига таржима қилинган ва нашр этилган. Таржимонларимиз Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев атоқли адабиётшуносларимиз ва мунаққидларимиздан Озод Шарафиддинов, Бахтиёр Назаров, Одил Ёқубов, Паризод Мирзааҳмедова, Аҳмаджон Мелибоев, файласуфлар Қўчқор Хоназаров, Омонулла Файзуллаев ва бошқалар ёзувчи ижодини чуқур таҳлил этишган.

Ижодкор адолат ва ҳақиқат куйчиси сифатида халқларимизнинг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганлиги билан ҳам юракларимиздан жой олган. Унинг адабиёт ва миллат олдидаги хизматлари муносиб баҳоланиб, мустақиллик йилларида давлатимиз томонидан “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.

Маълумот учун: Чингиз Айтматов 1928 йил 12 декабрда Қирғизистонда – Талас вилоятининг Шакар қишлоғида таваллуд топган. 2008 йил 10 июнда Германиянинг Нюренберг шаҳрида, клиникада муолажа олаётган даврида оламдан ўтган. Сўнгра 14 июнда Бишкек шаҳри яқинидаги “Ота-Бейит” тарихий-мемориал мажмуасида дафн этилган.

Чингиз Айтматовнинг адиб, элчи, жамоат арбоби сифатидаги юксак салоҳияти ва хизматлари бутун дунёда тан олинган. У “Жамила” (1958), “Сарвқомат дилбарим” (1961), “Биринчи муаллим” (1962), “Алвидо, Гулсари” (1966), “Момо ер”, “Оқ кема” (1970), “Асрга татигулик кун” (1980), “Қиёмат” (1986), “Кассандра тамгаси” (1996), “Бир Баҳоий билан учрашув” (Чингиз Айтматовнинг Файзуллоҳ Номдор билан суҳбати, 1998), “Тоғлар қулаганда” (“Мангу қайлиқ”, 2006) каби асарлар муаллифидир.

ЮНЕСКО маълумотларига қараганда, Чингиз Айтматовнинг асарлари XXI бошига келиб 168 та мамлакатда 830 марта, умумий адади 67,2 миллион нусхада чоп этилган. Бу маълумотлардаги рақамлар эндиликда кундан-кунга ортиб бормоқда. Унинг кўплаб асарлари асосида фильмлар яратилди, томошабинлар уларни ҳозир ҳам қизиқиш билан томоша қилади.


3 037
ЎзА