ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Чўлпон ижоди – ёшлар нигоҳида

Чўлпон ижоди – ёшлар нигоҳида

Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида “Абдулҳамид Чўлпон ижоди – ёшлар нигоҳида” мавзуида маърифат дарси ўтказилди. Унда таниқли ёзувчи ва шоирлар, Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбарияти, устоз-мураббийлар ҳамда курсантлар иштирок этди.

Адабий кечада Абдулҳамид Чўлпоннинг ўзбек адабиётида тутган ўрни, бой мероси, мустақиллик йиллари адиб ижодини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маърузалар тингланди.

– Адабиётни ўрганиш миллий ўзликни англаш, маънавиятни юксалтиришга хизмат қилади, – деди таълим муассасаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Алишер Абдуллаев. – Мустақилликка эришганимиздан сўнг ўзбек адабиёти намояндаларининг ҳаёти ва ижодига бўлган эътибор янада кучайди. Маърифатпарвар адиб Абдулҳамид Чўлпон шеъриятида юртга муҳаббат ва садоқат, мустамлака зулмига нафрат, халқнинг миллий онгини юксалтириш каби ғоялар юксак маҳорат билан қаламга олинган. Шу маънода баркамол авлод таълим-тарбиясида адиб ижодининг ўзига хос аҳамияти бор.

Таъкидлаб ўтилганидек, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган хиёбон бугун чинакам маърифат ва маданият масканига айланди. Ушбу гўшада ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ўзбек адабиёти вакилларининг бой мероси ва ибратли умр йўлини ўрганиш ҳамда ёшлар орасида тарғиб этишга туртки бермоқда. Эзгу ишлар самараси ўлароқ, навқирон ўғил-қизлар орасидан ўзбек шеърияти давомчилари, янги-янги истеъдод эгалари етишиб чиқмоқда.

– Академияда Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганиш мақсадида кўрик-танловлар, мушоира ва адабий кечалар мунтазам ўтказиляпти, – деди 2-босқич курсанти Мафтуна Неъматова. – Айниқса, адиб номидаги стипендиянинг таъсис этилгани биз, ёшлар учун улкан имкониятлар эшигини очди. Бугунги тадбирда буюк бобокалонимиз ижодини ёдга олиш билан бирга, пойтахтимиздаги олий ўқув юртларида таълим олаётган тенгдошларимиз билан ижодий мулоқот қилдик.

Тадбирда иқтидорли курсантлар шоир ҳаётининг сўнгги кунлари ҳақида тайёрлаган саҳна кўринишини намойиш этди. Чўлпон шеъларидан ёд айтилиб, адиб ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Адабий кеча хиёбонда қад ростлаган Тошкент тарихи музейида давом этди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган ушбу замонавий маскан кўҳна кентнинг буюк ўтимишини ўзида мужассам этган, десак муболаға бўлмайди. Музейдан ўрин олган тарихий ашёлар, санъат асарлари намуналари ва бошқа осори-атиқалар курсантларда катта таассурот қолдирди.

Жамшид ХОЛОВ,
катта лейтенант

5 136
ЎзА