ЎзА Ўзбек

15.05.2019 15:29 Чоп этиш версияси

Cаййид оталиқ мадрасаси ҳамон қаровсиз (+фото)

Cаййид оталиқ мадрасаси ҳамон қаровсиз (+фото)

Денов туманидаги Саййид оталиқ мадрасасининг бугунги аянчли аҳволи газетада танқид қилинган бўлса-да, ҳамон қаровсиз аҳволда. Бундан мутасаддилар, вилоят, туман раҳбарлари газета ўқимайди, деган хулосага келиш мумкин.

"Milliy tiklanish" газетасининг 2018 йилги 26 сентябрь сонида “Фотоайбнома” рукни остида “Саййид оталиқ мадрасаси эътиборга муҳтож” сарлавҳали материал эълон қилинган эди. Унда Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги Саййид оталиқ мадрасаси (XVI асрда бунёд этилган) бугунги кунда аянчли ҳолатга келиб қолгани, меъморий ёдгорлик ҳовлисидаги тартибсизлик, ён-атрофдаги ёқимсиз манзаралар, биринчи қаватидаги мадраса ҳужраларидан асосан омборхона, ошхона ва ётоқхона сифатида фойдаланилаётгани танқид қилинган, таҳририят ушбу мавзуга яна қайтиши билдирилган эди.

photo5395832599139691041.jpg

Мадрасанинг бугунги ҳолатини кўриб, азалдан илм-фан ва маданиятнинг йирик марказларидан бири бўлиб келган Деновда моддий-маданий мерос объектларига муносабат наҳотки шундай бўлса, деб ишонгингиз келмайди. Хожа Алоуддин Атторнинг фарзандлари-ю набиралари 26 йил давомида барпо қилган ушбу мадраса шундай абгор аҳволга тушганини наҳотки, туман мутасаддилари, маҳаллий Кенгаш депутатлари кўрмаган ё билмаган бўлса?!

photo5395832599139691042.jpg

“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколат доирасида ўз ҳудудларида жойлашган маданий мерос объектларини ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, асраши, умуман, бу борадаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлаши лозимлиги белгилаб қўйилган. Лекин, таъбир жоиз бўлса, тилсиз-забонсиз Саййид оталиқ мадрасаси ҳамон “менга ҳам кимдир эътибор қаратармикан” деб кутиб тургандай. Эски ҳаммом, эски тос деганларидек, мадрасадаги аҳвол кун сайин ёмонлашса-ёмонлашаяптики, яхши томонга ўзгаргани йўқ.

photo5395832599139691043.jpg

Ҳолбуки, 2017 йилнинг 28 июнида халқ депутатлари Денов туман Кенгаши сессиясига ЎзМТДП гуруҳи томонидан “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг тумандаги ижросини тўлиқ ва самарали таъминлаш мақсадида ҳудуддаги мавжуд тарихий иншоотларни таъмирлаш, ободонлаштириш, уларни ички ва ташқи туризм ривожига ҳисса қўшадиган масканга айлантириш масаласи киритилган. Қизғин муҳокамадан сўнг ушбу масала бир овоздан маъқулланган, сессия бу ҳақда қарор қабул қилган, бир қатор вазифалар белгилаб олинган эди.

photo5395832599139691044.jpg

Ҳайратланарлиси, орадан қарийб икки йил ўтаётган бўлса-да, Денов тумани мутасаддилари сессия қарори ижросини ҳамон таъминламаяпти. Фақат кўзбўямачилик ёки ҳисобот учун қабул қининган бундай қарор кимга ва нимага керак? Бу билан кимни алдаяпмиз?

photo5395832599139691045.jpg

“Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинган. Мазкур қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ташкил этилди. Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш ва улардан оқилона фойдаланиш каби муҳим йўналишлар Департаментнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Ҳайрон қоламиз, наҳот Денов тумани мутасаддилари, Сурхондарё вилоятидаги тегишли идоралар давлатимиз раҳбарининг мазкур қароридан бехабар бўлса?! Маданият вазирлиги-чи?

Равшан МАҲМУДОВ

ЎзА
2 639