Буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний асарларининг танланган VIII жилди нашр этилди
2019 йилда буюк қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳаракатланиш йўли”, “Зижлар ёғдуси” ва “Хариташунослик” асарларидан таркиб топган VIII жилди чоп қилинди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.
2019 йилда буюк қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳаракатланиш йўли”, “Зижлар ёғдуси” ва “Хариташунослик” асарларидан таркиб топган VIII жилди чоп қилинди.
“Ҳаракатланиш йўли” асари кўк ёритқичларининг осмонда аниқ бир йўналишда ҳаракатланиши ва юлдузлар илмига бағишланган.
“Зижлар ёғдуси” банарослик Вижай Нандининг фалакиёт илмига оид ҳиндийча “Каран тилак” асаридир. Беруний бу асар таржимаси матнини бошқа ҳинд зижлари билан тўлдирган ва уларни шарҳлаб, фикрларини баён қилган.
“Хариташунослик” мазкур жилддан ўрин олган учинчи асардир. Беруний бу асарда фазонинг текисликда акс эттирилиши ва ўзи кашф этган “цилиндр проэксияси”ни қисқача шарҳлагач, фазони текисликда ифодалашнинг “шарли” ва “доирали проэксия” усулларини тушунтиради.
Мазкур жилдни ЎзР ФА Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, техника фанлари номзоди Ашраф Аҳмедов сўзбоши ва изоҳлар билан нашрга тайёрлаган. Бу асар мутахассислар, тадқиқотчилар, талабалар, шунингдек, фалакиёт ҳамда хариташунослик илми билан қизиқувчилар учун фойдалидир.