ЎзА Ўзбек

08.11.2018 11:33 Чоп этиш версияси

Буюк адиб асарлари барҳаёт

Буюк адиб асарлари барҳаёт

Жиззах вилояти мусиқали драма театрида атоқли адиб Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб “Чингизхоннинг оқ булути” асари саҳналаштирилди.

Чингиз Айтматов ушбу асарида Чингизхонни тарихий шахс сифатида тасвирлаб, унинг табиати, характери болалигиданоқ шакллана бошлаганига урғу беради. Чингизхон ҳали Темучин деб аталган болалик чоғидаёқ бошқалардан ўч олишда, ўз мақсадига етишда ҳар қандай ёвузликдан қайтмайдиган бўлади. У сувдан тутилган балиқни талашиб, ўзининг укаси Бектерни ўқ-ёй билан отиб ўлдириб қўяди.

Театр ижодий жамоаси инсоният тарихининг фожиасини саҳнада муваффақиятли акс эттирган. Спектаклдаги асосий ролларни театр актёрлари Бахтиёр Холматов, Бахтиёр Эшматов, Жамила Деҳқоновалар маҳорат билан ижро этган. Улар томонидан юзбоши Эрдене билан қўшин туғларига гул тикадиган каштадўз Дўғулангнинг аянчли фожиаси саҳнада ишончли тасвирлаб берилган. Ҳокимиятнинг куч-қудрати, забтидан икки ёш ошкора оила қуришга муяссар бўла олмаслиги фақат шу икки инсоннинг эмас, инсониятнинг фожиаси эканлиги саҳнада ўз аксини топган.

Икки ёш қатл этилади. Фалокат рўй берган жойда Дўғулангнинг дугонаси Олтун норасидани қучоқлаганича қолаверди. Қорни очиққан гўдак дала-даштни бузиб дод солиб йиғлайверади. Ўшанда мўъжиза рўй беради – уларнинг тепасига оқ булут келиб соя солади, умрида бола эмизмаган, турмушга чиқмаган қари қизнинг кўкрагидан сут кела бошлайди.

Янги спектаклни театрнинг ёш режиссёри Умид Норматов яқинда ўтадиган “Дебют-18” республика кўрик-фестивалига тайёрлаган. Асар мутахассислар кўригидан муваффақиятли ўтиб, фестивалга тавсия қилинди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА​​
1 767