Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.08.2017 18:26 Чоп этиш версияси

Бундай эътибор ижодкорларга илҳом бағишлайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир" номли маърузасини тинглаб...

Ижод илоҳий жараён, кўнгил денгизидаги сукунат оғушидан туйғуларнинг пўртана бўлиб юзага чиқишидир. Ҳар қандай асар ижодкорнинг қалб қўрида тобланиб, онг ва юрак чашмалари билан суғорилган машаққатли меҳнатининг мевасидир. Шунинг учун ижод аҳлининг кўнгли нозик, дейишади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 3 август куни миллий маданиятимизнинг намояндалари билан учрашувдаги самимий дил сўзлари, "адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор – бу аввало халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор", дея соҳага берган юксак баҳоси билан бирга "ҳозирги кунда маданият ва санъат аҳлида фаоллик, янги-янги ижодий ғоя ва ташаббуслар билан яшаш, изланиш руҳи етишмаяпти", дея фаолиятимизга билдирган холисона ва танқидий фикрлари, бу борада ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлари ўзини ижодкор деган ҳар бир кишига янги куч-ғайрат, илҳом бағишлагани шубҳасиздир.

Мустақиллик йилларида ижодкорларга зарур шароит ва имкониятларни яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш истеъдод эгаларини кашф этиш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Биргина мусиқа санъатида юртимизда "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалининг ташкил этилиши, "Ниҳол" давлат мукофотининг таъсис этилиши, "Ягонасан, муқаддас Ватан!" сингари қатор кўрик-танловларнинг мунтазам ўтказилиши бунинг яққол мисолидир.

Бугун Ўзбекистон тараққиёт йўли янги, юксак босқичга кўтарилди. Барча жабҳаларда янгиланиш ва ўзгаришларга гувоҳ бўляпмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб белгиланди ва халқимизнинг ҳаёт фаровонлигини, эзгу орзу-умидларининг рўёбини таъминлаш, уларнинг ташвиш ва муаммоларини бартараф этиш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда.

Ижодкорлар билан учрашувда ҳам Президентимизнинг маданият ва санъат ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар, соҳадаги мавжуд камчиликлар, ижодкорларни қийнаб келаётган ташвишларни бартараф этиш бўйича берган илҳомбахш таклифлари, қарор лойиҳалари барчамизнинг дилимизни мунаввар этди.

Президентимизнинг вилоятдан келган ёш ижодкорларнинг уй-жой масаласи билан боғлиқ муаммосини ҳал этиш учун Тошкент ва Нукус шаҳарларида, барча вилоятлар марказларида имтиёзли кредит асосида “Ижодкорлар уйлари” барпо этилиб, истеъдодли ёш ижодкорларга квартиралар берилиши, уларни Тошкентда доимий рўйхатдан ўтказиш бўйича таклифини ижод аҳли катта ҳаяжон билан кутиб олди. Вилоятлардаги дўстларимиз "Шу гап ростми? Чиндан ҳам ижодкорларга шундай катта имкониятлар яратиладими?" дея қайта-қайта сўрамоқда.

Шу ўринда ўзим бошимдан кечирган бир воқеани айтиб берай. Гуруч курмаксиз бўлмайди, дегандай, инсон ҳаётида фақат яхши ва қувончли лаҳзалар бўлавермайди. Ҳаёт шуниси билан қизиқ-да. Баъзида арзимаган муаммо, кичик бир ташвиш инсон ҳаётини бутунлай бошқа ўзанга буриб юбориши мумкин. Мен ҳам ўқишни тамомлаб, бир неча танловларда муваффақиятли қатнашиб, пойтахтда ижод қилаётган кезларимда уй-жой билан боғлиқ муаммо ва Тошкентда доимий рўйхатдан ўтмаганлигим сабаб ишдан бўшашимга ва Германияга кетиб, икки йил ўзга юртда ишлашимга тўғри келган. Кейинчалик қатор давлатлардаги нуфузли санъат муассасаларидан, жумладан, Москвадаги Крокус Сити Холлдан таклифлар тушган, ижодимни уларнинг юртида давом эттиришим эвазига барча шароитларни яратишга ваъда беришган.

Лекин Ватан соғинчи, ўз юртимда ижод қилиш, миллий санъатимиз равнақига ҳисса қўшиш, жаҳон саҳналарида юртим номидан опера куйлаш истаги менга тинчлик бермасди.

Ватанимга қайтиб, Ўзбекистон давлат консерваториясида фаолиятимни бошладим ва яна ўша муаммо "ижара уйимнинг эшигини тинмай тақиллатаверди". Ўша кезлари мамлакатимиз раҳбарияти томонидан пойтахтда ижод қилишимга улкан имконият яратилгани – Тошкент марказидан, Навоий кўчасида бунёд этилган замонавий кўп қаватли турар жойдан битта хонадон совға қилингани ва доимий рўйхат масаласи ҳал қилиб берилгани мен учун кутилмаган ва ажойиб туҳфа бўлди. Зеро, оилам билан Тошкентда яшаш, ижод қилиш учун, аввало, шароит зарур эди. Бу ўз ишимга, санъатимга янада масъулият ва меҳр билан ёндашишимга туртки бўлди.

Мен буни бежиз эсга олмаяпман. Вилоятларимизда, энг чекка қишлоқларимизда истеъдодли ёшлар кўп. Улар ҳам ижод қилгиси, ўз истеъдоди билан маданият ва санъат равнақига ҳисса қўшгиси келади. Аммо пойтахтда ё вилоят марказида уйи йўқлигидан кўпчилиги қишлоғига қайтади ва машҳур фильмда айтилганидек "тоғу тошлар орасида номи чиқмай" қолиб кетади. Бу ёрқин бир истеъдоднинг ҳали гулламай туриб, сўлишидай гап.

Учрашувда Президентимиз маданият соҳасида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшларимизни ҳақиқий санъатни англашга ўргатиш, уларнинг эстетик оламини соғлом асосда шакллантириш бўйича олдимизда жуда муҳим вазифалар турганини куюнчаклик билан таъкидлади. Бу виждони уйғоқ, ўз ишига садоқат ва фидойилик билан ёндашадиган ҳар бир санъаткорни ташвишлантирмай қўймайди.

Дарҳақиқат, бугун айрим "ҳамкасбларимиз" санъатга фақатгина даромад манбаи, машҳурликка элтувчи йўл сифатида қарайди ва ўзининг дунёқарашига яраша "ижод" қилади. Унинг "ижод маҳсули" халқ, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод онгига салбий таъсир кўрсатади. Енгил-елпи куй-қўшиқлар, олди-қочди клиплар одамнинг дидини ўлдиради, маънавий оламига путур етказади. Бу ўнглаб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши аниқ. Шу маънода Президентимизнинг “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошида “Ўзбекистон халқ артистлари” клубини ташкил этиш ҳақидаги таклифи бизни жуда қувонтирди. Ахир, устоз санъаткорларимиз билан ижодий мулоқот қилиш, уларнинг ҳаёт тажрибаларини ўрганиш, санъаткор масъулияти, маданияти ҳақида фикрлашиш ёш истеъдодлар учун катта ҳаётий тажриба мактаби бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳаси, консерватория фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун унинг ҳузурида махсус фонд тузиш, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки консерваториянинг "дўстлар клубини" тузиб, унга ҳомийлик қилиши бўйича таклифлари ушбу таълим даргоҳида фаолият юритаётган кўплаб устоз-ҳамкасбларимиз қатори мени чексиз қувонтирди.

Чунки баъзи пайтлари ёш ижодкорлар ўртасида биронта кўрик-танлов ўтказиш ё уларни хорижий давлатлардаги нуфузли танловларга юборишда маблағ масаласи билан боғлиқ муаммо кўндаланг бўлиб турар ва айрим ҳолларда у ўз ечимини топмай ҳам қоларди. Энди бундай муаммолар бартараф этилади. Энди ижодкорлар фақатгина ижод билан шуғулланиб, ўз устида тинимсиз ишлаб, яхши-яхши санъат асарлари яратишга ўзида куч, илҳом, иштиёқ топади.

Президентимизнинг устоз санъаткорлар, халқ артистларининг санъат коллежи ёки мусиқа мактабига раҳбарлик қилиши, шогирдлар етиштириш борасидаги таклифи ёш истеъдодларни тарбиялашда, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришда, иқтидорли ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Халқимиз санъатсевар, санъаткорларни ҳурмат қиладиган, уларни яхши кўрадиган халқ. Энди тасаввур қилинг, эл суйган санъаткор санъат коллежи ёки мусиқа мактабининг директори бўлса ва ўша таълим даргоҳи билан боғлиқ бирон масала юзасидан кимгадир мурожаат қилса, унинг обрў-эътибори, ҳурматини жойига қўядиган ҳар бир киши бу масалани ижобий ҳал қилиб бериши аниқ. Қолаверса, "Мен фалон санъаткорнинг мактабида ўқидим!" деган гап ёш иқтидор эгасига ўзгача ғурур, кайфият бағишлайди ва, албатта, масъулият юклайди.

Давлатимиз раҳбарининг адабиёт, маданият, санъат, оммавий ахборот воситалари соҳасига қаратаётган улкан эътибори ижод аҳли орзу-умидларининг рўёбга чиқишида, бор куч-ғайратини сарфлаб, янада кўпроқ ижод қилишига, миллий маънавиятимиз равнақига ҳисса қўшишида улкан илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Президентимиз айтганидек, насиб қилса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз бўлади.

Женисбек Пиязов,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист,
Ўзбекистон давлат консерваторияси
мусиқали театр-студияси опера солисти.

ЎзА
4 138






Все о погоде - Pogoda.uz