ЎзА Ўзбек

15.09.2020 Чоп этиш версияси

Бухоро амирининг наҳори дастурхони

Бухоро амирининг наҳори дастурхони

XIX аср охири XX аср бошларида ҳукмрон бўлган амирлик саройидаги пазандачилик, амирнинг кундалик овқатланиш тартиби, умуман таом истеъмол қилишда ҳукмрон табақа ва камбағал халқ ўртасидаги фарқлартўғрисида баъзи маълумотлар А.Фитрат ҳамда М.С.Андреев ва О.Д.Чеховичлар асарларида келтирилади.

Хусусан, М.С.Андреев ва О.Д.Чеховичлар томонидан ёзилган Арк (Кремль Бухары) - “Бухоро арки” асарининг “Бухоро амирининг бир куни” деб номланган махсус бобида амир дастурхонига тортиладиган таомлар хиллари, уларни истеъмол қилиш тартиблари, жумладан, амирнинг овқатланиш этикети ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирганлар.

Дастурхончи лавозимига асосан Ўрда қушбегиси (Бухорода қушбеги боло дейилган) оиласи таркибидан қушбегининг ўғли ва кичик укаси амир нонуштаси (наҳори)ни тайёрлаган. Наҳори - бомдод намозидан кейинги нонушта деганидир. Бухорода бугунги кунда ҳам ушбу атама эрталабки никоҳ тўйида бериладиган ош-палов - “наҳор оши” (“оши наҳори”)га нисбатан ҳам қўлланилади.

Дастурхончи вазифаси ўта нозиклиги, мураккаблиги билан ажралиб турган. Чунки, пазандалар пиширган таомларнинг амир соғлигига зарар етказмаслиги учун дастурхончи жавобгар, яъни масъул бўлган. У наҳорги нонушта дастурхонини ёйиб, биринчи бўлиб лаълида нон келтириб қўяди. Шундан сўнг эса, катта косада сузилган “ширчой”, “ош-палов”, “кабоб”, “кала-поча”, қайнатилган “нўхат ва гўшт”, “ширгурунч” каби таомлар бир пайтнинг ўзида бирин-кетин амир дастурхонига тортилган.

Нон азалдан дастурхоннинг нафақат кўрки, безаги, балки қоринни тўқ тутувчи егулик деб ҳам тан олинган. Шунинг учун халқда“нон қориннинг девори” сингари нақл беҳуда яратилмаган. Юқоридаги асар муаллифлари этнограф А.К.Писарчик томонидан ёзиб олинган, Нуротада кенг тарқалган қуйидаги “нонни сувга ивитмай есанг, жигарингнинг қонига ивийди” нақлини келтиришади. Мазкур нақлни этнологик нуқтаи назардан таҳлил этганда шу маълум бўладики, биргина Нуротада эмас, балки Бухоро воҳаси аҳолиси ҳам тандирдан чиққан иссиқ нонни сувга ивитиб истеъмол қилиш одатига қатъий риоя қилишган. Чунки халқда тандир оловида “куйиб”, пишиб чиққан нон совуқ сувга ивитилса, “муродимга етдим” деб, нон росса роҳатланармиш сингари халқ эътиқодий қарашлари мавжуд.

Бутун Ўрта Осиёга кенг ёйилган, яъни егуликларни истеъмол қилишни нондан бошлаш керак деган одатга Бухоро амири ҳам қатъий амал қилган. Шунинг учун қўлига ноннинг бир бўлакчасини олиб, дастлаб чойга ивитиб, кейин оғзига солган. Шундан сўнг эса пиёладаги чойни ичиб, Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида келтирилган қадимий ҳолвайитар ва ширгурунчни истеъмол қилишга ўтган, кала-почадан ҳам бир оз бўлсада таътиб кўрган. Одатдагидай, нонуштада паловга қўл урмаган. Бухорода фақат нонуштада танаввул қилинган ширчой таоми ўзига хос усулда пиширилган. Қовурилган гўштдан тайёрланган таом ҳам амир дастурхонига тортилган.

Амир овқатланиш жараёнига тегишли этикет, яъни тартиб-қоидалар ҳам асарда баён этилган. Таом тановвул қилиб турган пайтда дастурхончи ҳам хонани тарк этиб, амир паноҳида, яъни кўланкасида турган. Бироқ, икки навбатчи маҳрам эса бошқа хонада туриб, амир ишорасини кутишган. Амир ўз подшоҳлик обрўсини сақламоқ учун фақат якка ўзи, биров билан баҳам кўрмай таомни тановвул қилган. Амир даражасига, насл-насабига ва шарафигатенг келадиган шахснинг йўқлигиҳам унинг якка ўзи овқатланиши учун асос бўлган.

Амир ёнида доимий навбатчилик вазифасида турган маҳрамларнинг ҳам таом тановвули жараёнида хонадан чиқиб кетишлари, фақат узоқдан, қўшни хона эшигидан амир ишорасини кутиб туришлари қоидага киритилган.

Маълумки, Ўрта Осиёнинг асосан ўтроқ аҳолиси орасида кенг тарқалган тасаввурларидан бири бу биров овқатланиб турганида унинг олдига келиб, оғзига қараб туриш ножўя, яхши иш эмаслигига, суқ, ҳасад билан қараш таом баракасини учиришига, унинг роҳатбахшлигини бузишига, суқланган кўз орқали ёмон ҳислар юқиши ва натижада таомнинг заҳарланишига ишонилган. Ушбу тасаввурга кўра халқ орасида ўзига хос қуйидаги анъана яратилган: агарбир неча кишилар бирор жойда масалан, йўлдаовқатланмоқчи бўлишса, улар бирлашиб бирор алоҳида жой танлашади ва ўша ерда бегона кўздан, яшириниб таом истеъмол қилишади. Халқимизда хонадон аҳли дастурхон атрофида овқатланиб турганида кириб келган каттаю кичикни таом дастурхонига таклиф этиш одатига амал қилинган.Бундан кўзланган мақсад худди мана шу бегоналар ҳам таомдан баҳраманд бўлиб, яхши кўз билан бир-бирларига қарашлари, таом шукронасини қилишларидир.

Тадқиқотчилар гарчанд амир якка ўзи овқатлансада, бу жараённинг ўзига хос умумийлиги кўзга ташланишини, яъни Бухоро амири билан бир вақтда унинг мулозимлари, хизматкорлари ўзларига тегишли жойларда овқатланганларини (масалан, шаҳардан ташқари боғларда) таъкидлашади. Демак, Бухоро аҳли учун наҳорги дастурхоннинг бир вақтда ёйилиши, дастурхоннинг ҳаммани бирлаштириши одати овқатланиш маданиятининг ўзига хос кўринишидир.

Амир овқатланиб бўлганлиги ҳақида бошини силкитиб, ишора бергандан кейин, узоқдан унинг ҳаракатларини кузатиб турган икки удайчидан бири (навбат билан албатта эрталаб ўнг қўл удайчи, аср намозидан сўнг чап қўл удайчи) баланд овозда қўл кўтариб, наҳорги дастурхонга танаввул қилинган таомларга унинг шукронаси сифатида дуойи – фотиҳа қилади.

Амир дастурхонидаги ейилмай, ортиб қолган таомларни кимларга тақсимлаш буйруғини ҳам ўзи беради. Асарда бу ҳақда қуйидаги фикр келтирилган: “Мирзахонага мирзадафтардорга (давлатнинг барча солиқларини ҳисобловчи ва кузатувчига), бу икки таомни эса иккала удайчига, кала-почани дарбонга, нўхат шўрва ва ширчойни маҳрамлар ва бошқаларга олиб боринг”.

Ҳар бир халқнинг анъанавий миллий таомлари ўша халққа хос моддий маданиятнинг муҳимтаркибий қисмларидан бири бўлиб, ушбу халқ ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий шароити билан узвий боғланган. Айнан таомлар халққа хос этник хусусиятнинг сезиларли даражада барқарорлигига эга ва тарихан шаклланган анъаналарнинг узоқ сақланишини кўрсатувчи унсурдир. Биз этнологик таҳлил этган Бухоро амири наҳори дастурхони таомлари ҳам тарихан шаклланган анъана бўлиб, унда бухороликларга хос этник феномен ўз аксини топган. Ушбу анъанавий феномен таомлар билан боғлиқ нафақат юқори табақа, балки оддий халқ овқатланиш маданиятини ўрганишда муҳим воситадир.

Манзила ҚУРБОНОВА,
Бухоро давлат университети
Бухоро тарихи кафедраси
доценти, тарих фанлари номзоди

13 743
ЎзА