ЎзА Ўзбек

15.09.2020 Чоп этиш версияси

​Бугунги сифатли фан, таълим – эртанги келажак

​Бугунги сифатли фан, таълим – эртанги келажак


Шундай гап бор – тараққиёт манзили сари ошиқаётган жамиятда инсон ақлу заковатисиз ўз ўрнига эга бўлиши амри маҳол. Ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт йўлига назар ташласак, уларнинг аксари илм-фан ривожи ва иқтидорли ёшлари билан шу даражага етганига гувоҳ бўламиз. Зеро, буюклар айтганидек, бугун катта моддий бойликларга эга ўлкалар эмас, иқтидорли ва салоҳиятли ёшлари бор давлатларгина чинакам фаровонликка эришмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон ривожланишининг янги босқичида барча соҳаларда ислоҳотлар амалга ошириб келиняпти. Бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти шаклланмоқда. Глобаллашув жараёни ҳар бир давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқишни ва рўёбга чиқаришни талаб қилади. Президентимизнинг ташаббуслари билан 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ва 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5313-сон, “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 29 апрелдаги ПФ-5712-сонли Фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сонли фармонларини яратилиши янги Ўзбекистон таълим тизимини барпо этишда катта роль ўйнамоқда.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида: “Ўзбекистоннинг 10 та олий таълим муассасаси 2030 йилга бориб халқаро ташкилотлар мингталигидан жой олиши керак”. Бу вазифа, бутун жамиятга куч бағишлаши тайин. Худди шу тарихий ҳужжатда: “Узоқ истиқболдаги мақсадли вазифалардан келиб чиқиб, олий таълим тизимини ривожлантириш қуйидаги устувор йўналишлар асосида амалга оширилади:

- олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш;

- таълим жараёнига рақамли технологиялар ва замонавий усулларни жорий этиш;

- олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш;

- маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар таъсирчанлигини ошириш;

Хусусан, таълимнинг ривожи билан бутун бир давлатнинг келажагини белгилаш мумкин. Республикамиздаги таълим соҳасининг ривожланишида биз албатта ривожланган хорижий давлатлар тажрибаларидан кенг фойдаланишга катта эътибор беришимиз зарур. Шу боисдан давлатимизда ташкил этилган дунёнинг энг салоҳиятли олий ўқув даргоҳларидан Англиянинг Вестминистр университети, Италиянинг Турин политехника институти, Сингапур менежментни ривожлантириш олийгоҳи, Жанубий Кореянинг ИНХА коммуникацион технологиялар университети, Россиянинг Губкин номидаги нефт ва газ университети, Ломоносов университети ва Г.В.Плеханов номли иқтисодиёт университети филиалларининг ташкил этилгани ҳам таълим тизимининг жаҳон талабларига мос ривожланиши омили ҳисобланади. Жаҳон таълим соҳасидаги энг илғор ютуқларни кузатганимизда уларда мавжуд бўлган инновацияларни жорий этишимиз миллий таълим тизимимиздаги ижобий ўзгаришларга олиб келади. Шунга кўра қуйида биз жаҳонда ривожланиш даражаси юқори кўрсаткичларни эгаллаган давлатлар тажрибасини кўриб ўтамиз.

Масалан, маорифга улкан сармоя киритиб, юксак натижаларга эришаётган давлатлардан бири – Сингапурдир. Сингапур Буюк Британия мустамлакаси бўлган даврда унинг саноати асосан минерал ёқилғи ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган эди. Шунга қарамай, ўша даврдаёқ таълим тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Сингапур илмий-техник ривожланиш соҳасида жаҳонда етакчи мамлакатлардан бирига айланди. Айни пайтда бу мамлакат ер шарида 10 минг киши ҳисобига олимлар кўпчиликни ташкил этадиган беш мамлакат қаторидан жой олган. Сингапур ялпи ички маҳсулотга нисбатан илмий-тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишларига маблағ сарфлаш даражаси бўйича ўзининг собиқ мустамлакачиси Буюк Британиядан хам олдинда туради. Сингапурда бошланғич мактаб мажбурий ва пуллик. Таълим вазирлиги бюджети, Мудофаа вазирлигидан кейин иккинчи ўринда. Сингапурдаги ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш тизими уларга ўз-ўзини ривожлантириш учун кенг имкониятларни тақдим этади. Жумладан, барча ўқитувчиларнинг 35 фоизи ҳар йили раҳбар лавозимига сайланади.

Дунё таълим йўналишларида Жанубий Корея таълим тизими ҳам етакчи ўринни эгаллайди. Бугун унинг илмий салоҳияти янада шиддат билан юксалмоқда. Бу фикрларнинг исботи сифатида Илмий юксалишни баҳолаш халқаро ташкилоти (IAEP) томонидан 2015 йил 19 мамлакат талабалари орасидан 18 ёшли ўсмирлар учун эгалланган таълим сифатини ифодаловчи мониторинг тадқиқотларида Жанубий Корея ёшлари биринчи ўринни эгалладилар. Бундан кейинги беш йилликда ҳам улар асосий ўринларда қолишмоқда. 1970 йилларга келиб Жанубий Кореяда таълимнинг ривожланиши бошқа ривожланган давлатлар тизимидан импорт қилиш кўринишида шаклланди. Жанубий Кореяда бу ҳолат асосан АҚШ таъсири негизида юз берди.

Жанубий Кореяда мажбурий умумий ўрта таълим 6 йилдан иборат бўлиб, таълим 7 ёшдан бошланади. Таълимнинг кейинги босқичи бўлган касбга йўналтириш 13 ёшдан бошланади. Ўзбекистонда эса ўрта махсус касб-ҳунар таълими 16 ёшдан бошланади.

Бугунги кунда Жанубий Корея таълим тизимида эришилаётган юқори натижалар омили қуйидагилар:

- Корея халқида таълимга бўлган иштиёқнинг юқорилиги;

- Таълим тизимида педагогларнинг аксарияти эркалардан иборат эканлиги тизимнинг қатъий ривожланиш омили бўлиб хизмат қилади;

- Ёшларнинг таълим олишида уларнинг ота-оналари ҳам доимий ёрдам беришади.

Миллий жиҳатдан умуминсоний хусусиятларга эга бўлган яна бир Осиё давлати – Япония таълим тизими ва у эришаётган ютуқлари ўрганса бўладиган жиҳатларга эга.

Япония таълим тизими 1949 йилда қабул қилинган 6+3+3+2/4 шаклидан, яъни 6 йиллик бошланғич таълим, 3 йиллик ўрта таълим ва яна 3 йиллик махсус малакани берувчи таълим босқичидан иборат бўлган. Бугунги кунда Япония таълим тизимининг бошқарув структураси барча таълим тизимлари муассасалари фаолияти учун ягона Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги (MEXT) орқали бошқарилади. Бу вазирликка умумий ўрта, ўрта махсус касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари бўйсинади. Япония таълим тизими марказлашган кўринишга эга.

Бугунги кунда Японияда эришилаётган юқори кўрсаткичлар сабабини мутахассислар қуйидаги хусусиятларда деб кўрсатмоқда:

- Япон таълим тизимининг илк босқичлардаёқ илмий тажрибалар билан шуғулланиш ва кашфиётчилик хусусиятларининг ўқувчида ривожланиб боришига туртки бўлади;

- Япон таълим тизимида хусусий сектор ҳажмининг ортиши хусусияти, бошқа соҳалардаги каби рақобат муҳитини ривожланганлиги;

- Халқаро хусусиятларнинг мавжудлиги, барча таълим муассасаларида имтиҳон ва тест синовлари инглиз тилида япон тили билан бир хил даражада амалга оширилиши ва тараққий этган Европа давлатлари тажрибалари тил орқали янада тезроқ ўзлаштирилаётганлиги;

- Илмий тадқиқот ташкилотлари бевосита таълим тизимларида фаолият олиб бориб таълим муассасалари фаолияти натижаларига уларнинг масъуллиги ва тўғридан-тўғри жавобгарлиги билан илмий янгиликлар амалиётга тезкор тадбиқ этилаётганлиги;

- Таълим тизими ўқув дастурлари хар йилда янгиланиши ва такомиллаштирилиши хусусияти фан йўналишларидаги замонавий янгиликлар, ўзгаришларнинг ўқув дастурларда акс эттирилиши таълим мазмунининг йилдан-йилга мазмун-моҳияти такомиллашиб бораётганлиги;

- Таълим тизими босқичлари жараёнларидаги имтиҳон назоратлари талабларининг юқорилиги ва кескин чоралар кўрилиши хусусияти ўқувчиларда масъулиятни оширишга сабаб бўлади ягона таълим тизими бошқаруви орқали касбга йўналтириш жараёни ҳам ҳар бир ўқувчи билим қобилиятига асосан ихтисослаштириш талаблари асосида маълум йўналиш бўйича таълимнинг кейинги тизимларига ўтказилиши муҳим жиҳат ҳисобланади.

Бугун таълим иқтисодий ва илмий-техник тараққиётнинг ҳал қилувчи омили, жамиятнинг ижтимоий тузилмасини шакллантириш, унда ижтимоий мақомларни тақсимлаш механизми ҳисобланади. Буни айни пайтда хорижий давлатларда таълим тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш орқали юксак билим ва кўникмаларга эга кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан ҳам тушуниш мумкин.

Бугунги кунда илм-фан тараққиётга кимлар кўп ҳисса қўшмоқда? -деган саволга “Nеwzо” маълумотларига асосланиб - АҚШ ва Хитой дейиш мумкин. Илмий журналларда чоп этилаётган ҳар тўртинчи мақола муаллифи - америкалик, ҳар беш-олтинчи мақола - хитойликники. Дунё иқтисодиёти тизгини илм-фанда етакчи бу икки мамлакат измида - бу тасодиф эмас. Шартли равишда “кучли ўнлик” тузадиган бўлсак, кейинги ўринларда Буюк Британия, Германия, Япония, Ҳиндистон, Франция, Канада, Сингапур ва Жанубий Корея. Юқоридаги давлатлар ва улар жойлашган минтақаларнинг ҳар бир соҳада юксак даражада ривожланганлиги ва ривожланаётганлиги, албатта, илм-фан асосидадир”.

Дарҳақиқат, сўнги йилларда Ўзбекистон Республикасида ҳар бир соҳа ривожланишга асос бўлиб хизмат қиладиган илм-фан ва таълимда ҳам кўплаб қарор ва фармонлар чиқарилмоқда ва қўшни мамлакатлар ҳамда ривожланган минтақа давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Хулоса ва таклифлар

1. Олий таълимни ривожлантириш миллий стратегия устуворликлари билан белгиланади. Меҳнат тақсимотида олий таълим сифатини ошириш ҳамда имкониятларини кенгайтириш тақозо этилади. Бу эса ривожланиб бораётган инновацион иқтисодиётда инсонларнинг тўлақонли иштирок этиши ва шу йўл билан ўз фаровонлигини таъминлаш имконини беради.

2. Бугунги кунда олий таълимдан илмий-техник ютуқлар ва инновация соҳасида юқори даражали қўшимча қийматни яратиш қобилияти талаб этилмоқда. Бунда олий таълим сифати иқтисодий барқарорлик кафолати ҳисобланади.

3. Олий таълим сифатини иқтисодий жиҳатдан таҳлил этиш, молиявий, иқтисодий ва бошқарув муаммоларини аниқлаш, ОТМнинг ташқи ва ички омилларининг доимий ўзгариши шароитида белгиланган мақсадларга эриша олиш қобилиятини баҳолаш ва прогнозлаш иқтисодий диагностиканинг қоидаларига қатъий риоя қилишни талаб этади. Шу жиҳатдан, иқтисодий диагностика орқали сарфланадиган харажатларнинг таълим сифатига таъсирини аниқлаш ва кутилаётган самара билан таққослаш муҳим аҳамият касб этади.

4. Олий таълим сифати иқтисодий диагностикаси ва уни моделлаштириш мураккаб жараён ҳисобланади. Мазкур жараён турли хил мазмундаги кўрсаткичларни бирлаштиришда содир бўлади (масалан, таълим хизматлари ҳажми ва илмий маҳсулотлар ҳажми). Бу ҳолда турли кўрсаткичлар учун умумий бўлган ўлчов бирлигини топиш лозим. Бундай ҳолларда натижани шакллантиришда қатнашмайдиган кўрсаткичлар ҳам рўйхатга киритилган бўлиши мумкин. Шунинг учун натижавий кўрсаткичларни шакллантириш жуда мураккаб масала бўлиб, горизонтал (алоҳида ўқитувчи фаолиятига умумий баҳо бериш) ҳамда вертикал (кафедра, факультет ва ОТМ бўйича умумлашган кўрсаткич) бўлади.

5. Моддий ишлаб чиқариш соҳасида агрегатлаш кўпинча баҳолар ёрдамида амалга оширилади. Лекин шунда ҳам агрегатлаш жараёнида ахборотнинг қисман йўқотилиши содир бўлади. Чунки, ҳатто баҳо ҳам ишлаб чиқаришнинг барча натижаларини тўлиқ ифодалай олмайди. Таълим соҳасида эса бу борадаги вазият анча мураккаброқ. Таълим хизматлари учун келиб тушган даромад билан илмий маҳсулот учун олинган даромадни умумлаштириб ягона интеграл натижа сифатида олиб қараш хато бўлмайди. Лекин, бу жараёнда профессор-ўқитувчиларнинг сифат жиҳатидан яхшиланиши, ОТМда билим ресурслари кўпроқ даражада жамғарилиши, ОТМнинг жамиятдаги кўплаб жараёнларга ижобий таъсири эътибордан четда қолади. Шунинг учун ҳам натижаларни ўрганиб чиқишда сифат таҳлили доимо зарур бўлади.

6. Бозор муносабатлари шароитда ОТМнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлайдиган базавий омиллардан бири – таълим сифатидир. Шу нуқтаи назардан иқтисодий диагностикани олий таълим сифатининг таркибига кирувчи муҳим компонент, деб қаралиши мумкин ва унинг кенг кўламда амалга оширилиши ОТМ фаолияти умумий диагностикасининг ишончли ва самарали ўтказилишига таъсир кўрсатади.

7. Олий таълим сифати иқтисодий диагностикасини ишончли ва самарали ўтказиш қўйидаги тадбирларни амалга оширишга боғлиқ:

· ОТМ фаолиятини таъминловчи ресурсларнинг расмий таснифини белгилаш ва уларнинг статистикаси олиб борилиши;

· таълим сифатини ифодаловчи кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқиш ва статистикасини юритиш;

· ОТМлар рейтингини аниқлашда расмий статистика тан олган кўрсаткичларга таяниш;

· ОТМнинг таълим хизматлари ҳажми ва сифати, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик салоҳияти ва илмий фаолият натижалари бўйича интеграл кўрсаткичларни ишлаб чиқиш ва амалда қўллаш.

​Азизхон​ АҲМЕДОВ​,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Ёшлар парламентининг Фан-таълим масалалари қўмитаси аъзоси


5 726
ЎзА