ЎзА Ўзбек

22.04.2019 09:16:21 Чоп этиш версияси

Тасвирий ва амалий санъат фестивали бошланди


Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида тасвирий ва амалий санъат фестивали бошланди. 

Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур фестивалнинг очилишида миллий тасвирий санъатни янада равнақ топтириш, унинг бетакрор мактаб ва анъаналарини бойитиб бориш, ижодкор ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилаётгани таъкидланди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан таълимнинг барча бўғинларини тубдан такомиллаштириш, ёш авлодга бўлган ғамхўрликни кучайтириш юзасидан қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган. 

photo5328020988295752280.jpg

Санъат ҳафталиги тадбирлари ғоят қизиқарли ва ранг-баранг дастурларга бой бўлиб, уларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган ижодкорлар, мусаввирлар, халқ амалий санъати усталари, дизайнерлар, ҳайкалтарошлар учун маҳорат майдони бўлиши шубҳасиз.

Фестиваль тадбирлари, турли кўргазмалар, тақдимот маросимлари, ижодий танловлар давомида янгидан-янги истеъдод соҳиблари аниқланади.

Фестиваль доирасидаги барча тадбирларда устоз-шогирд анъаналари, фасллар гўзаллиги, тинч ва осойишта кунларга шукроналик, халқимизнинг кайфияти, руҳияти, эзгу орзу-интилишлари акс этади. 

Марказий кўргазмалар зали атрофи ҳамда унга туташ хиёбонда ёшлар Ватанимиз, мафтункор табиат манзаралари, миллий анъана ва қадриятларимиз, қадимий обидаларимиз, замонавий иншоотлар акс этган ижод маҳсулларини яратмоқда.

Ижодкорлар очиқ табиат қўйнида тасвирий санъат, кулолчилик, каштадўзлик, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик каби санъат йўналишларида ижод қилади. Шу ернинг ўзида устоз мусаввирлар иштирокидаги маҳорат сабоқлари ўтилади.

photo5328020988295752281.jpg

Мазкур фестивалда малакали мусаввирлардан ташқари олий таълим муассасалари, санъат йўналишидаги бошқа таълим масканлари ўқувчилари ҳам иштирок этмоқда. Шунингдек, ушбу йўналишда ижод қиладиган хорижлик мутахассислар ҳам қатнашмоқда.

Санъат байрами давомида Бадиий академия академиклари, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, таълим муассасалари ўқитувчиларининг маҳорат дарслари ҳамда ўқувчи-талабаларнинг асарлари намойиши бўлиб ўтади.

Фестиваль тафсилотлари, иштирокчилар таассуротларини сайтимизда бериб борамиз.