ЎзА Ўзбек

15.03.2019 08:46 Чоп этиш версияси

Бугун туғилган кун

Бугун туғилган кун

15 март

Сайтимизда куни кеча ташкил этилган “Бугун туғилган кун” лойиҳаси ўқувчилар, ижтимоий тармоқлар ҳамда телеграм мессенжеридаги каналимизни кузатиб борувчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Кўплаб ижобий фикрлар билдирилди.

Лойиҳада турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшаётган инсонлар, давлат ва жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорлар ҳамда касби, танлаган йўлида юқори натижаларга эришаётган ватандошларимизнинг туғилган кунлари эсга олинади.

utkir-640x400.jpgЎткир Раҳмат — “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири

Иқтидорли шоир ва журналист Ўткир Раҳмат 1948 йил 15 мартда Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган.

У Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг филология факультети ҳамда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Ўткир Раҳмат оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, масъул вазифаларда фаолият кўрсатиб келмоқда.

Шеърият ихлосмандлари шоирни “Ирмоқ”, “Соғинч”, “Жилға”, “Райҳон ҳиди”, “Шукрона”, “Кўзим қорачиғи”, “Ой ёғдуси”, “Эй, умри азиз...”, “Хаёл ифори”, “Юракдаги қуш”, “Дилчироқ” (Танланган асарлар, 2010), “Хокисор майса”, “Ўтли руҳ” каби қатор шеърий тўпламлари орқали яхши биладилар.

Айни пайтда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ўткир Раҳмат “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарининг бош муҳаррири вазифасида фаолият юритмоқда.

ВАТАН

Ватан – сен кўзимсан, борсанки – ёруғ,
Ҳам оташ қалбимсан – даргоҳи юрак.
Сен нурли – истиқлол буюк ва улуғ,
Ватан сен – онамсан
Ҳаммадан юксак...

Хаёлим ўзингсан –
Ният ўзингсан,
Умидим ўзингсан –
Бахтим Ватаним.
Агар сен бўлмасанг
Менга не ҳаёт,
Минг парча-парчадир
Бу жон, бу таним...

Ватан ифорингдан
Айланай, ахир
Муаззам тонгингда
Хуршиди – жон бор.
Соҳибқирон руҳи
Қўллаган тақдир –
Юрт бахти, эл бахти
Буюк Сарбон бор.

Қоши кўзгинангга
Тушмасин бир гард,
Мен кўрай, сен асло
Ҳеч кўрмагин дард.
Эртанг бугунингдан
Гўзалроқ юртим,
Индини эртадан
Тотлироқ юртим...

Сен борсан – мен борман
Биз бормиз Ватан...

“МИНГ БИР ЛИБОС...”

Минг бир либос кийиб тўрт томон,
Ястаниб ётибди дала, чўлида.
Фасллар бағрида яшаб соғ-омон,
Ҳаёт кетиб борар қадим йўлида.

Не бўлар олдинда ҳали ноаён,
Борлиққа ёяди офтоб борини.
Залворли тоғларга эгилиб осмон,
Кўксига босади чўққи қорини.

Шамоллар шашти ҳам ҳамон ўзича,
Дала-тош пойига бошин уради.
Кечаги новдалар дунё кўзига,
Фалакка гул-япроқ тутиб туради.

ЖОЗИБА

Қанотларга айланган умид,
Товушларда жилмаяр ҳаёт.
Гул зеб бериб ўзида бехуд,
Ифорига кўмилади бот.

Булутлар ҳам бошлайди ўйин,
Тўзғиб-тўзғиб сочилиб кетар.
Олчазорлар эгмайин бўйин,
Оқ либосда очилиб кетар.

* * *

Снимок.PNGШаҳзода Каримова — Балиқчи тумани “Ғалаба” газетаси бош муҳаррири

Шаҳзода Каримова 1962 йил 15 март куни Андижон вилояти Балиқчи туманида хизматчи оиласида туғилган.

Ш.Каримова фаолиятини 1982-1993 йилларда тумандаги 33-умумтаълим мактабида ўқитувчиликдан бошлаган. 1993-1996 йилларда 5-гимназияда ўқитувчи, 1996-2003 йилларда туман радио эшиттириш таҳририятида муҳаррир, 2003-2007 йилларда туман халқ таълими бўлимида методист, 2007 йилдан бошлаб ҳозирги вақтга қадар Балиқчи туманининг “Ғалаба” газетаси бош муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда.

PS: Мазкур рукнга оид фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телеграм: @UzA_pochta

Email: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru

Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37.

Сайтимизни кузатиб боринг!

ЎзА
4 491