ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

Бугун туғилган кун

Бугун туғилган кун

2 декабрь (Хотира)

Шоир, драматург, таржимон Рамз Бобожон 1921 йил 2 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган.

Отасининг раъйига кўра, Тошкент давлат тиббиёт институтига ўқишга киради. Бу ерда бир йил ўқиб, узил-кесил қарор қабул қилди ва келгуси ўқув йилидан Тошкент педагогика институтининг адабиёт факультетига қатнай бошлайди.

Иккинчи жаҳон урушининг биринчи йилидаёқ армия сафига чақирилди. Қуролдош дўсти шоир Шукрулло билан бир вагонда Олмаота шаҳридаги офицерлар тайёрлаш ҳарбий пиёда билим юртига етиб борди. У ерда яна бир дўсти ёзувчи Асқад Мухтор билан учрашди.

У меҳнат фаолиятини 1939 йил Ўзбекистон болалар ва ёшлар нашриётида муҳаррир вазифаси билан бошлади. Кейин Ўзбекистон Давлат нашриётида, радиокомитетда бўлим мудири ва муҳаррирлик вазифаларини бажарди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, ўрта мактабда ўқитувчи, ҳозирги “Тонг юлдузи”, “Ўзбекистон овози” газеталарида муҳаррир, бўлим мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқарувининг котиби, республика Бадиий адабиёт нашриёти директори вазифаларида ишлади.

У 1936 йилдан бошлаб ижод қила бошлаган. Қалдирғоч “Шеърлар” тўплами 1939 йилда чоп этилди.

Кейинги йилларда “Ҳадя”, “Олтин камалак”, “Водийни кезганда”, “Қадрдон дўстлар”, “Назми ва Турғун”, “Раҳмат меҳрибон”, “Танланган асарлар”, “Юрак ҳамиша уйғоқ”, “Янги рубоийлар”, “Сенга севгилим”, “Сенинг меҳринг” каби бир неча шеърлар тўплами ва “Сайланма”си, икки жилдлик “Танланган асарлар”и нашр этилган.

Р. Бобожоннинг поэма яратиш борасидаги изланишлари лиро-эпик жанр такомилида алоҳида ўрин тутади. Драматургиямиз тараққиётида ҳам унинг ўзига яраша хизматлари бор. Рамз Бобожонни адабиёт шинавандалари нафақат шоир ва драматург сифатида, балки моҳир таржимон сифатида ҳам биладилар.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Рамз Бобожон 2008 йил оламдан ўтди.

***

PS: Сайтимизда ташкил этилган “Бугун туғилган кун” лойиҳасида турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшган ва қўшаётган инсонлар, давлат ҳамда жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорлар ҳамда касби, танлаган йўлида юқори натижаларга эришаётган ватандошларимизнинг туғилган кунлари эсга олинади. 

Мазкур рукнга оид фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин. 

Телеграм: @UzA_pochta 
E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru 
Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37 

Сайтимизни кузатиб боринг!

1 789
ЎзА