ЎзА Ўзбек

06.06.2018 09:11 Чоп этиш версияси

Бугун Александр Сергеевич Пушкин таваллуд топган кун

pushkin.jpg

Рус шеъриятининг қуёши дея эътироф этиладиган Александр Сергеевич Пушкин 1799 йилнинг 6 июнида таваллуд топган эди.

Рус бадиий тафаккурининг буюк намоёндаси В.Г.Беленский Пушкинни “Рус шеъриятининг қуёши” дея унинг ижодига муносиб баҳо берганди. 

Олим тобора юксалиб бораётган миллий адабиётининг улғайиш пиллапояларини назарда тутиб, янгича руҳ билан бойиётган ва юксалаётган рус шеъриятида Пушкин чиндан ҳам қуёш сингари порлаб, нур таратаётганини асослаб берган. Ҳозиргача назм муҳлисларини ҳайратга солиб келаётган Пушкин ижодида нафосат ва тафаккур, эҳтирос ва ақл шунчалик омухта бўлиб кетганки, гўё манфий ва мусбат қутблар туташганда учқун чиққанидек, унинг шеърларини ўқиган китобхоннинг ҳам ақли, ҳам туйғулари ёришиб кетади. 

Пушкин шеъриятининг сеҳри ва жозибаси ҳамон адабиёт ихлосмандларини мафтун этиб келмоқда. Қолаверса, бу даргоҳга қадам қўйган ҳар бир истеъдод учун маҳорат мактаби вазифасини ўтамоқда. Таъбир жоиз бўлса, ўзини адабиётга дахлдор деб билган ҳар бир шоир Пушкин шеърларини она тилига таржима қилган, бундан шеърият сирларини ўрганиш билан бирга завқ ва илҳом олган. Мазкур ҳолатни миллий адабиётимиз тажрибасида ҳам кузатиш мумкин. Қуйида Пушкин шеърларининг ўзбекча таржималаридан баҳраманд бўласиз.

* * *
24979885.jpg
Тикиламан кўрганда, дарҳол
Идрокимни йўқотиб ва лол:
Ягона кўз менинг бошимда,
Ой юзингиз ёнар қошимда,
Агар тақдир кўрмаса малол,
Эга бўлса эдим юз кўзга,
Бари билан қарардим сизга.

* * *

Сизни севган эдим: қалбдаги олов
Сўниб битмаганди ҳали, эҳтимол:
Ранжитмасин лекин сизни ушбу ҳол,
Койитмасин асло ва бўлмайман ёв.
Сизни севган эдим: сокин, бенаво
Жасоратсиз эдим, ғашда бедаво:
Сизни севган эдим содиқ, вафодор,
Энди ҳақ айласин бошқага дилдор.

Ҳамид Олимжон таржималари


* * *

56d4a78f69588.jpgМEН СИЗГА АЧИНМАЙМАН

Мен сизга ачинмайман, вафосиз севгиларда
Беҳуда оқиб ўтган баҳоримнинг йиллари!
Мен сизга ачинмайман у оташин найларда
Эҳтирос-ла куйланган, эй тунларнинг сирлари.

Мен сизга ачинмайман, бевафо дўст, жўралар,
Базмларнинг тожлари, даврада айланган жом.
Мен сизга ачинмайман, хиёноткор гўзаллар,
Мени хаёл банд этган, хурсандчилик қилмас ром.

Қайда, қайда қолдингиз, ёшликдаги орзулар,
Ва қалбнинг сокинлиги эркалатган кезлари1!
Қани аввалги оташ, илҳом бахш этган завқлар,
Келинг, келинг, муштоқман, баҳоримнинг йиллари.

ЎЙЛАДИМКИ

Ўйладимки, юрак унутди
Муҳаббатнинг эзгу азобин,
Дедим ўтган бариси ўтди,
Ўтди. Қайтиб келмайди тағин.

Ўтиб кетди завқда, қайғуда
Ва ҳавойи енгил умидлар…
Аммо ўткир ҳусн олдида
Тушди яна ларзага улар.

Зулфия таржималари


* * *

4060255.jpgҲАММАСИ ТУГАДИ

Ҳаммаси тугади, орамиз очиқ…
Сўнг бор қўлларингни ўпаркан, пари,
Шаънингга тўқийман мунгли бир қўшиқ,
Тинглайман жавобинг: Тугади бари…
Энди алдовларни қилмасман расм
Ва сени алам-ла ахтармоқ нечун?!
Ўтди… ўтганларнинг унут ҳаммасин,
Севги яралмаган фақат мен учун.
Сен ёшсан, қалбингнинг гўзал маҳали,
Севимли бўларсан кўпларга ҳали…

ҲИКМАТ

Кулбада биттагина шам ёниб турар эди.
Равшан бўлди ёқишгач яна битта шамчироқ.
Бежиз эмас, қадимги донолар деяр эди:
Тўй яхшию ва лекин кенгашли тўй яхшироқ.

ЯНГИЛИК

Хўш, дунёда нима гап, қанақа янгилик бор?..
У эса тура берди бежавоб, ютиб нафас.
Охир деди: О, дўстим, эзмалик кимга даркор,
Сен аҳмоқсан, бу эса асло янгилик эмас...

ТЎҒРИ БАШОРАТ

Касалим тузаларми?.. Шер эшакдан сўради.
Эшак эса ўйламай деди: Аё шоҳ жаҳон,
Ўлмасангиз, яшайсиз, ўлмаганлар туради..
Икки карра икки тўрт, бу эшакка ҳам аён.

ДУНЁ

Шундоқ эди бу дунё, шундоқ бўлур ҳамиша,
Кўҳна бир ҳақиқатнинг дўкони ёпилмайди:
Доно одам жуда кам, гарчи кўп илм пеша,
Бисёрдир таниш-билиш, лекин дўст топилмайди.

Абдулла Орипов таржималари


* * *

58087585094b1.jpgДЕНГИЗГА

Алвидо, зўр қудрат – асов ғалаён!
Яшил тўлқинларнинг сўнг дафъа суриб –
Кўзларим олдида қайнайсан чунон,
Мағрур гўзаллигинг билан барқ уриб.

Ундовинг ғавғоли, шовқининг ғамли,
Қулоғим соламан сўнг қатла мен ҳам,
Гўёки пичирлар, чорлар аламли,
Хайрлашув пайти яқин дўст, ҳамдам.

Орзули бу кўнглим истаган қирғоқ,
Сенинг соҳилингда кезардим сарсон,
Кезар эдим сокин, туманли, чарчоқ,
Эзгу ниятларим қийнар эди жон!

Нақадар ёқарди: бўғиқ овозинг
Ва теран садоли чақириқларинг,
Кечқурунги сукут ва ўжар нозинг,
Ҳаяжон ғазабинг – бақириқларинг!

Балиқчининг енгил елкан кемаси –
Истасанг кўксингда сақланар омон,
Юзар тўлқинларда, йўқдек ваҳмаси,
Лекин сен бошласанг улкан ғалаён –
Ғарқ бўлар кеманинг гала-галаси.

Мангу кетай девдим, бўлмади имкон;
Ғамгин, ҳаракатсиз, кўнгилсиз қирғоқ,
Сени шодиёна қутлай олмадим,
Тизма тоғларингдан ҳатлай олмадим,
Шоирона қочмоқ бўлгандим йироқ!

Сен кутдинг, чорладинг… мен кишандайдим,
Руҳим қанотланди беҳуда, бекор.
Қудратли орзуга мафтун бандайдим,
Шу сабаб мен қолдим қирғоқларда зор.

Нимани аяйман! Қайга бу замон –
Мен йўл солар эдим бепарво, беғам?
Битта илинж сенинг гўшангда ҳамон
Кўнглимга ҳайратлар солар дам-бадам…

У битта қоядир, шон сағанаси…
У ерда ухлайди совуқ уйқуда –
Улкан хотиралар ҳаммаси.
Наполеон ҳаёти сўнган ер шу-да!

У ерда азобда бўлди у ҳалок,
Унинг орқасида довул сингари –
Ўзга даҳо учди, дилни айлаб чок,
Ақлимизнинг ўзга бир ҳукмдори.

Кетди, эркинлик-чи, йиғлади йўқлаб,
Қолдирди тожини жаҳонга, эсиз! –
Шовқин сол, пўртана, уни улуғлаб,
У сенинг қўшиқчинг эди-ку, денгиз!
Унда барқ урарди тимсолинг аён,
Руҳан худди сендай яралган эди.
Сендай теран, ғамгин, сендай паҳлавон,
Сендай бўйсунмас, зўр инсон эди.

Дунё бўшаб қолди… энди сен мени
Қаён олиб чиқар эдинг, океан?
Инсонлар тақдири ҳар ерда бирдир,
Қайда фароғат бор бўлса, посбон –
Маърифат ё золим у ерда, аён…

Яхши қолгил, денгиз! Унутмайман ҳеч,
Сенинг тантанали бу жамолингни,
Қулоғимда турар, жаранглар ҳар кеч,
Ҳамиша тинглайман ғалаёнингни.

Ўрмонлар ва жимжит саҳролар томон –
Ёрқин хотиралар ола кетаман.
Қоялар, кўрфазлар, тўлқин ва сурон,
Соя, жилоларинг эсда тутаман.

* * *

Ғуссали тун пардасин осмиш
Мудроқ осмон равоқларида.
Водийларни сукунат бағрига босмиш,
Ўрмон оппоқ туман қучоқларида.
Сал шилдирар эманзор соясида шошган сой,
Сал пичирлар уйқучан шаббода барг-ўтларда.
Сузиб юрар каттакон оққуш янглиғ тўлин Ой —
Кумушранг булутларда.

…Бунда кўрдим: сарвига чирмашибдир мажнунтол,
Соялари жимирлар сувнинг биллур мавжида.
Далалар маликаси нилуфар мағрур, хушҳол,
Дабдабаси, зийнати, гўзаллиги авжида.

Ғадир-будур тоғлардан тушар бебош шаршара,
Марварид дарё бўлиб оқар, қайнашар,
У ёнда, сокит кўлда пари қизлар шўх, сара,
Эринчоқ тўлқинларни сачратишар, ўйнашар.

* * *

Бўрон, зулмат осмонни тутар,
Қор қуюни қилади ўйин.
Дам ҳайвондек бўкириб ўтар,
Дам гўдакдай йиғлоқи бир ун.

Эски томдан похол тортади,
Гувлаб, бирдан солади шовқин,
Дарчамизни келиб қоқади —
Дам кеч қолган йўлчидай юпун.

Кўҳна кулбам, кичкина уйим
Ҳам ғамгин, ҳам зулмат қўйнида.
Сен нимага, бечора бувим,
Жимжит қолдинг ойнак тагида?

Чарчатдими бўрон увлаши,
Зерикдингми, бувим ё эса?
Ё мудратган дугинг товшими,
Ҳоридингми ёки бўлмаса?

Кел, ичайлик, меҳрибонгинам,
Шўрлик ёшлигимнинг ҳамроҳи…

Миртемир таржималари


* * *

knne8qV-QKrL2gXZOAj1KFrDEnp5wEGk.jpgҲАЙКАЛ

Ҳайкал қўйдим ўзимга муҳташам ва улуғвор,
Халқ қадами узилмас замонлар ўтур гарчанд.
У мағрур қад кўтарди тавозе билмай зинҳор,
Александр қуббасидан ҳам баланд.

Йўқ, батамом ўлмасман — қўшиққа кўчган қалбим
Жисмим бирла тупроқда чириб кетмас ҳеч қачон.
Оламда шоир зоти қоларкан, сўнмас қадрим —
Асло мени тарк этмагай шуҳрат-шон.

Довруғим-ла чулғанур поёни йўқ улуғ Рус,
Ундаги барча элга бўлгум суюк, мукаррам —
Мени ёдлар ҳур наслим ҳамда саҳройи тунгус,
Фин халқию даштлар дўсти қалмоқ ҳам.

Халқнинг меҳру эъзозин тоабад қозонганман —
Созим-ла юракларда эзгу ҳислар қўзғатдим.
Мен Эркни улуғладим шу қабиҳ замонамда,
Мазлумларга шафқат ҳиссин уйғотдим.

Эй, илҳомим париси, тангри ҳукмин эт адо,
Маломатдан чўчима, гулчамбар деб чекма ғам.
Х.амду сано, туҳматга ҳаргиз бўлгин бепарво,
Ўчакишма нодон билан сира ҳам.

ТИКЛАНИШ

Бир мусаввир бебурд қалб билан
Бўяб ташлаб даҳо асарни,
Таҳқирланган сурат устидан
Берар ўзи билган рангларни.

Аммоки бу сохта бўёқлар
Кўчиб тушар вақт ўтган сайин;
Асар тағин намоён бўлар
Ҳеч бир заха кўрмагандайин.

Худди шундоқ — гумроҳлик, хато
Юрагимдан чекинар, аён.
Ва унда илк — дилбар, мусаффо
Кунлар тағин бўлар намоён.

Мирпўлат Мирзо таржималари


* * *

erkin-samandar.jpgҲАЙКАЛ

Кўз кўрмаган ҳайкал бунёд айладим мен ўзимга,
Пойидаги оёқ йўлни босолмагай ўт-ўлан.
Ғурур ила юксалди у бош эгмайин таъзимга,
Александр арконидан ҳам баланд.

Йўқ, мен ўлиб кетмагайман – қалбим шеъримда яшар,
Хоки таним барбод ўлмас, фоний умр менга ёт.
Менга шараф ёр бўлажак, яшар экан то башар,
То оламда шоир зоти барҳаёт.

Бутун улуғ Русни чулғаб олур менинг овозим,
Ва номимни ёдлаяжак унда эллар муҳаққаҳ.
Мағрур славян насли-ю, финну бугунги авом
Тунгус ҳамда саҳро ўғлони қалмоқ.

Кўп сазовор бўлажакман мен ҳали халқ меҳрига,
Шу важданким, созим ила некбин дардлар уйғотдим.
Қабиҳ асримда мен ўқиб Ҳурриятга мадҳия,
Қурбонларга мурувватлар уйғотдим.

О, сен илҳом париси, бош эггил тангри ҳукмига,
Ўкинчлардан тап тортмагил, гултож таъма айлама.
Лоқайд бўлгил ҳамду сано ҳам маломат-макрига,
Ва аҳмоққа аҳмоқсан дема.

Эркин Самандар таржимаси


* * *

ramz_bobojon.jpgҲАЁТ АРАВАСИ

Баъзида юк оғир бўлса ҳам,
Учиб кетар арава қушдай.
Эпчил ямшик қиш фасли шаҳдам
Ҳайдаб борар устидан тушмай.

Эрталабдан аравада биз,
Эринчаклик, роҳатдан безиб,
Бош ёргудай елдирамиз тез,
Қичқирамиз: чу!

Кун ярмида қолмас бу шиддат;
Толиқамиз, қўрқинч кўринар –
Қия тоғлар, жарликлар ғоят,
Қичқирамиз: секинроқ, хумпар!

Аввалгича олиб борар у,
Кўникамиз оқшомга яқин.
Ётоққача босади уйқу,
Отларни вақт қувлайди локин.

ЁЛВОРИШ

О, агар бу рост бўлса, тунда –
Битганида одамнинг умри,
Қабрларнинг тошига шунда
Ялт-ялт тушса кўкдан ой нури,
О, агар бу рост бўлса, шундоқ
Бўш қолса тинч мозорнинг бари –
Мен Лайлига бўлиб кўп муштоқ:
Чорлайман: кел, дўстим, мен сари!

Авваллари кўринганингдай
Маҳбуб руҳи, бўлгил намоён,
Сўнгги ғамдан ўзгариб чирой,
Рангсиз, ҳолсиз, қиш кунисимон.
Кел, енгил куй ёки шамол, ё –
Олисдаги юлдуз сингари,
Кел, мисоли даҳшатли сиймо,
Менга фарқсиз: келгил мен сари!

О, сени мен чақиришим бу,
Севгилимни кек билан хазон –
Этганларга таъна эмас-ку,
Ёки мени аҳён ва аҳён –
Қийнагандан шубҳалар қаҳри,
Тобут сирин фош этиш эмас…
Ғамгин дейман: севаман пайваст,
Сеникиман, келгил мен сари!

Рамз Бобожон таржималари


* * *

Матназар-Абдулҳаким.jpgМЕН СИЗНИ СЕВАРДИМ

Мен Сизни севардим, севгим эҳтимол
Дилда буткул сўниб битмаган чўғдир.
Бироқ Сиз меҳримни олмангиз малол,
Сизни заррача ҳам ранжитгим йўқдир.

Мен Сизни севардим ҳаяжонда лол
Гоҳ ҳайиқиб, гоҳи рашк-ла мулойим.
Самимий ва ёниб севганим мисол
Бошқа ҳам севолсин Сизни илойим.

Матназар Абдулҳаким таржимаси


* * *

Xumoyun-Akbar-1.jpgАЖНАБИЙ ҚИЗГА

Сен англамас сўзлар, оҳларда,
Битарканман видо ашъорим,
Аммо хушҳол иштибоҳларда
Эътиборинг сўргум, дилдорим:
Азизам, қалбим ҳеч сўнмагай,
Туйғум сўнмас фироқларда жим
Илтижо қилмоқдан тинмагай
Ёлғиз сенга, сенга азизим.
Боқсанг ҳамки ўзга ҳар кимга,
Ишон фақат қалбимга маним,
Аввалгидай ишондинг унга,
Англамай ҳам изтиробларин.

* * *

Ҳаммаси тугади: орамиз очиқ.
Пойингга тиз чўкиб сўнгги бор,
Аламли сўзларим айтолдим, дилдор.
Тугади… – эшитдим, жавобинг аччиқ.
Алдамасман яна ўзимни минбад,
Ҳижронда ортингдан бормам изма-из.
Балки унутарман барини, шаксиз –
Менга яралмаган экан муҳаббат.
Сен навниҳол гўзал: соф қалбингда чўғ,
Ҳали сени севар шайдоларинг кўп.

* * *

Қонимда ёнади истак гулхани,
Сен боис қалбимда ғусса ва титроқ,
Бўса ол: мен учун бўсалар таъми
Асал ва шаробдан кўра тотлироқ.
Мен сари бошингни эга қол маъюс,
Розиман, ўлсам ҳам шу ҳаловатда,
То сўниб бораркан қувончли кундуз,
Босиб келар тунги соя, одатда.

УЗУМ

Сира йўқдир гуллардан арзим,
Баҳор ўтгач, бўлгувчи хазон;
Лек новдада товланган узум,
Тоғ пойида етилган жонон.

Яшил водий ҳури, дилрабо
Олтин кузнинг дилхуш боғидай;
Узун-узун, нозикдир, гўё
Ўн етти ёш қиз бармоғидай.

* * *

Аҳвол қалай, оғайничалиш?
Кофир каби рангинг оқармиш,
Сочларинг ҳам турибди тикка!
Балки сулув билан бир четда
Тутилдингми, девордан нари,
Шунда сени ўғри сингари,
Қувишдими қоровуллари?
Ё қўрқдингми оч арвоҳлардан,
Ёки оғир, чўнг гуноҳлардан,
Ёниб азоб чекармисан сен,
Ажиб шеърлар битармисан сен?

Ҳумоюн Акбар таржималари

Дилобар Аслиддин қизи тўплади
6 885