ЎзА Ўзбек

25.03.2019 Чоп этиш версияси

Бу шунчаки текин томоша эмас...

Бу шунчаки текин томоша эмас...
Юртимизда ўтказилаётган Театр томошалари ҳафталиги ҳамюртларимиз учун чин маънода Наврўз туҳфаси бўлди. Ушбу лойиҳа давомида умрида театр остонасида қадам қўймаган, уни кўрмаган одамлар ҳам борлиги, томоша санъати бўйича репертуарларни бундан-да бойитиш, ҳамюртларимизнинг театр маданияти, одобини юксалтириш борасида ҳали бажарилажак ишлар кўплиги яна бир карра намоён бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжумани айни ушбу ижодий лойиҳанинг илк натижаларига бағишланди.

Анжуманда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан миллий маданиятимиз ва санъатимизни қўллаб-қувватлаш борасидаги ғамхўрлик янгидан-янги ижодий ташаббусларга қанот бағишлаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрда қабул қилинган ”Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда Халқаро театр кунига бағишлаб Маданият вазирлиги томонидан 21-27 март кунлари юртимиз бўйлаб ”Театр томошалари ҳафталиги” муваффақиятли ўтказилмоқда.

8.jpg

Ҳафталик доирасидаги қизиқарли учрашув, тақдимот ва спектакллар томошабинларда катта таассурот қолдирмоқда.

Маданият вазирлиги Театрларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Муқаддас Аҳмаджонованинг айтишича, томошабинларнинг бундай улкан оқимини ташкилотчилар сира кутмаган.

Шу билан бирга, ушбу ҳафталик томошабиннинг театрга меҳрини, санъат фидойиларининг доимий изланишини ҳам амалда тасдиқлади, десак муболаға бўлмайди. Ҳафталик оддий томошабинни театрнинг ашаддий мухлисига айлантиришига шубҳа йўқ. Аксарият ижодий жамоалардаги спектакллар сеанси икки-уч, ҳатто тўрт марта ҳам қайта қўйилмоқда.

– Ҳафталик барча театр ижодкорлари учун чинакам байрам бўлди, –дейди Ўзбек Миллий академик драма театри директори Фатҳулла Маъсудов. – 540 ўринли санъат масканимизга 800-900 нафар одам келяпти. Томошабинлар фойеда суюкли актёрлари билан суратга тушяпти. Авваллари бу мумкин эмас эди. Ҳар бир спектакль катта қизиқиш ва эътибор билан томоша қилиняпти.

2 (3).jpg

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори Мирза Азизовнинг таъкидлашича, бир пайтлар Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуджон Ғофуров ижросидан баҳраманд бўлиш учун томошабинлар ҳатто эшикларни синдириб бино ичига кирган бўлса, ўтаётган ҳафталик давомида ҳам гоҳ ўриндиқлар, гоҳ эшик бузилгудек ҳолатга келаётгани одамларнинг театрга ихлосидан дарак беради.

Юртимиз маданий ҳаётидаги мазкур илк ҳафталик шунчаки текин томошалар туркуми эмас, балки йирик маданий-маърифий акция сифатида, кўтаринки ва байрамона руҳда, баланд савияда ўтказилмоқда.

Ҳафталикнинг дастлабки хулосалари қандай? Одамларнинг театрларга ёпирилиб келаётгани, маънавият кошонаси остонасидаги турнақатор навбатлар санъаткорларга ижод завқи ва масъулияти нечоғли баландлигини яна бир карра эслатаётган бўлса, томошабинларга юртимиз театрлари тинимсиз изланишда эканини, биз – оммавий ахборот воситалари ходимларига эса театр санъати тарғиботида янада фаолроқ бўлмоғимиз кераклигини кўрсатмоқда.

5 431
Назокат Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА