ЎзА Ўзбек

03.08.2020 Чоп этиш версияси

Бошпанасизликнинг 84-йилида...

Бошпанасизликнинг 84-йилида...

Бундан уч йил муқаддам, 2017 йилнинг 3 август куни Президентимиз самимий даврада халқимизнинг бир гуруҳ зиёлилари - маданият, санъат ва адабиёт аҳли вакиллари билан дилдан суҳбатлашган эди.

Уч йил аввалги учрашув

Ҳар қандай янгиланиш, аввало, эзгу ният, сўнгра муайян ҳаракат натижасидир. Яхшидан яхши орзу-истак қилаверсанг-у, унга мос ҳаракат бўлмаса ёки аниқ мақсад-муддаосиз кўр-кўрона югураверсанг, на самара бўлади, на янгилик. Ҳамма гап шу икки омилнинг уйғунлигида, ният ва ҳаракат бирлигида.

Бундан уч йил муқаддам, 2017 йилнинг 3 август куни Президентимиз самимий даврада халқимизнинг бир гуруҳ зиёлилари – шоиру ёзувчи, мусаввиру ҳайкалтарош, актёру режиссёр, бастакору хонанда – қўйингки, маданият, санъат ва адабиёт аҳли вакиллари билан дилдан суҳбатлашди, кечаги кун хулосалари, бугунги кун масалалари, эртанги кун режалари рўй-рост тилга олинди.

Ўшанда ёш ижодкор сифатида йиғилишда иштирок этиб, ён дафтаримни тиғиз-муҳим ёзув-эслатмаларга тўлдириб чиқарканман, қайдларим сўнггига қуйидагича ёзиб қўйгандим:

Мажлис 6 соат давом этди. Давлат раҳбари соҳага доир 30 дан ортиқ аниқ масалани кун тартибига қўйди. Муаммолар санаб ўтилди, уларнинг ечимига ҳам шу ернинг ўзида жавоб изланди. Бугун миллат маънавияти, адабиёти, санъати ривожи учун яхши ниятлар қилинди, эртадан эса жиддий ҳаракатлар бошланиши зарур!

Орадан уч йил ўтди. Эҳтимол, маданият ва санъатнинг бошқа соҳаларига менинг унчалик тишим ўтмас, уларда юз берган қатор ўзгариш ва ислоҳотларни ўрнига қўйиб шарҳлай олмасман. Аммо шоир сифатида, адабиёт вакили сифатида шу ўтган давр мобайнида қалам аҳлининг “бош идораси” ҳисобланган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятида, ижодкор қаламкашлар ҳаётида реал воқеликка айланган янгиланишларни айта оламан. Айтишим ҳам керак...

Ҳар қандай фарзанд, қизми-ўғилми, кўнглида севинч жўшганда ёки бошига синов тушганда, омади кулганда ёки ўпкаси тўлганда, биринчи бўлиб бош урар ери ота-онасининг уйи – бемалол, беминнат ҳадди сиғадиган даргоҳига боради. Аммо борганингда ота-онангнинг ўзи сиғинди ўтирган, ўзиники бўлмаган жойда омонат яшаётган бўлса, у ерга на қувончингни, на қайғунгни олиб бороласан. Мум тишлаб бориб, тош тишлаб қайтасан...

Биз ёшлар ақл таниб, йўл топиб Ёзувчилар уюшмасига қатнай бошлаганимизда, уюшма худди шундай ғариб ота-онадек чорасиз эди. Гарчи улуғ аллома устозлар очиқ юз билан кутиб олса-да, уларнинг бағри кенг, аммо имкони танг эди.

Ижарада яшаганлар билади – ҳар ойлик ҳақини вақтида тўлаб турсанг ҳам негадир ҳеч чеҳранг очилиб яшаб бўлмайди, нимадир юрагингни ғашлаб тураверади. Ёзувчилар уюшмасининг ҳам 84 йил ўз уйи бўлмади. Гарчанд Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Ҳамид Олимжон, Усмон Носир, Зулфия даврасидан бошланган авлод ва ундан кейинги ҳамма ижодкорлар тақдирига тенг шерик бўлиб келса ҳам, минглаб адабиётлар туғилишига доялик қилган бўлса ҳам ўзининг “тўрт синчли, икки деразали” уйи бўлмади.

Таъбир жоиз бўлса, бошпана – ўзбек тилидаги энг “қора”, “хашаки” сўзлардан бири, аммо залвори, моҳияти, ҳаёт учун зарурати жиҳатдан энг қадрли каломдир. Чумоли ини, капалак ғумбагидан тортиб то миллиардерларнинг бир неча юз миллион долларлик қасрларигача мана шу одми сўз – бошпана деб аталади.

1934 йилда ташкил этилган уюшмамиз эса сарсонликнинг, бошпанасизликнинг 84-йилида ўз азиз, беминнат уйига, эркин нафас оладиган биносига эга бўлди. Бугун пойтахт марказидаги Миллий боғ бағрида қўр тўкиб турган оппоқ кошона худди фарзандларини дуо қилиб, чорлаб турган ота уйдек қадрдон бошпанага айланди.

Бу уй айвонига қалдирғочдек чуғурлаб кириб-чиқиб юрган ёш ижодкорларга қараб туриб эса ушбу муборак манзил ҳали қанча-қанча юксак парвозларга елка тутади, деб қувонади киши.

Қарор – муқаррарлик белгиси...

Ўша учрашувдан кейинги муҳим қадамлардан яна бири – 2018 йил 5 апрелда Президентимизнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланиши бўлди. Яна ҳам аниқроқ айтганда, учрашувда тилга олинган муаммолар, ёзувчи-шоирлар фаолияти ва ҳаётига дахлдор кўплаб масалалар шу ҳужжатда ўз аксини топди.

26 банддан иборат ушбу ҳужжатда қалам аҳлининг барча орзу-армони: ёзувчи-шоирларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, турмуш даражасини яхшилаш, фахрий ижодкорларнинг ижтимоий ҳимоясини мунтазам йўлга қўйиш, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорларининг адабиётдаги тақдирига қайғуриш, нодир асарларимизни дунё тилларига таржима қилиш, уюшманинг ҳудудий бўлимлари иш самарадорлиги ва ҳаётий аҳамиятини ошириш каби бир-биридан муҳим масалалар муҳрланган эди. Шунинг учун ҳам бу қарор Ёзувчилар уюшмасининг келгусидаги иш фаолияти учун аниқ ва очиқ харита бўлди.

Бугун истаган киши ўша қарорни қўлга олиб, унда белгиланган вазифалар ижросини бандма-банд солиштирса, ўтган давр ичида чора-тадбирларнинг аксарияти қоғоздан ҳаётга кўчганига гувоҳ бўлади.

Тошкентнинг қоқ марказида ижодкорлар учун қурилган кўп қаватли уйлар шодаси, Зомин тоғлари орасида йирик марвариддек ярқираб турган дам олиш маскани, очиқ осмон остидаги адабиёт музейига айланган Адиблар хиёбони, ҳар бир вилоятга борганингда худди Огаҳий, Ибрат, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуфнинг ўзи бўлиб ҳузурингга пешвоз чиқиб келаётган ижод мактаблари, Тошкентнинг файзи ва кўркига айланган Қодирий мактаби...

Буларнинг ҳаммаси дастлаб ўша тарихий учрашувда Президент томонидан эзгу режалар сифатида айтиб ўтилди, кейин қатъий қарор сифатида ҳужжатга муҳрланди, бугун эса муқаррар рўй берган ҳаёт ҳақиқатига айланди.

Тарихий ва ҳамнафас афсоналар

Инсон психологияси шундай – ўз кўзи билан кўрмаган кишилар, воқеалар ҳақидаги гапларга осонгина ишонади, тез кўникади. Шундоқ ёнидаги такрорланмас ажойиботларга эса негадир бефарқ яшайди.

Бизнинг авлод учун Қодирий, Чўлпон, Беҳбудий кабилар тугул Қаҳҳор, Шайхзода, Ойбек, Миртемир сингари яқин ўтмишда яшаб ўтган устозлар номи ҳам жуда олисда кўринади. Сабаби, биз уларни китобларда, суратларда, ҳайкаллар шаклида кўрганмиз, холос. Уларнинг ҳар бири, шубҳасиз, бизнинг онгимизга чинакам афсона бўлиб нақшланган. Шунинг учун ҳам ҳар гал уларнинг тошсиймоси қаршисида турганда, мана шу ҳайкалларни кўришга руҳан тайёр бўламиз.

Бироқ Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф... Булар куни кеча ёнимизда юрган, давраларга файз бериб ўтирган, бизга таълим берган, шеър ўқиган тирик афсоналар эди... Кимдир тушунган, кимдир тушунмаган, кимдир қадрига етган, кимдир менсимаган афсоналар эди улар...

2001 йилда ёш ижодкорларнинг Зомин семинарида биринчи ва охирги марта кўрганим Муҳаммад ака, бир хонада бироз ишлаб бир умрлик эсдалик олганим Ҳалима опа, уларга неварадек эркалик қилиб юрганим Эркин ака ва Абдулла ака, қаҳқаҳасию фалсафасини ўз оғзидан эшитиб ўрганганим Саид Аҳмад ва Озод домлалар ҳайкалга айланганига кўникишим қийин, албатта.

Аммо мен бунда бошқа бир ҳикмат кўраман.

Президентимиз халқимиз ва адабиётимиз тарихида муҳим ўрин тутган бу улуғ номлар билан боғлиқ хотиралар парча-парча, узуқ-юлуқ бўлиб туришини истамади. Шунинг учун ҳам ҳазрат Навоий ҳузурида адабиётимизнинг бошқа қутлуғ сиймолари ҳам яхлит давра ясадилар, муҳташам гулдастага айландилар. Мана энди янгидан барпо этилган Адиблар хиёбони келажак авлодлар учун очиқ турган “Адабиёт китоби” вазифасини ўтайди, бу майдон 6 гектарлик “Адабиёт хонаси” бўлади, десам муболаға эмас.

Бир-икки аср ўтиб, худди Навоий каби Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар ҳам хаёлга яқин, ҳаётдан олис сиймоларга айланишади. Ана ўшанда мазкур хиёбоннинг қадри ҳозиргидан ўн карра, юз карра ортади. Бу бор гап. Чунки инсон психологияси шундай – биз қанча кам кўрсак, шунча кўп соғинамиз.

Ҳақиқат кўрсатилмайди, кўрилади

Федерико Гарсиа Лорканинг “Энг қайғули шодлик” (Шавкат Раҳмон таржимаси) китобини ўқиб тугатган пайтим кундалигимга қуйидагича ёзиб қўйгандим: “Мени ҳайратга солган нарса шеърлар эмас, уларда очиқ турган ҳақиқатдир!”

Чиндан ҳам, менга ҳақиқатни кўрсатинг, деб талаб қўйиш нодоннинг иши. Ҳақни, ҳақиқатни, ҳақиқийликни кўнгил ва ақл кўзи очиқ одамларгина кўра олади. Нафақат кўради, унинг сабабини, моҳиятини, куч-қудратини англайди.

Мен бу сатрларда бугун ўзбек адабиёти, ўзбек адиблари кўриб турган айни ҳақиқатларни қайд этдим. Зеро, бу ҳақиқатларни кимгадир кўрсатиш учун эмас, кўрганларим ҳақиқат эканини эътироф этиш учун ёздим.

Зеро...

Катта ғилдирак вазмин айланади, аммо чуқур из қолдиради. Бир ижодкор сифатида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар боришини кузатар эканман, ўта босиқлик ва узоқни кўзлаб қилинаётган барча эзгу ҳаракатлар жаҳон тарих китобида ҳам, миллий адабиётимизда ҳам, энг муҳими, ҳалқимиз ҳаётида ҳам ўчмас ва нурли битиклар бўлиб қолишига ишонаман. Чунки ҳар бир давр ўз таржимаи ҳолини ҳаёт деб аталган буюк асарга қўшиб бораверади.

Носиржон ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир


12 191
ЎзА