ЎзА Ўзбек

08.12.2019 Чоп этиш версияси

Бош қомус қасидаси

Бош қомус қасидаси

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни


Асов арғумоққа ўхшарди ҳаёт,
Дарёлар қирғоғин бузиб тошарди.
Бебошлик берилиб битарди баёт,
Биров Ғарбга, биров Шарққа шошарди.

Зулмат булутларин бағрини тилиб,
Истиқол Қуёши порларди шодон.
Афсус, тинч турмади шукрона қилиб,
Эркни эрмак билган қайсидир нодон.

Қонунсиз шамоллар эсарди ҳамон,
Зериккан завқ-шавқ ҳам кутарди тартиб.
Бош Қомусга интиқ зориққан замон,
Қўярди эл-юртин кўз ёшин артиб.

Ниҳоят, туғилди бизнинг Бош китоб,
Дунё қомусларин кўркам, расоси.
Озод давру даврон айлади хитоб:
- Удир ҳаётимиз пойдор асоси.

Олти бўлим гўё бинога устун,
Йигирма олти боб – бақувват хари.
Ҳаётимиз бўлур тўкис, бус-бутун,
Устувор эрса гар уларнинг бари.

Аҳил юз йигирма саккизта модда,
Дер: “Ватан кўксига юлдуз ил, ой ил!”
Мазмунан залворли, ифода содда,
Қанча қонуншунос қолмоқда қойил.

Ким ҳуқуқин билмас, билмаса қонун,
Кўча-кўйда мудом юролмас бардам.
Ҳар қадам қоқилиб туширар қовун,
Тушар қўлтиғидан тарвузи ҳар дам.

Жамият жонланмас, жилмаймас сира,
Адолат байроқдор бўлмаса токим.
Солингани каби паловга зира,
Ҳаёт ширин эрур гар қонун ҳоким.

Конституция бошлайди йўлга,
Қаддини ғоз тутиб борар ор-номус.
Орзулар қўлини беради қўлга,
Улуғ карвон узра сорбон Бош Қомус!

Ҳақу ноҳақ аро юрмасин сарсон,
Ёш-қари қонунни билмоққа бурчдор.
Салобати юксак мисоли арслон,
Қонунда қудрат бор, қонунда куч бор.

Гоҳо инсон қилар ҳасад ҳам ҳавас,
Офтоб нурин сочса боғу бўстонга.
Яхши-ёмон кунда бизга ҳамнафас,
Бош Қомус соябон Ўзбекистонга!

Бахтиёр ХОЛМИРЗАЕВ

3 087
ЎзА