ЎзА Ўзбек

08.03.2020 Чоп этиш версияси

Болам бояқиш

Болам бояқиш

 Она тилим - олтин сандиғим

Болам бояқиш деган иборани эсимни таниганимдан бери эшитаман, маъносини биламан. Бечора, ожиз, шафқатга муҳтож одамни бояқиш дейдилар. Лекин нега шундай дейдилар, ўйлаб кўрмаган эканман.

Яқинда тилимизга хос бир товуш алмашиш ҳодисаси диққатимни тортди. Мумтоз адабиётимизда учрайдиган мундоқ, мунча сўзларини биз ҳозирда бундоқ, бунча деймиз. Мурунтов, Туямўйин номларидаги мурун, мўйинсўзлари ўзбекчадабурун, бўйиндейилади. Манноб исми Фарғона шевасида Банноб шаклида талаффуз қилинади. Манимсўзи ўғуз туркчасида баним дейилади. Мен сўзининг кўплиги биз бўлса-да, феъл қўшимчасининг кўплиги миз шаклида келади. Бир қавм "борамиз"деса, бошқа қавм "борабиз", дейди. Ях маъносидаги муз ― “Девон...”да ҳам, Рабғузийда ҳам бузшаклида келган.

Бу товуш алмашуви, назаримда, идиш маъносидаги табоқ сўзида ҳам юз берган. Аслида бу сўз таом маъносидаги томоқдан ҳосил бўлган. Эътибор берсангиз, бирқанча тилларда емак билан идиш бир хил айтилади. Блюдо, dish сўзларини мисолга келтириш мумкин. Тамакибилан табак сўзларида ҳам айни икки товуш алмашинувини кўрамиз. Б ва П,Д ва Т товушларининг муқобиллигини эътиборга олсак, машҳур бастакор Пахмутова фамилияси ҳам аслиятда Маҳмудова бўлиб чиқади. Мен ўнтагина мисол келтирдим. Сиз балки, юзтасини топарсиз.

Болам бояқиш ибораси ҳам шундай товуш алмашувининг меваси бўлган, десак адашмасмиз. Аслида бояқиш эмас, мояк қуш эди бу сўз. Мояк ― тухум, мояк қуш ― тухумдан янги чиққан жўжа. Ожиз ва бечора жон. На уча олади, на емиш топа олади. Илонга ем бўладиган ҳам, ини бузилса полоп этиб ерга йиқилиб ўладиган ҳам шу полопон. Она қуш унга парвона. Сув, емиш келтириб боласининг оғзига солади. Офатлардан қўриқлайди. Шундай ожиз вужуд ―мояк қуш ― чорасизлик, шафқатга зорлик тимсоли бўлибди.

Инсоннинг қушдан фарқи шуки, бизнинг оналар учун фарзандлари учирма бўлиб ўзлари болали бўлганларида ҳам жўжадек бўлиб қолаверадилар. Она тирик экан, болаларини қаноти остида тутади. Фарзандлар ҳам улғайиб она пинжидан чиқмайдилар. Набирали бўлган боласини ҳам болам бояқиш дейди она бояқиш.

Болам бояқиш. Бу гапда бир олам ҳикмат бор. Чиройли тасвир, ўхшатиш бор. Болам бояқиш. Чағиллаб турган она қушнинг овозини эшитиб, меҳру ташвишларини ҳис қиламиз шу жумлада. Гўзал сўз ва ибораларимиз, тагдор атамаларимиз сон-саноқсиз. Уларнинг ҳаммаси ҳам асл ҳолатда бизга етиб келмаган. Майиб-мажруҳ, афтодаҳол шаклга тушганлари, мажҳул иборага айланганлари кўп. Тил уммонининг ғаввосларига иш беҳисоб.

Баъзи нарса номлари бир тилдан иккинчисига ўтиб, ўша нарсанинг бир турини англатади. Балиқ деган сўзимиз рус тилига ўтиб балиқ таомининг бир турига, осетрнинг дудланган тўшига айланди. Лаҳм араб тилида гўштни англатса, ўзбекчада суяксиз гўштни билдиради. Узум сўзимиз рус тилига изюм шаклида ўтди ва узумнинг майизи бўлиб қолди. Бир замонлар русча мука, булка деган сўзлар ўзбекчада мука ун, бўлка нон шаклида ишлатилар, ўзимизнинг тегирмон унидан, тандир нонидан фарқлаб шундай дейиларди.

Туркий ўзбек тилида қатиқ юғурт дейилган. Инглиз тилига бу атама қатиқнинг бир тури бўлиб ўтган. Ўртача қаймоқли сутнинг қатиғи йогурт дейилади. Шу янги маънода йогурт ўз тилимизга қайтиб келди.

Кафтан, сарафан, япанча каби кийим номларининг қисмати ҳам шунга ўхшаш бўлди. Ич кийим маъносидаги ичдон иштон шаклига кирди. Рус тилига штаны бўлиб ўтди ва шим маъносини олиб, ич кийимдан сирт кийимга айланди.

Йигит деган сўзимиз русчага джигит бўлиб ўтган ва отлиқ йигит маъносини билдиради. Шундан от миниш санъати ҳам джигитовка бўлди.

“Дастурхон”га қўшимча:

Қўл фақат тан аъзоси эмас, балки куч-қудрат тимсоли ҳамдир. Ҳар иш қўлидан келади, қўли узун, қўли баланд келди, деганда биз қўлнинг ўзини эмас, унинг имконияти, қувватини кўзда тутамиз. Даст кўтарди, фалончининг дастидан дод, демак ҳам шу маънода. Дастур сўзининг ўзаги ҳам қўл. Куч-қудратга эга бўлган хужжат дастур бўлади.

Эркин ВОҲИДОВ,

Ўзбекистон халқ шоири

"Сўз латофати" китобидан


4 894
ЎзА