ЎзА Ўзбек

20.05.2020 Чоп этиш версияси

«Болалик кунларимда...»

«Болалик кунларимда...»

Ҳар кўклам она-бола ўртасида «ер масаласи» бошланади!

- Менга ҳар йилги жойимни қолдирдингми? Агар бошқа нарса эксанг, билиб қўй, юлиб ташлайман!

- Она айтган жойларингизни жўякларим ноқулай тушса ҳам қолдирдим. Лекин шунча ер сизга нега керак, тушунмайман? Ундан кўра тирикчиликка ярайдиган бирор нарса эксак бўлмайдими?

- Йўқ! - қайсар феълнинг қатъий овози янграйди.

- Ҳа, майли, билганингизни қилинг.

- Ҳа, хўп... (икки томон сир бермай, «келишув»дан кўнгли тўқ чиқди) қани, Озоджон, кетмончанги олиб келда, мен айтгандек қилиб, ерни чоп. Майдалаб, яхшилаб ишлов бер. Ер майин бўлсин! Сен — Шер челакни яримлатиб сув обке, тўлдирма, болам, оғира... Маҳлиё, қутимда оқ халтага тугилган уруғимни олиб чиқ!

- Хўп, ҳозир, - дея зувиллаб уйларига югураман.

Чала туш бўлиб кетди, бўла қолинглар, болаларим.

* * *

Эсимизни танибмизки хар баҳор шу ҳолатни кўрамиз. Кузда бувим ўз қўллари билан йиғиб олган тўқ уруғлар кафтдекина жойга сепилади. Салкам чорак аср шу ҳолатни гувоҳи бўлиб улғайдим. 100 билан юзлашиб қолган бувим, биз учирма бўлиб кетганимиздан кейин ҳам бу одатни канда қилмадилар. (Ўзлари ётиғлик бўлиб қолганларида ҳам, укаларим улғайиб, бувим бир жойда «ўтириб» қолганларида ҳам, уларни кўтариб ҳовлига олиб чиқишар, бувим жой танлаганларидан кейин белгилаб берган жойларига кўнгилларидагидек қилиб уруғ сепиб беришар эди).

* * *

Ўсма, райҳон...

Кафтдек–кафтдек икки бўлак ерга райҳон ва ўсма экардилар! Келган меҳмонга кетар чоғи бир даста райҳон ва бир қўйим ўсма бериб юборардилар.

- Райҳон ва ўсма экиш савоб, булар жаннатдан чиққан. Райҳон жаннатни эслатади. Ўсма жаннатдаги дўстинг — қошингга сув ичиради, - дердилар.

Бувимни сўнгги йўлга ўзлари эккан райҳонлари ифорида элтдик...

Маҳлиё МИРСОАТОВА,
журналист

2 796
ЎзА