ЎзА Ўзбек

27.09.2018 Чоп этиш версияси

Болалар адабиётининг нодир намуналари намойиш этилди

Болалар адабиётининг нодир намуналари намойиш этилди

Навоий шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб “Болалар китоби” республика анъанавий фестивали бўлиб ўтди. 

Ёш авлоднинг китобга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасида мулоқотни мустаҳкамлаш, турли нашриётлар томонидан чоп этилган болалар адабиётига мансуб асарлар билан таништириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда Навоий шаҳридаги умумтаълим мактаблари кутубхоначилари ҳамда ўқувчилари фаол қатнашди. 

Икки кун давом этган кўргазма доирасида вилоятимизда яшаб, ижод қилаётган ёзувчилар, шоирлар, маданият ходимлари иштирокида “Китоб – миллатнинг бебаҳо мероси” деб номланган давра суҳбати ўтказилди. Шунингдек, “Мен севган китоблар” ва “Китоб ўқишни ёқтирасизми?” мавзуларида ташкил қилинган ижтимоий сўровнома энг сара асарларни танлаб олишда муҳим аҳамият касб этди. 

– Бу кўргазмада қатнашиб, кўплаб янги бадиий асарлар билан танишдим, – дейди Навоий шаҳридаги 11-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчиси М. Олимжонова. – Хусусан, севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовнинг асарлари жамланган янги тўплам менда катта қизиқиш уйғотди. Вилоят ахборот-кутубхона марказига келиб мазкур китобни мутолаа қилмоқчиман.

Кўргазма якунида фаол қатнашган иштирокчиларга махсус диплом ва китоблар жамланмаси совға қилинди.

5.jpg

7.jpg


6 330
Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА​​