Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.06.2018 17:35 Чоп этиш версияси

БМТ Бош котиби вакили талаба қизлар билан учрашди

БМТ Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича махсус вакили Жаятма Викраманаяке Тошкентдаги Инҳа университетига ташриф буюриб, бу ерда ўтказилаётган “Technovation Uzbekistan” танлови иштирокчилари билан учрашди.

Викраманаяке хоним “Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бўлиб ўтган учрашувда Жаятма Викраманаяке ўзининг БМТ Бош котиби махсус вакили сифатидаги фаолияти, жаҳонда ёшлар, айниқса, қизлар салоҳиятини ривожлантириш ва рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берди. Махсус вакил, шунингдек, Шри-Ланкада амалга оширилаётган бу каби дастурлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Меҳмон “Technovation Uzbekistan” танловининг шартлари ва имкониятлари, қизларнинг лойиҳага тақдим этган ишлари билан яқиндан танишди. Улар томонидан яратилган мобиль иловалар БМТ Бош котибининг махсус вакилида катта таассурот қолдирди. Меҳмон қизларга муваффақият тилади ва бугунги кунда дунё миқёсида юқори технологиялар соҳасида банд бўлган қизлар оз экани, шундай лойиҳаларда иштирок этиш орқали мазкур истиқболли ва жадал ривожланаётган тармоққа янада кўпроқ қизларни жалб этиш мумкинлигини алоҳида қайд этди.

“Technovation Challenge” халқаро танлови 2010 йилдан дунёнинг 78 мамлакати, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам ўтказиб келинмоқда. Ушбу технологик ишланмалар танловида 18 ёшгача бўлган қизлар иштирок этади. “Technovation Uzbekistan” танлови эса халқаро танловнинг саралаш босқичи ҳисобланади.

Роман Бондарчук, ЎзА
3 990