ЎзА Ўзбек

29.05.2018 22:00 Чоп этиш версияси

Бир ёнда “Оскар”, бир ёнда “Олтин малина”

Бир ёнда “Оскар”, бир ёнда “Олтин малина”
Кино учун сарфланадиган пул ва натижа

Кино оламидаги энг нуфузли мукофот “Оскар” ҳисобланади. Санъатга энди кириб келган ёшлардан тортиб соҳанинг тажрибали вакиллари тақдирланадиган, моддий кўлами кенг бўлган ушбу мукофот 1929 йилдан буён топшириб келмоқда. Қарийб 90 йил ичида 3 мингдан зиёд истеъдод эгалари "Оскар" совринига муносиб топилган.

Ушбу мукофотнинг топшириш тантанаси 230 га яқин мамлакатда телевидение орқали намойиш этилади.

Катта маблағ сарфланадиган ушбу тантана дабдабали ўтказилса-да, ташкилотчиларга зарар келтирмайди. Биргина маросим трансляцияси вақтида кўрсатиладиган 30 сониялик реклама ролигининг нархи 1,8-2,1 миллион долларни ташкил қилади. Бундай қиммат нархлар тадбир харажатларини ортиғи билан қоплаш имконини беради.

"Оскар" ҳайкалчасининг баҳоси шу ҳисобдан йил сайин ошиб боради. Жорий йилда ҳар бир ҳайкалча ўртача 696 долларга баҳоланди.

Охирги олти йил ичида ҳайкалча нархи деярли икки баробар қимматлашган. Ваҳоланки, 2011 йилда битта "Оскар"ни тайёрлаш 400 долларга тушган. Ҳайкалча 24 каратли олтин билан қопланган. Оғирлиги 3,85 килограмм, баландлиги 34 сантиметр бўлган ушбу соврин британий қотишмасидан қуйилган, унинг таги қора мармардан тайёрланган.

Лос-Анжелесдаги Dolby театри олдига юлдузлар юриши учун тўшаладиган қизил гиламча асосий сарфни ташкил этади. Унинг майдони 1,5 минг квадрат метрдан кўпроқни ташкил этади. Нархи эса 30 минг доллар.

“Оскар” мукофотини топшириш маросимида бошловчилик қилган актёр Боб Хоуп 18 маротаба бу юмушни бажариб, рекорд ўрнатган (1953 йил биринчи бор олиб борган). У ўз даврининг энг қиммат бошловчиси бўлган.

Маросим вақтида совриндорларга аввал мукофотни олган кино вакиллари топширади. Бу йил “Оскар” мукофотини топшириш тантаналари тўқсонинчи маротаба ўтказилади.

Қизиғи шундаки, “Оскар”нинг нуфузи қанча катта бўлса, унга муқобил равишда ҳазил тариқасида таъсис этилган “Олтин малина” соврини топширилишини ҳам мухлислар интиқ кутади. Ҳар йили ўтказилиши аниқ бўлмаган тарзда бошланган “Олтин малина” мукофоти бугунги кунда жуда оммалашди. Одамлар “Оскар”га нечоғли қизиқса, “Олтин малина” натижаларини билишга ҳам шунча ошиқади. 1980 йилда кино ихлосманд Жон Уилсон томонидан ташкил этилган бу соврин кинематографиядаги энг ёмон натижалар учун берилади.

Zolotaya-malina.jpg

Ушбу мукофотни топшириш маросими "Оскар" арафасида ўтказиб келиниши ҳам жуда кулгили. "Олтин малина" совриндорлари пластмассадан ясалган ва тилла рангга бўялган малина билан тақдирланади. Мукофотнинг таннархи 5 доллардан камроқ. Маросим жуда ҳазилга бой тарзда ўтади.

Одилона томони, номзодлар мухлисларнинг хатлари асосида аниқланади. Энди санъат оламига кириб келган ёшларга уларнинг соҳадан кўнглини қолдирмаслик учун бу мукофот берилмайди.

– АҚШда йилнинг энг ёмон фильми, сценарийси, актёр ва актрисалари ҳамда режиссёрларига бериладиган «Олтин малина» мукофоти (иккинчи номи “Раззи” деб ҳам юритилади) аслида реклама. Чунки мукофотдан сўнг фильм ҳам, актёр ҳам, режиссёр ҳам омма эътиборига тушади. Натижада одамлар ўша фильмларни сотиб олиб томоша қилади, – дейди Ўзбекистон санъат ва маданият институти магистранти Сардор Маҳмудов. – Кўпинча касса учун, турли спектакллар билан ишланган, вақт ўтиши билан унутиладиган фильмларга тақдим қилинади. Бунинг замирида қандайдир маънода халқ маънавияти учун кураш масаласи ётибди.

Шу кунга қадар “Эможи фильм”, “Кулрангнинг эллик хил жилоси”, “Фантастик тўртлик”, "Ҳиллари Америкаси: Демократик партиянинг махфий тарихи" ҳужжатли фильми сценарий муаллифлари ва режиссёрлари мукофотга муносиб кўрилган. Ҳолливуднинг машҳур актёрларидан бўлмиш Том Круз, Тони Леодис, Марк Уолберг, Тайлер Перри, Жонни Депп, Кирк Кемерон, Дакота Жонсон, Кетрин Хайгл, Женнифер Лоуренслар ҳам совриндорлар қаторидан жой эгаллаган. 


Дилобар Аслиддин қизи


7 525