ЎзА Ўзбек

30.08.2019 Чоп этиш версияси

Бир кун олдин отилиб, эртаси куни суд қилинган инсон қисмати

Бир кун олдин отилиб, эртаси куни суд қилинган инсон қисмати

31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

Назир Шоликоров 1881 йил Хива шаҳрининг Ур маҳалласида бой савдогар Қурбонниёз Шоликоров хонадонида дунёга келган. У аввал эски мактаб ва мадрасаларда ўқиб таълим олди. Сўнг ота касби савдо ишлари билан Москва, Санк-Петербург шаҳарларига қатнаб, рус тилини ўрганди.

Назир Шоликоров дунё кезиб, Европа маданияти, илм-фани ютуқлари билан жуда эрта танишган. У ҳамон ўрта аср руҳидаги ишлаб чиқариш ва бошқарув ҳукмронлик қилаётган Хива хонлигида ислоҳотлар ўтказиш тарафдори эди. Шу мақсадда у 1904 йили ташкил этилган “Жамияти хайрия” уюшмасига биринчилардан бўлиб аъзо бўлди. Ташкилотнинг асосий мақсади ўлкада жадид мактабларини очиш ва маърифатпарварлик ғояларини кенг тарқатишдан иборат эди.

1914 йил августда “Ёш хиваликлар” партиясининг шаклланишида Назир Шоликоров Полвонниёз ҳожи Юсупов, Бобониёз Жуманиёзов, Ҳусайнбек Матмуродов, Бобоохун Салимов каби инсонлар билан бир сафда бўлди. Айниқса, 1917 йил 6 апрель куни юз берган воқеаларда Кўҳна арк майдонида йиғилган аҳоли ўртасида Исфандиёрхон томонидан тасдиқланган Манифестни ўқиб эшиттиришда ва “Идораи машрутия”нинг тузилишида катта роль ўйнади. Назир Шоликоров табиатан адолатпарвар ва ўта жасур инсон бўлгани учун Исфандиёрхон ва Жунаидхонлар томонидан ҳам кейин совет маъмурлари томонидан ҳам кўп бор таъқибга олинган.

1917 йил 23 май куни Исфандиёрхон ва унинг тарафдорлари томонидан “Идораи машрутия” тарқатилиб, унинг аъзолари қамоққа олинади. Кейинчалик Назир Шоликоров ҳам бошқа “Ёш хиваликлар” партияси вакиллари қаторида “динсизликда” айбланиб қози судига топширилади. Шундан сўнг у хонлик ҳудудини тарк этиб Тошкентга чиқиб кетишга мажбур бўлади. Бироқ, бир зум бўлсин курашдан тўхтамади.

1920 йил 27-30 апрель кунлари ўтказилган Бутун Хоразм халқ вакилларининг 1-қурултойида Хива хонлиги тугатилиб, воҳада совет республикаси эълон қилинди. Назир Шоликоров мазкур ҳукуматда дастлаб Хорижия нозири, сўнг Ички ишлар нозири лавозимларига тайинланди. Шунингдек, Хоразм Халқ Шўролар Жумҳурияти Адлия нозирлиги қошида тузилган милиция бошқармаси бошлиғи ва Хива шаҳар мудофаа бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият юритиб келди. Бироқ кейинги йилларда “Ёш хиваликлар” партияси аъзоси, савдогар буржуа қатлам вакили сифатида совет идоралари томонидан яна таъқибга олина бошлади.

1930 йилга келиб Назир Шоликоров оғир аҳволга тушиб қолади. 1931 йил 20 мартда ЎзССР ХКС раиси Файзулла Хўжаев қабулида бўлиб, ўзига 150 сўм миқдорида нафақа белгиланишига эришади. Бироқ шундан кейин ҳам таъқибдан қутила олмади. 1933 йилда яна қамоққа олиниб, 5 ой давомида қамоқда бўлади.

1937 йил 25 август куни Назир Шоликоровни қамоққа олиш учун қайта қарор қилинади. Унда 1921 йилдан “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий ташкилоти аъзоси Файзулла Хўжаев, Давлат Ризаев каби “халқ душманлари”нинг “думи”, Англия агенти, деб айбланади. Шу куни уни қамоққа олиш учун ордер ҳам берилади.

Аслида Н.Шоликоров 1937 йил 16 август куни Хоразм округ ИИХК бўлими бошлиғи Калмиковнинг қарори асосида қамоққа олинган. Унинг Хива шаҳри уйида тинтув ўтказилиб, уйдан паспорти ва бошқа 100 варақдан ортиқ хат, ёзишмалари, ҳужжатлари, 75 та турли суратлар олиб кетилади.

1937 йил 25 август куни тўлдирилган анкетасида унинг оиласи турмуш ўртоғи Бибижон (42 ёш) фарзандлари қизи Азизахон (18 ёш), Ҳожархон (9 ёш), Сорахон (6 ёш), ўғли Файзулла (4 ёш) ҳамда кенжа қизи Марямхон (4 ойлик)лардан иборат деб кўрсатилган.

1937 йил 15 ноябрь кунги сўроқ баённомасида у “Миллий иттиҳод” аъзолари сифатида Бекжон Раҳмон, Абдулла Заргар Ҳусайнов, Муҳаммаджон Абдалов, Жуманиёз Бобониёзов, Бекжон Назаров, Полёз Юсупов, Бобожон Отажонов, Давлат Ризаев, Воис Раҳимов каби кўплаб инсонларнинг номлари келтирилади.

1937 йил 14 декабрь куни сўроқда терговчининг Троцкий ва Зиновьевларнинг китобларини нега уйда сақлагансиз деган саволига “уйимда бунақа китоблар йўқ эди. Қаердан келганини ҳам билмайман. Ўзи Троцкийни расмидан танишим мумкин, лекин Зиновьевнинг ким эканини ҳам билмайман” дейди.

Назир Шоликоров 1937 йил 1 декабрь куни Мадамин Ишжонов, 1937 йил 19 декабрь куни Худойберган Девонов, 1938 йил 3 октябрь куни Воис Раҳимийлар билан юзлаштирилган. 1938 йил 1 октябрь куни терговчи Назир Шоликоровни сўроққа чақириб, унинг 1-корпус 1-камерада маҳбусларга “мен судда барча кўрсатмаларимдан воз кечаман” деган ёки демаганини сўрайди. У судда ўзининг аввал айтган сўзларининг ҳаммасини, албатта, тан олишини ваъда беради.

Назир Шоликоров айблов баённомасида ЎзССР ЖКнинг 57-моддаси 1-қисми, 58-, 64-, 67-моддалари билан айбланди. Унинг иши 1938 йил 5 октябрь куни соат 10:10 дан 10:25 гача давом этди. Суд баённомасида ёзилишича, у ўзига қўйилган барча айбларини тан олган ва сўзининг сўнгида ўзининг жонини асраб қолишларини сўраган эмиш...

Ваҳоланки, Назир Шоликоров 4 октябрь тунида отиб ташланган эди...

1958 йил 8 март куни Султон Раҳмонов Н.Шоликоровнинг турмуш ўртоғи Бибижон Машарипова номидан ЎзССР ИИВ Урганч шаҳар бошлиғи номига ариза билан мурожаат этади. Шундан сўнг Н.Шоликоровнинг иши қайта кўрилиб, 1958 йил 4 декабрь куни СССР Олий суди ҳарб коллегияси томонидан оқланади...

Собир Овулович Шоликоров биз билан суҳбатда: “Бобомиз Хиванинг катта савдогарларидан Саидниёз Шоликорбой ҳақидаги ҳикоялар ҳамон тиллардан тилларга ўтиб келади. Айтишларича Саидниёз Шоликорбой ўз даврида ҳалоллиги билан ном қозонган экан. Бир гал Россиядан келтирган бир тўп оқ сақичининг ичидан катта миқдорда олтин чиқади. Ҳамкорларига хат ёзиб вазиятни маълум қилса, улар биз сизга олтин эмас сақич юборганмиз. Ичидан нима чиққан бўлса ҳам у сизники деган мазмунда жавоб олади. Ҳалоллигига шубҳада бўлган молни нима қилишни билмай қозига мурожаат қилади. Масала Оллоҳқулихоннинг саройигача чиқади ва хоннинг маслаҳати билан бу пулга масжид қурадиган бўлади. Масжид қуриш ишлари қизғин кетаётганида бир куни хоннинг шу томонга йўли тушиб қолади ва Саидниёз бойга “Ҳорманг, мадраса ҳам якунланай деб қолдими” дейди. Саидниёзбой тушунадики хон ҳазрат мадраса қурилишига ҳам рози экан. Шундан сўнг масжид ёнидаги ерларни кенгайтириб мадраса қурилишини ҳам бошлаб юборади. Бу пайтда қозоқ даштларидан йилда бир маротаба кўп сонли чорваларни Хива бозорига келтириб сотадиган қозоқ ошнаси барча савдодан тушган пуллари бўлган ҳамёнини қаердадир қолдириб кетган экан. Кейинги йил келганида эса ҳамёнини Саидниёзбойнинг меҳмонхонасидан қандай қолдирган бўлса шундай ҳолда топади. Дўсти мен бу пуллардан аллақачон умид узгандим. Қариндошларим ўз чорваларидан менга ҳадя қилишиб, чорвамни ҳам тиклаб олдим. Энди шу пулни сенинг мадраса қурилишингга сарфласам дейди. Шу тарзда Аллоҳнинг ҳикмати билан Хиванинг ўзига хос иморатларидан бўлган Саидниёз Шоликорбой масжид мадрасаси дунёга келган экан.

Энг қизиғи шу масжидда совет замонида ҳам ҳозиргача ҳам жума намози ўқилади. Саидниёз Шоликорбойнинг ўғли Қурбонниёз Шоликорбой ҳам Хиванинг ўзига яраша обрўли савдогарларидан бўлган. Қурбонниёз Шоликорбойнинг икки ўғли бўлиб каттаси Назир Шоликоров, иккинчи ўғли Отаниёз Шоликоров бўлган. Мен Отаниёз Шоликоровнинг набираси Овул Шоликоровнинг ўғлиман. Отам кўп йиллар она тили ва адабиёти муаллими бўлиб элга хизмати сингган устоз мураббийлардан эди. У киши Назир Шоликоровнинг оқланишида ва номларининг абадийлаштирилишида катта ишларни амалга оширган. Биз Назир бувамнинг кенжа қизлари Марям аммамиз билан доимий қариндошлик алоқасида бўлганмиз. У киши Тўрткўлда яшар эди, 2004 йил вафот этган...”. 

Баҳром ИРЗАЕВ,
Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи
катта илмий ходими

19 327
ЎзА