ЎзА Ўзбек

07.02.2019 11:40 Чоп этиш версияси

БИР ҲАҚИҚАТ...

БИР ҲАҚИҚАТ...
Рустамов Абдулазиз Рустам ўғли – 1985 йил Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилган. Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. "Даракчи" газетаси ходими (2010-2018), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Матбуот котиби (2018), 2018 йилдан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида фаолият юритиб келмоқда. "Лолагинам" – (2003 йил), ​"Надур йиғлатади одамни" – (2015 йил) шеърий тўпламлари муаллифи.  

БИР ҲАҚИҚАТ...

Бир юракки, хулқи нозик, аҳли дилдор, 
Бир тилакки, чин умидвор, ҳароратдор,
Ул хаёлдир дилда пайдо, ўзим шайдо,
Азизим ёр, малоҳатда муҳаббат бор!

Ул сабоқки, чекса озор севар кўнгил,
Ул саботки, тан дардидан яйраса дил,
Шул ҳаловат – сабру тоқат қилса бемор,
Азизим ёр, матонатда муҳаббат бор!

Не сабабки, нигоҳ тўқлик ҳар жондамас?
Олар қўлдан берар қўллар арзондамас,
Сахийликнинг соҳиблари чин умидвор,
Азизим ёр, саховатда муҳаббат бор!

Бир ҳақиқат – ҳар ошиқни фироқ енгмас,
Висол қисмат бўлса, яқин-йироқ енгмас,
Хиёнатнинг кўчасида нечалар хор?!
Азизим ёр, садоқатда муҳаббат бор!

Дейдиларки, хотири жам – саодатли,
Улар алам, дарду ғамсиз саломатли.
Шул мақомга эришмоқ ҳам асли душвор,
Азизим ёр, ҳаловатда муҳаббат бор!

Севгимизга паноҳ бўлсин ул матонат,
Садоқат-ла саодатга йўл матонат,
Яратганга яқинликни истаган ёр,
Энди бизга бир одатда муҳаббат бор,
Тангримизга ибодатда муҳаббат бор!
* * *
ef06f341-c5a4-4f3f-84bb-b64a0edd89e2.jpg 

ЎзА
6 831