ЎзА Ўзбек

20.11.2019 Чоп этиш версияси

Beyoung – ёшлик илҳоми

Beyoung – ёшлик илҳоми

Beyoung​ – оддий матодан тортиб мўйна, қоғоз ва ҳатто целлофандан яратилган санъат асарлари тақдимоти. Уларнинг ҳар бирида ёрқинлик, жўшқинлик бор. Чунки бу – ёшлик илҳоми, ёш дизайнерлар танлови.

Тошкент мода ҳафталиги доирасида пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган ушбу танлов тасаввур ва тафаккурда сарҳад йўқлигини яна бир бор исботлади. Креатив ғоялар, бир-бирини такрорламас ижодий ишланмалар бунга асос бўлди.

Танловнинг саралаш босқичларида 500 га яқин дизайнер ўзининг 100 дан ортиқ тўплами билан иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати улар орасидан 56 иштирокчининг 28 коллекциясини танлаб олди. Ушбу коллекциялардан 252 турфа либос ўрин олган.

– Beyoung танловида иштирокчиларга ҳеч қандай чеклов қўйилмайди. Улар ўзларининг ижод ва маҳоратини исталган тарзда ҳавола этиш имконига эга, – деди “Осиё рамзи” дизайнерлар уюшмаси аъзоси Умида Воҳидова. – Бунда асосий жиҳат ижодий ғоя талқини. Бу ёш дизайнерларнинг ўзига хос қирраларини кашф этиши билан ҳам аҳамиятли.

Ҳа, ёш дизайнерларга бундай эътибор уларни илҳомлантиргани, янги-янги асарлар яратишга катта турки бўлгани танловда яққол сезилиб турди. Масалан, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабалари Рисолат Ҳусанова ва Шоҳида Убайдуллаева танловда сунъий мўйна матоси асосида яратилган коллекцияни тақдим этди.

– Коллекциямиздаги либосларда турли рангдаги сунъий мўйналар ўзаро уйғунлашган, – деди Рисолат Ҳусанова. – Бунда асосан узун ва калта тукли мўйна матоларидан фойданилди. Либосларни яратиш осон кечмади. Айниқса, мўйнани тикиш учун махсус тикув машинамиз йўқлиги бизга қийинчилик туғдирди. Шу сабабли деярли қўл меҳнатига таяндик. Ҳар бир матони кесиб, бир-бирига бириктириб, яхлит асар яратишга эришдик.

Катта сабр, кўп вақт талаб этган бу машаққатли меҳнат ёш дизайнерларни Beyoungнинг ғолибларидан бирига айлантирди.

Барчамиз учун севимли, қадрдон фильм – "Маҳаллада дув-дув гап"ни бир эсланг. Ойпошша, Меҳринисо аянинг либослари ёдингиздами? Бурмали, кенг ёқали, узун кўйлаклар. Қандай чиройли либослар-а?! Ҳақиқий ўзбегойим қиёфаси шу.

Сурайё Рашидова ўз коллекциясини айни шу фильм қаҳрамонлари либосларидан илҳомланиб яратган. Шойи, адрас ва атлас матоларидан ишланган ижодий ишларда анъанавийлик ва замонавийлик ҳамоҳанг. 

– Улар оддий, бежирим ва шуниси билан гўзал, – деди С.Рашидова. – Либослар жозибасида қўл меҳнатининг ҳам ҳиссаси бор. Ушбу коллекция устида 6 ойдан ортиқ вақт мобайнида ишладим. Танловда буларнинг бари муносиб баҳоланди. Миллий либослар йўналиши бўйича ғолиб бўлганимдан жуда хурсандман.

Тошкент мода ҳафталигининг иккинчи кунида ўзбекистонлик Дина Сайфи, Буюк Британиядан ташриф буюрган Лиан Кара Паулсон каби дизайнерларнинг маҳорат дарслари ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, Истора Иргашева ҳамда “Sugar Plum Couture” брендининг мода намойиши ўтказилди.

3 494
Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА мухбири