Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.12.2017 19:43 Чоп этиш версияси

"Беш оқшом" спектакли ўзбек саҳнасида мухлислар топа олдими?

"Беш оқшом" спектакли ўзбек саҳнасида мухлислар топа олдими? Москва вилояти ёш томошабинлар театри жамоаси Россияда етакчи нуфузга эга маънавият масканларидан бири ҳисобланади.

Мазкур театрнинг драматург Александр Володин пьесаси асосида саҳналаштирилган «Беш оқшом» спектакли Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида намойиш этилди.

3.JPG

"Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти, “Театр дўстлари клуби” ҳомийлиги ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирдан асосий мақсад икки давлат ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва театр санъати мухлисларига Янги йил байрам совғасини туҳфа этишдан иборат бўлди.

21.JPG

Асарга ҳар бир инсон ўзига ишониши, мақсадлари сари олға бориши, муҳими, ҳаёт моҳиятини англаб, тўғри йўлдан адашмай ўз бахтига эришиш ғоялари сингдирилган. «Бу ҳар биримиз учун жуда муҳим бўлган муҳаббат, меҳр-шафқат сингари тушунчаларни излаш, йўқотиш ва топиш оқшомларидир. Бу пьеса инсоннинг ўзига ишончи, ҳаёт моҳияти, агар у ўз йўлидан борса, оғишмаса, албатта, ўз бахтини топа олиши ҳақидадир...”, деб ёзган эди ушбу асар муаллифи Александр Володин.

12.JPG

“Беш оқшом” спектаклининг саҳна юзини кўришида режиссёр Павел Сафонов, рассом Мариус Яцовскис, композитор Фаустас Латенас ва хореограф Алишер Ҳасановнинг ҳиссаси бор. Унда Нонна Гришаева, Алексей Рижков каби иқтидорли актёрлар асосий образларни талқин этган.

– «Беш оқшом» спектаклида роль ижро этиш менинг орзуим эди, – дейди театрнинг бадиий раҳбари, Россияда хизмат кўрсатган артист Н.Гришаева. – Бош қаҳрамон Тамара фалсафий жиҳатдан кенг қамровли ва мунтазам такомиллашиб борадиган образдир. Ҳаётдан чарчаган асар қаҳрамони меҳр-муҳаббатни, аёллик нафосатини унутади. Шундай тушкун кайфиятда у яна муҳаббат туйғуси синовларига дуч келади...

– Мен учун бугунги асар намойиши унутилмас таассуротларга бой бўлди, – дейди театр санъати ихлосманди Элнора Аҳророва. – Танланган мавзу ҳаётийлиги ва фалсафийлиги билан кишини мулоҳазага ундайди. Театр актёрларининг ижро маҳорати, саҳна безагидаги ўзига хос жиҳатларни диққат билан кузатдим. Бу менга таққослаш имконини берди. Спектакль якунидаги олқишлардан айтиш мумкинки, "Беш оқшом" ўзбек саҳнасида ўз мухлисларини топди, деб ўйлайман.

Ижодий сафар доирасида театр бадиий раҳбари Нонна Гришаева билан талабалар иштирокида учрашув ташкил этилди.

Насиба Зиёдуллаева, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
2 644