ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Беҳад қувондик

Беҳад қувондик
​Муносабат 

“Ер юзининг сайқали”, “Шарқ дурдонаси”, “Фирдавсмонанд” деб таърифланадиган Самарқанд буюк Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг пойтахти, илм-фан, маданият, санъат ва маърифатнинг маркази бўлиб келган.

Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” тетралогиясининг 2-китобида Соҳибқироннинг хос муншийси Мавлоно Убайд тилидан шаҳар тарихи ҳақида шундай маълумот берилади: “...Самарқанд “Самаркент” сўзининг арабча кўринишидур, Самар қишлоғи маъносини беради. Самар–турк хонларидан бировининг исми, бу қишлоқни ул зот жуда қадим замонда барпо айлаган экан. “Тарихи Табарий” китобида ҳам битилибдурки, Самар отлиқ қудратли хон ушбу шаҳарнинг тамал тошини қўйибдур, энг аввал “қанд” деган турк аймоғи бунда ўрнашибдур ва инчунун шаҳар “Самарқанд” аталибдур”.

Шаҳар Амир Темур ҳукмронлиги даврида дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланди, У фақат боғ-роғлари, гулзорлари билан эмас, балки маҳобатли бинолари, нақшлари кўз ва ҳушни оладиган саройлари билан ҳам оламни лол қолдирадиган масканга айланди. Самарқанд мадрасаларида диний илмлар билан бирга дунёвий илмларни ўқитишга ҳам катта эътибор берилган. Амир Темур ўзи забт этган ўлкалардан таниқли олимлар, фозилу донишларни, илмга чанқоқ иқтидорли ёшларни ўз пойтахтига олиб келган. Кейинчалик улар орасидан буюк олимлар, улуғ донишмандлар етишиб чиққан. Шарафиддин Али Яздий, ан-Насавий, Ибн Арабшоҳ, Низомиддин Шомийлар яратган тарих китобларида Амир Темур даврида илм-маърифат равнақига бўлган жуда катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб берилган. Амир Темур асос солган улкан салтанат(империя) туфайли тинчлик ва осойишталик сақланган кейинги юз йилликда илм-фанда мислсиз ютуқларга эришилди. Айниқса, Мирзо Улуғбекнинг Самарқандда ҳукмронлик қилган йилларида дунёвий илмлар, хусусан, аниқ фанлар ўқитилишига катта эътибор қаратилди ва шу даврда буюк даҳолар етишиб чиқди. 

photo_2020-09-16_12-20-31.jpg

Замонамизнинг машҳур тарихчи олими Бўрибой Аҳмедов “Мирзо Улуғбек” бадиасида ёзади: “...Улуғбекнинг Самарқанд ва Бухородаги мадрасалари, айниқса, пойтахтдаги мадраса замонасининг дорилфунуни эдилар. Мадрасаларнинг дарсхоналарида илоҳиёт илмларидан(Қуръон, Ҳадис, Тафсир) ташқари, риёзиёт(математика), ҳандаса(геометрия), илми ҳайъат(астрономия), тиббиёт(медицина), тарих, жуғрофия, илми аруз(поэтика) сингари дунёвий илмлар ҳам ўқитилган. Бундай дейишга далил-ашёмиз ҳам бор. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида Улуғбекнинг Самарқанддаги мадрасасида таҳсил кўрган балхлик Шамсиддин Муҳаммад исмли бир йигит номига берилган санад(шаҳодатнома) сақланади”.

Улуғбек мадрасаси фаолият бошлаган 1420 йил Самарқанд тарихида илм-фан соҳасида буюк даҳолар етишиб чиқишига тамал тоши бўлди. Мана шу тарихий санадан эътиборан дунёни лол қолдирган, башарият илмий тафаккури, маънавий-руҳий,маданий-адабий меросини бойитишга ҳисса қўшган алломалар етишиб чиқди. Мадраса том маънода ҳозирги олий таълим муассасаси мақомидаги дорилфунун бўлиб, унга замонасининг энг пешқадам, юксак салоҳиятли олими мударрислик қилган. Бош мударрис демократик тамойилларга қатъий амал қилган ҳолда тайинланган, бунда шахсан Улуғбекнинг ўзи иштирок этган. Бу дорилфунун тарихи бугунги кунларимизда ҳам давом этаётгани, ҳозирги дорилфунун бундан 600 йил муқаддам Улуғбек асос солган дорилфунуннинг қонуний меросхўри эканлигини эътироф этиш тарихий адолатнинг тикланиши, Самарқандда илм-фан тараққиёти равнақи яна дунёни лол ва мафтун этадиган даражага чиқишига асос бўладиган тарихий воқеа бўлиб қолади.

Аллома шоиримиз Ғафур Ғулом “Самарқанд учун” шеърида ёзган эди:

Жаҳонга жамоли жаҳонорони

Бергувчи фарзандлар бешиги бу ер...

Академик Воҳид Абдуллаев уни “Илм-маърифат қуёшининг уйи”(хонаи хуршиди илму маърифат”) деб таърифлаган ва бу ердан етишиб чиққан улуғ фан заҳматкашларига ўз эҳтиромини изҳор этганди:

Фалсафа майдонида Иброҳиму Аълоларинг,

Тарихи тагпахсаи ер илмида Яҳёларинг,

Физику химик биологлар бўлиб Порсоларинг,

Сен–Ҳамид, Усмон, Умар, қолганлари шайдоларинг...
Ҳозирги илмий-адабий жараёнда Самарқанднинг катта ўрин тутишини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Рустам Холмуродов, Муслиҳиддин Муҳиддинов, Ҳотам Умуров, Усмон Саноқулов, Дилором Салоҳий, каби заҳматкаш олимларимиз мамлакатимиз илм-фани равнақига муносиб ҳисса қўшиб келамоқда.

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг сессиясида Самарқанд дорилфунунининг 600 йиллигини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилингани илмий жамоатчилик, бутун халқимизни беҳад қувонтиргани рост. Шу муносабат билан “Ўзбекистонда илм-фан, олий таълим тизимининг шаклланиши ва тараққиётида Самарқанд Давлат университетининг тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши йилимизнинг энг унутилмас тарихий воқеаси бўлиб қолиши, шубҳасиз. Ўйлаймизки, қадрдон дорилфунунимиз ташкил топганлигининг муборак 600 йиллиги тантаналари ғоят кўтаринки бир руҳда ўтади ва дунё илмий жамоатчилиги эътирофига сазовор бўлади.

Дамин ТЎРАЕВ,
ҚарДУ профессори,

Абдуҳамид ХОЛМУРОДОВ,
НавДПИ профессори

3 802
ЎзА