ЎзА Ўзбек

26.11.2012 20:18 Чоп этиш версияси

“Bazar-Art” анъaнавий кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди

Миллий санъат марказида “Bazar-Art” анъaнавий кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, Ўзбекистон рассомлари, санъатшунослари ва халқ усталарининг “Ijod” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўргазма-ярмаркада мамлакатимиз уста ва ҳунармандлари ўз ижод намуналари билан иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда миллий ҳунармандликни ривожлантириш, уста ва ҳунармандлар меҳнатини эъзозлаш, уларни ҳар жиҳатдан рағбатлантириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ҳар йил баҳор ва куз фаслларида ўтказиладиган «Bazar-Art» анъанавий кўргазма-ярмаркаси ҳам ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Мазкур лойиҳа қатнашчиларидан бири – Обиджон Нарзуллаев Ғиждувон кулолчилик мактаби вакили, қўли гул усталарнинг еттинчи авлоди. Шу билан бирга, тумандаги 10-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқувчиларга кулолчилик сирларини ўргатмоқда.

– “Bazar-Art”да элликдан зиёд турдаги маҳсулотимиз билан қатнашдик, – дейди О.Нарзуллаев. – Бундай кўргазма-ярмаркалар юртимизнинг турли ҳудудларидаги ҳунармандлар ижоди билан яқинроқ танишиш, ўзаро тажриба алмашишда муҳим аҳамиятга эга.

Уч кун давом этган кўргазма-ярмаркада ҳунармандликнинг турли йўналишларига оид маҳсулотлар ҳамюртларимиз, хорижлик меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди. Шунингдек, ёғоч ўймакорлиги, каштачилик, зардўзлик, қўғирчоқсозлик, кулолчилик бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилди.

Тадбир якунида турли номинациялар бўйича ғолиб бўлган уста ва ҳунармандларга дипломлар, махсус грантлар топширилди.


ЎзА, Назокат Усмонова, Сарвар Ўрмонов (сурат)
19 376