ЎзА Ўзбек

08.03.2020 Чоп этиш версияси

Байрам мушоираси

Байрам мушоираси

Абдулла Орипов

Ўзбек онаси

Муштипар ҳам ўзинг, буюк ҳам ўзинг,

Куйинчак ҳам ўзинг, куюк ҳам ўзинг.

Оламга татирлик суюк ҳам ўзинг,

Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Сени Тўмарис деб, мақтаганим бор,

Сен Темур бешигин тебратган бедор,

Сенсан Бибихоним, Нодираи зор,

Пайти келди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Ватанни Она деб бекор айтилмас,

Она буюрганда йўлдан қайтилмас,

Сен ўзинг Каъбамсан, Байтул муқаддас,

Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Бошингдан нималар ўтмади ахир,

Ватандек тақдиринг бўлди гоҳ тахир,

Бобур шоҳ бўлсада, қошингда фақир,

Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Гоҳида балқидинг Барчиндек тўлиб,

Ғўзадек қуридинг Турсуной бўлиб,

Тимсолинг яловда юлдуздек кулиб,

Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Фарзандинг қувонса — сен ҳам қувондинг,

Фақат болам дединг, яшадинг, ёндинг,

Нокаси учраса, ўртандинг, тондинг,

Пайт кеди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Келажак тойчоғу тойингиздадир,

Жаннат ҳам, албатта, пойингиздадир,

Ватан-ку Сиз турган жойингиздадир,

Пайт келди, айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Сизга таъзим қилиб турибман бу пайт,

Сизга бахшидадир энг шоҳона байт,

Азиз элу юртга дуоларинг айт,

Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Омон Матжон

Она деган сўз

Юлдузлардан сирқилиб шабнам,

Уфқ билан кўришганда ер,

Офтобга кипригим билан

Она сўзни ёздим гўё шеър.

Аму оқар мисоли булут,

Уфқ бўлиб оқади Аму,

Қирғоғини этса ҳам унут,

Майсаларни унутмайди у!

Ҳар кўкат, ҳар баргнинг номига

У элтади тоғлардан таъзим,

Она деган сўзнинг ёнига

Чизгим келди МАЙСАнинг расмин.

Капалак ранг, булбуллар оҳанг

Кашфи билан маст бўлган лаҳза,

Она сўзин қаватига ман

Ёзиб қўйдим БАҲОР деб аста…

Мен жо этдим Она номига

Ерни сўнгги гардигача то.

Энди Она сўзи ёнига

Дадил ёзиб қўяман: ДУНЁ!

Мен юлдуз деб уни куйлайман,

У Ватандир,

У Арши аъло.

Мен унга минг ташбеҳ ўйлайман,

Етказурман миллионга ҳатто…

Ерда, лекин минг-минглаб одам

Она номин билса муқаддас.

Уруш деган биргина сўздан

Оналарни сақлай олур бас!

Рауф Парпи

Онамга хат

Эшитдим, онажон, хафа эмишсан,

Кечир, ойлаб сенга ёзолмадим хат.

Гарчи муҳаббатдан тилардим эҳсон,

Ёруғ кунларимга бўлгандим илҳақ.

Юзимга нафасинг урилар илиқ,

Ажиб ёруғликка тўлмоқда хона.

Суратим қошида дуолар қилиб

Тағин йиғладингми, муштипар она?

Ўша гап, севганим шу азиз Ватан,

Бу қадар ташвишлар ютмагил, бағрим,

Ўксук отам каби ҳали ҳам зотан,

Қалқиниб-қалқиниб турибди шаҳрим.

Биламан… сирни бой беришлик ёмон,

Ўғлингга бу йўлда бардошлар тила.

Баъзан топганимни ичиб қўяман

Сирни бой бермасдан улфатлар ила.

Бироқ эҳ, билмайман, гўёки зимдан,

Кимдир таъқиб этар мени беомон.

Қандайдир бир кимса балки ҳақимда

Хунук латифалар тўқийди, ёлғон…

Она, куйланмаган бир куй истайман

Ва лекин алдоғчи ҳислар олур жон.

Эҳтимол, қаламни бекор қистайман,

Нетайин, ростини айтгил, онажон.

Яшил дарахтзорни ечинтирар куз,

Пойимда баҳорнинг алвидо уни.

Бепарво ёшликни илғамайди кўз,

Қайлардан ахтарай, онажон, уни.

Билурман… йўлимда ғичирлар тошлар,

Заъфарон куз янглиғ хаёлим тақир.

Шаҳарнинг ғавғоли тинчини ташлаб,

Узоқ вақт ёнингга бормадим ахир.

Эшитдим, онажон, хафа эмишсан,

Кечир, ойлаб сенга ёзолмадим хат.

Гарчи муҳаббатдан тилардим эҳсон,

Ёруғ кунларимга бўлгандим илҳақ.

Бахтсизликка ўхшаб кетар бу ҳолим,

Сенсиз бахтсизликка ўхшайди қисмат,

Сенсиз ёришмасди менинг хаёлим,

Дунёнинг лақаби бўлурди Ҳасрат.

Маъруф Жалил

Сени кўргим келар, онажон

Шодликдан осмонга етганда бошим

Бир жойга тўпланса дўсту қариндошим.

Ё бошимга тушса бирор мусибат,

Ёки биров айтса отамга раҳмат.

Учраб қолса йўлда таниш аёллар,

Дилдан тилга кўчса маъсум хаёллар.

Деса: «Кўринишда мағрур бўлса ҳам,

Йўқ эди онангдай муштипар одам».

Сени кўргим келар, онажон.

Ёр билан боғ кезсам ойдин кечалар,

Кўнглимда туғилса янги режалар.

Сирли куйлаб оқса жиғалар пастда,

Бахтимга юлдузлар боқса ҳавасда —

Шаббода силаса гулнинг юзини,

Тингламоқ истайман айтган сўзини.

«Боламнинг бўйини кўрай деб бир дам»,

Эҳтимол гул бўлиб чиққансан ердан.

Шу сабаб соғинч-ла боғаман гулга.

Армон фарёд қилар ўксиган дилда,

Сени кўз олдимга келтиролмай, гоҳ!

Эслолмай юрагим ўртанар ногоҳ.

Қандай бахтиёрдир онаси борлар,

Улар етимлардай чекмас озорлар.

Ўзинг кетдинг менга бериб умрингни

Соғиниб асрайман дилда меҳрингни.

Сени кўргим келар доим, онажон.

Ойдин Ҳожиева

Онажоним

Онажоним, кўзларингизда

Куннинг нафаслари бор эди,

Онажоним, юзларингизга

Ойнинг ҳаваслари бор эди.

Онажоним, сиз билан жаҳон

Беҳигулдай ифорли эди.

Тунлар ойдин, кунлар шодмон,

Шабадалар дуторли эди.

Тушларимга кириб чиқасиз

Сочларимни ўриб чиқасиз.

Фариштадай бошим узра гоҳ

Оромимни кўриб чиқасиз.

Талпинаман, қучсайдим қани?

Соғинчлардан қочсайдим қани?

Кўз ёшларим гулга айланса,

Пойингизга сочсайдим қани?

Онажоним! Жонажоним!

Хуршид Даврон

Шоирнинг онаси

Она келиб олис қишлоқдан

Ўғли билан яшай бошлади

Ва дастурхон ёзилган чоқда

Ширмой ноннинг четин тишлади.

Ювиб берди бир бозор кирни,

Сувлар қуйди сўлган гулларга.

Неваралар боғчадан қайтгач,

Эртак айтиб берди уларга.

Авайларди хонадон тинчин,

Суйган ўғли уйнинг бурчида,

Қоғоз узра эгилганча жим

Шеър ёзган пайт тутун ичида.

Қадам босиб хавотир билан,

Қўрқар эди нафас олишга.

Тунлар хуррак тортмай дея у

Бош қўярди тонгда болишга.

Аммо бир кун мазаси қочиб,

Кўз олдида ёруғлик сўнди.

Қўлларидан тушиб кетди-ю,

Чил-чил бўлиб пиёла синди.

Ўша заҳот ҳушига қайтди,

Чайқаларди ўнгида олам.

У югуриб чиққан ўғлига

Шивирлади: «Кетайми, болам?»

3 637
ЎзА