Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2017 21:12 Чоп этиш версияси

Барҳаёт санъаткор

Барҳаёт санъаткор Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов ижро этган қўшиқлар халқчиллиги, кўнгилга яқинлиги билан санъат ихлосмандлари томонидан севиб тингланади.

Пойтахтимиздаги "Туркистон" саройида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан устоз санъаткор таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб ташкил этилган адабий-мусиқий тадбирда бу жиҳатлар яна бир карра ўз ифодасини топди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари М.Ҳожиматов, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, мусиқашунос олим О.Матёқубов, Ўзбекистон халқ артисти А.Исмоилов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан миллий маданиятимиз ва санъатимизни равнақ топтириш, унинг бебаҳо намуналаридан халқимизни баҳраманд этиш, ёшларнинг мусиқий дидини ўстириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан К.Отаниёзов тавалуддининг юз йиллиги кенг нишонланмоқда. Хоразмда ҳофиз номи билан аталадиган ижод маркази ва унинг таркибида сўлим боғ, уй-музей ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда. Устоз санъаткорнинг ижодий меросини ўрганиш, уни кенг тарғиб этиш, фаолиятига доир давра суҳбатлари, ижодий кечалар, маданий тадбирлар, мулоқотлар ўтказилмоқда. Санъат масканлари, маданият ва истироҳат боғларида унинг ижодига бағишланган мусиқий кечалар ташкил этилмоқда.

3 (2).JPG

– Комилжон Отаниёзов ижодининг серқирралиги санъатнинг чолғу ижрочилиги, хонандалик, бастакорлик, актёрлик каби турларини мукаммал ўзлаштирганида, бу йўналишларда самарали фаолият кўрсатганида намоён бўлади, – дейди Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев. – Халқ ашулалари, достонлари, Хоразм сувора ва мақомларининг моҳир ижрочиси бўлган мумтоз санъаткор ижоди ёшларимиз учун чин маънода намуна мактабидир.

– Устоз ижодига ёш ижрочилар томонидан қайта-қайта мурожаат этилаётгани қўшиқларининг одамлар қалбига яқинлиги, кўнгил мулкига айланганининг яққол намунасидир, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Ғафур Эшчонов. – Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан К.Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланаётгани унинг бебаҳо ва барҳаёт меросидан халқимизни янада кўпроқ баҳраманд этиш имконини беради.

Тадбирда К.Отаниёзов ижодий меросидан намуналар бадиий жамоалар, хонандалар томонидан ижро этилди.

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
4 263






Все о погоде - Pogoda.uz