ЎзА Ўзбек

01.05.2018 21:03 Чоп этиш версияси

Балет жозибаси

Балет жозибаси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда "Palette of Ballet" I Халқаро балет санъати фестивали ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан миллий санъат ва маданиятимизни равнақ топтириш борасида кўрсатилаётган улкан эътибор хореография, балет соҳалари ривожи учун ҳам янги истиқболларни очмоқда. Айни жиҳатлар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби фаолиятини янада такомиллаштириш, ёшларнинг изланиши, билим олиши, ўз салоҳиятини намоён этиши учун шароитлар яратишда, турли ижодий жамоалар билан кенгроқ ҳамкорлик ўрнатишда янада яққолроқ намоён бўлмоқда.

Юртимизда бетакрор опера ва балет санъат турларининг ўзига хос анъана ва мактабларини асраб-авайлашда Ўзбекистон давлат академик Катта театрининг ҳиссаси беқиёс. Мазкур жамоа томонидан ташкил этилаётган ранг-баранг ва қизиқарли лойиҳалар, тақдимотлар, ҳамкорликдаги спектакллар томошабинларга классик санъатнинг энг нодир намуналаридан баҳраманд бўлиш имконини бермоқда.

10 майга қадар давом этадиган фестивалда ўзбекистонлик балет ва хореография ижрочилари билан бирга Швейцария, Россия, Туркия, Исроил каби давлатларнинг балет труппа ва ансамбллари ўзларининг энг сара дастурлари, балет-спектаклларини томошабинлар эътиборига ҳавола этадилар.

16.JPG

21.JPG

– Ўзбекистондаги бундай балет фестивали мен учун ўзига хос очилмаган қўриқ мисоли, – дейди "Бежар балет Лозанна" труппасининг бадиий раҳбари Жиль Роман. – Бу ердаги меҳмондўстлик, самимият, ижодий муҳит ижодкор қалбига илиқлик бағишлайди. Ўзбек томошабинлари учун ранг-баранг дастурларни тақдим этмоқчимиз. Уни қандай кутиб олишлари биз учун жуда муҳим ва қизиқ.

Фестивалнинг илк куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри жамоасининг атоқли адиб Шароф Рашидов ҳамда композитор Ориф Меликов асари асосидаги "Икки дил достони" балет-спектакли намойиши билан бошланди.

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
10 853