ЎзА Ўзбек

07.03.2019 Чоп этиш версияси

Бахтнинг ифори

Бахтнинг ифори

Эркин ижодкор бўлганим учун, тез- тез хизмат сафарларида бўлиб тураман. Бу галги манзилим, жануб қуёши дея ном олган Сурхон воҳаси бўлди.

Шўрчи туманинг “Жойилма”, “Серғайрат” маҳалларида қурилган наъмунавий уй-жойларини таърифлаб, шароитлар учун давлатимизни дуо қилаётган кексалар билан суҳбатлашибўзгача ҳузур қилдим. Туманнинг “Толли”, “Конобод”, “ Кўклам”, “Шакаркул”, “Гулистон”, “Олийҳиммат”, маҳаллаларидан, “Далварзин”, “Боботоғ” ҳудудларидан ўтар эканман, бир-биридан чиройли уйлар, озода кўчалар, тароватли боғ-роғлар, барака дарагини берувчи томорқалар, манзарали дарахтлар, гулларни кўриб халқимизнинг диди, дунёқараши юксалаётганидан мамнун бўлдим.

Шўрчи туманининг “Оқ тумшуқ” маҳалласидан ўтиб кетаётиб бир ҳовлида гилам тўқиётган аёлларга кўзимиз тушди. Уй бекаси ўзини Абдураҳмонова Гулханой – деб таништирди. Турмуш ўртоғи Каримов Тўрахон ака билан 3 ўғил, 3 қизни камолга етказган бу ажойиб инсонлар умр бўйи ўқитувчилик қилиб, элнинг болаларини ўқитиб обрў-эътибор топган одамлар экан. Гулханой опа атрофига 3-4 та қиз-жувонларни йиғиб гилам тўқияптилар. Гилам тўқиш қанчалик машаққатли иш эканлигини кўриб – ахир гилам бозордан бундан ҳам чиройли гиламларни сотиб олсангиз бўлади – ку, нега бунга ортиқча ташвиш ? – деб сўрадим.

– Бозордан ҳам гилам сотиб оламиз. Аммо ҳар бир шўрчилик қизнинг сепида онаси тўқиган гилам бўлиши керак. Бу ҳунарни момомдан ўрганганман, – дейди Гулханой момо. – қишлоқдошларимизда қиз чиқариб, ўғил уйлантирадиган бўлишса, албатта уйларига оналари ўз қўллари билан тўқиган гиламларни тўшашади. Гиламдўзда сабр-бардош ва дизайнерлик маҳорати бўлиши кераклигини ёшларга кўп уқтираман. Бу гиламлар аввало табиий хом-ашёдан тўқилганлиги билан афзал бўлса, иккинчидан сержило ранг ва миллийлигимизга хослиги билан кишининг дилини ром этади. Бу жунлар урчуқда йигирилган бўлиб ипларни пиёз, ёнғоқ пўстлоғи, тоғда ўсадиган рўян ўсимлигининг илдизи хина ва ўсма барги ҳамда тухум пўчоғидан тайёрланган табиий ранглар билан бўяймиз. Гиламларимизнинг ранги 45-50 йилда ҳам ўчиб кетмайди. Аксинча йиллар ўтган сайин чўғдай товланади, хонадонларга кўрк беради – дейди завқ билан. Биз қўли гул бу аёлнинг томорқасига қизиқамиз.

“—Мана бу иссиқхонамиз, лимон гуллаб, жаннат ҳидини беради гўё. ҳар йил Тўрахон акангиз томорқадан ўғиллари Шерали, Элбек, Шуҳратлар ва келинлари билан бирга 15-20 миллион қўшимча даромад қилади. Маҳалламиз миришкор одамлар маҳалласи. ҳали қор кўтарилмасидан биринчилардан бўлиб маҳалламиздаги Сайёра опанинг бодринглари, Рўзихон опанинг картошкалари эл дастурхонини безайди” – деди фахр билан Гулханой момо.

Чор атрофни ёғ тушса ялагудай қилиб ораста сақлаётган бу хонадон бекаси билан мамнун хайрлашаман.

Ровон йўллар, йўлларнинг четида кимдир боласини спорт мактабига олиб кетмоқда, кимдир мусиқа созини кўтариб олган набирасини мусиқа ва санъат мактабига, кимдир бадиий гимнастика машғулотларига йўл олмоқда. Гоҳ-гоҳ бахмалдек ялтираб турган, учқур тулпорларини миниб олган чавандозлар гуруҳи кўпкарига кетаётганини кўрасиз. Коллежлар, лицейлар, мактаблар, спорт майдонлари бахтиёр авлоднинг қувноқ овози билан тўла. Беихтиёр юрагингиз завққа чулғанади. Кўз ўнгингизда фариштали чеҳралар, самимий нигоҳлар гавдаланади. Томорқада ишлаётган келинлар, далада ғўзаларга ишлов берилаётган деҳқонлар, ўзлари қурган иморатларга мамнун боқаётган акалар, гилам тўқиётган опахонлар, нон ёпаётган янгалар, сигир соғаётган қизлар, бу гўзал манзаралараро ширин бир ҳид димоғингизга урилади. Бу ниманинг ҳиди?, ноннингми?, гулнингми?, гўдакнингми?! Балки бу бахтнинг ҳидидир! Ҳа, ҳа, топдим албатта, бахтни ҳиди!

Зулфия Мўминова,
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси

5 109
ЎзА