Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.03.2017 21:24 Чоп этиш версияси

Баҳор таровати санъаткорлар мадҳида

Мамлакатимизда "Баҳор нафаси" халқаро санъат фестивали бошланди 

Ҳар бир халқнинг миллий қиёфасини танитишда, унинг ижодий салоҳияти, бой ва бетакрор маънавий бойлигини бўй-басти билан намоён этишда миллий санъатнинг ўрни беқиёсдир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан асос солинган миллий маданиятимиз ва санъатимизни янада равнақ топтириш, ижод аҳлининг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шароит ва имкониятларни яратиш, улғайиб келаётган авлодни ёшликдан санъатнинг мафтункор оламига ошно этиш борасидаги эзгу ташаббуслар бугун изчил давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан маънавий-маърифий соҳалардаги чора-тадбирларни замон руҳига ҳамоҳанг йўлга қўйиш, илм-фан, адабиёт ва маънавият, санъат ва маданият фидойиларига алоҳида эҳтиром кўрсатиш, истеъдодли ўғил-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга оид саъй-ҳаракатлар янги-янги ижодий ташаббусларга қанот бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган "Баҳор нафаси" халқаро санъат фестивалидан кўзланган асосий мақсад халқимизнинг ноёб, ўзига хос мусиқа, анъанавий ва оркестр ижрочилиги, театр санъатини янада бойитишдан иборатдир. Мазкур ижодий лойиҳа номоддий маданий меросни кенг тарғиб этиш, халқимиз, айниқса, ёш авлод онгига ушбу бебаҳо бойликларга ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини чуқур сингдириш имконини беради. Июнь ойига қадар давом этадиган ушбу фестиваль миллий қадриятларимиз, анъаналаримизни асраб-авайлаш, санъатнинг турли йўналишларида шаклланган мактаб ва йўналишларни янада ривожлантириш, ушбу соҳада эришилган ютуқларни мусиқа ихлосмандларига кенг намойиш этишга хизмат қилади.

Ранг-баранг концертлар, маҳорат сабоқлари, учрашувлар, фестивалларга бой бўлган санъат ва маънавият марафонида мамлакатимизнинг етакчи бадиий жамоалари, оркестрлар, театрлар, ашула ва рақс ансамбллари билан бирга АҚШ, Болгария, Германия, Россия, Озарбайжон каби давлатларнинг ижодий жамоалари, хонанда ва созандалари, мусиқа санъати соҳасида таълим бераётган профессор-ўқитувчилари ҳам иштирок этади. Бу ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, янгидан-янги ижодий ҳамкорлик уфқларини белгилаб олишда муҳим ижодий майдон вазифасини ўтайди.

Фестиваль тадбирлари пойтахтимиздаги "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар, "Истиқлол", "Туркистон", Мусиқа саройлари, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри, маданият ва истироҳат боғлари билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги театрлар, музейлар, санъат кошоналарида, маданият саройларида ҳам ўтказилиши кўзда тутилган. Ўзбекистон миллий симфоник, "Туркистон", "Сўғдиёна", "Ўзбекистон солистлари", Давлат академик халқ чолғулари, Миллий эстрада, Ёшлар симфоник оркестрлари, Республикада хизмат кўрсатган хор жамоаси жаҳон ва ўзбек композиторларининг энг сара асарларидан иборат концертларни мухлисларга тақдим этади. Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси, қатор ашула ва рақс, мақом ансамбллари, рақс гуруҳлари миллий мусиқа ва рақс санъатидан намуналарни томошабинлар эътиборига ҳавола этиши кўзда тутилган.

Санъат байрами доирасида кўп овозли ансамбль ва оркестрлар иштирокидаги "Наврўз садолари", ёш опера хонандаларининг "Ёшлик баҳори", умрбоқий қадриятларимизга оид "Онам айтган аллалар", фольклор санъатига бағишланган "Бойсун баҳори", "Нурли наволар" каби фестивалларнинг ўзаро уйғун ўтиши шубҳасиз. Уйғониш фаслининг хуш ҳавоси, табиатнинг энг гўзал ва мафтункор палласида "Дўстлик кўприклари", "Наврўз келди", "Хоразм наволари", "Кўклам нафаси", "Кексалар эъзозда" деб номланган концерт дастурлари турли ёшдаги мусиқа ихлосмандлари, нуронийлар, хотин-қизлар, талаба-ёшларга қувонч бағишлайди.

Фестиваль дастуридан театр санъатига оид тадбирлар ҳам ўрин олган. Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардаги театр жамоалари ўз спектаклларини томошабинларга тақдим этади.

Халқаро санъат фестивали доирасида Ўзбекистон давлат санъат музейи ва Ўзбекистон амалий санъати музейида "Баҳор нафаси", "Зардўзлик", "Олтин қўллар" кўргазмалари, мусаввир Чингиз Аҳмаров ижодига доир "Юксак маҳорат соҳиби" номли бадиий кўргазма ташкил этилади. Турли ижодий конференциялар музейшунослик, бахшилик, фольклор-этнография санъатининг ривожланиш йўллари, бугунги тараққиёт тенденциялари, келгусидаги истиқболларини белгилаб олиш, ўзаро фикр ва тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этади.

Санъатнинг қатор йўналишларини ўзида мужассам этган ушбу фестиваль халқимизнинг бебаҳо маънавий, маданий бойликлари, куй-қўшиқ, жозибадор рақслар, бадиий мукаммал асарларга бўлган муҳаббати ва эҳтиромини янада кучайтириб, барчага чексиз завқ улашади.

"Баҳор нафаси" халқаро санъат фестивалининг илк тадбирлари Ўзбекистон миллий симфоник ҳамда "Туркистон" камер оркестрларининг концертлари билан бошланди.

Назокат Усмонова, ЎзА
2 451






Все о погоде - Pogoda.uz