ЎзА Ўзбек

15.03.2019 20:30 Чоп этиш версияси

“Баҳор тароналари” танлови​

“Баҳор тароналари” танлови​

Жиззахда “Баҳор тароналари” анъанавий кўрик-танлови бўлиб ўтди. Унда Навруз айёми, урф-одат ва удумларимиз тараннум этилган фольклор санъати намуналари, ўлан ва лапарлар, замонавий куй-қўшиқлар янгради. 

Жиззах вилояти маданият бошқармаси томонидан ўтказиб келинаётган ушбу кўрик-танлов бу йил ҳам Наврўз байрамига ҳозирлик кўришдаги дастлабки муҳим тадбирлардан бири бўлди. Кўрик-танловнинг Юнус Ражабий номидаги мусиқали драма театрида ўтказилган якуний босқичида барча туман ва шаҳарларнинг ғолиб бадиий жамоалари, фольклор гуруҳлари, яккахон ижрочилари иштирок этди.

Танловда Фориш тумани маданият ва дам олиш маркази қошидаги “Боғдон гуллари” фольклор-этнографик халқ ансамбли биринчи ўринни эгаллади. Ансамбль ижросидаги туман ҳудудига хос қадимий “Ёрмо”, “Ҳай-ҳай, момо”, “Чўмонгул” каби қўшиқ-рақслардан иборат дастур юқори баҳоланди.

Иккинчи ўринни Ш.Рашидов тумани “Зебомхон”, учинчи ўринни Зафаробод тумани “Ойпари” фольклор этнографик халқ ансамбллари эгаллади.

Шунингдек, турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирланди.

Ғолиблар ва фаол иштирокчилар вилоят ва туманларда ўтадиган Наврўз байрами тантаналарида ўз дастурлари билан қатнашишлари тавсия этилди.

Тошқул БЕКНАЗАРОВ, ЎзА мухбири
5 681