ЎзА Ўзбек

07.03.2019 Чоп этиш версияси

БАҲОР ЛАВҲАЛАРИ


Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева 1942 йили Бухоро вилоятининг Қизилтепа тумани Бўстон қишлоғида туғилган. 


Ойдин Ҳожиева.jpgОйдин Ҳожиева ижоди гарчи 60-йилларнинг иккинчи ярмидан бошланган бўлсада, унинг биринчи шеърий тўплами 1970 йилда «Шабнам» номи билан чоп этилган. Сўнгра «Манзиллар» (1975), «Мен севган қўшиқ» (1972), «Зар кокил қиз ва қуёш» (1972), «Утренняя роса» (1973, рус тилида), «Орзу гули» (1975), «Наво» (1977), «Тароват» (1978), «Бувисининг ўз қизи» (1979), «Достонлар» (1980), «Хушхабар» (1983), «Мушфиқ онажон» (1983), «Тамал тоши» (1989), «Сайланма» (1989), «Нажот» (1991), «Олисдан келган овоз» (1991) каби кўплаб шеърий гулдасталари дунё юзини кўрди. Улар орасида «Чашмаларни излайман» (1987) каби публитсистик асарлар мажмуаси, болалар учун ёзилган ажойиб шеърлар ҳам бор.

Унинг деярли барча тўпламларида покиза ва меҳрибон, кечиримли ва садоқатли она туйғулари, вафодор ёр, дидли, фаросатли ва нозик таъб шоира қалби жўш ури туради. Айни чоғда дунё воқеаларига ҳамдардлик, инсонлар мушкулини енгиллатиш учун кураш, ўз она халқи, она тупроги, маданий меросига меҳр алоҳида янграб туради.

Ойдин Ҳожиева,

Ўзбекистон халқ шоири

БАЙРАМОНА

Кўклам чўлга лашкар ташлар –

Гулхан бўлар дала-даштлар.

Сойлардаги бужур тошлар

Дурри Аданга айланур.


Букри толлар тақиб сирға,

Шамоллар ҳам йўрға-йўрға,

Қўбизин созлаб бўзтўрғай,

Бахши Пўлканга айланур.


Олқорлари тоғда яйрар,

Ҳулкарлари боғда сайрар,

Юганлари тилло бўлиб

Тулпорлар улоқда сайрар


Заминнинг ой булоғида,

Самода ҳур чақмоғида,

Ғунчаларнинг дудоғида

Шабнам маржонга айланур.


Шўх қизчалар давра тузар,

Ой юзлари ойдан ўзар,

Кулгусидан ҳар кўй, гузар

Жаннат маконга айланур.


Момолари Мисқол пари

Тил учинда новвотлари,

Боболари алп сингари

Марду мардонга айланур.


Эрксевар эл, ишсевар эл

Худо суйган гулҳунар эл,

Кўнгли ойдин шу заргар эл

Бир жон бир танга айланур

Кўкси осмонга айланур!


БОРДИР

Шукур, жон дўстларим кўпдир,

Жонга жонсўзларим кўпдир,

Ҳали умрим саноғинда

Яшил наврўзларим кўпдир.


Балки шундан ажриқ каби

Чидамлидир жоним маним.

Шу боисдан ҳалол, тансиқ

Ширин бўлди ноним маним.


Қор остидан омон чиққан

Бойчечакдай дилим бордир.

Дўзахнинг ўт нафасидан

Беҳиштларга йўлим бордир


КЕЛ

Кел, баҳор, рангларинг

Қалбимга кашта.

Сабримни тошқинлар

Қилсин синашта.


Руҳимнинг зангори

Ўрмонларида

Шаршара оҳанглар

Ёғилсин шаррос.


Минг турфа чечаклар

Хушбўй ифори

Сочилсин сен берган

Гулчамбарингда.


Етакла. Кийикдай

Кетай югуриб

Ушлаганча атрин

Кўйлакларингдан.


Димиққан ҳисларим,

Ланж туйғуларим

Софлансин баҳорий

Атирларингда!


ТАФСИР

Бир кам дунё, бир дам дунё,

Бирда шодлик , бир ғам дунё.

Кимлар учун базми Жамшид,

Ҳотам дунё.


Қизғанур гоҳ

Сомонини, ёвғонини

Хасис дунё, ҳакам дунё.

Оқиб ётар дарёлари

Мангу яшил кўклам дунё!


Қиморбозу там-там дунё.

Кимларга бокарам дунё!

Бир нозанин қиздай кулиб


Туродур муҳташам дунё.

Ўтиб борар улуғлари

Парвоси йўқ хуррам дунё!

***

Ўмровлари ярқираб

Ётар Чимён тоғлари

Маст уйқуда ухлайди

Гўзал пойтахт боғлари.


Ўнгирларга гул чизиб,

Қирларга кашта тўшаб

Авраб-авраб уйғотар

Кўклам қўнғироқлари .

***

Ўзингдан бунёдман, ўзинг-ла тирик,

Бир дона гул бўлиб ёки бир япроқ,

Ўчган чироғингга тола нур бўлиб,

Ўзингга қайтаман, онажон тупроқ.


Бахмалдай тўшалдинг юрар йўлимда,

Содиқ ҳамроҳ бўлдинг ўнгу сўлимда,

Қатра шабнам бўлиб ё қатра ёмғир,

Ўзингга қайтаман , онажон тупроқ


Сен ўзинг оласан оғриқларимни,

Тугал осон қилиб борлиқларимни,

Бахтга эвирасан зорликларимни,

Ўзингга қайтаман табибим – тупроқ.


Сени сокин кўрсам, осуда кўрсам,

Боғу роғларингни авжида кўрсам,

Юрагингни маром-мавжида кўрсам,

Бағрингда ниҳолдай ёзаман япроқ.


Гўзал қизларимнинг бол хандасидай,

Қизил атиргуллар алангасидай,

Ҳамалнинг булбули хонандасидай

Ўзингга қайтаман, онажон тупроқ!


4 863
ЎзА