ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Баҳодир Қобулдан эна йўл тафти...

Баҳодир Қобулдан эна йўл тафти...

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳодир Қобул билан учрашув бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда университет ўқитувчилари, адабиётшунослар, талаба-ёшлар иштирок этди. Профессор Баҳодир Карим адиб ижоди ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Адибнинг “Боғдагул”, “Эна йўл”, “Эна шамол”, “Ўсмирлик” каби китоблари ва бадиий асарлари тили ҳақида гапирди. 

24.JPG

Баҳодир Қобул ўзининг юксак илми ва салоҳияти билан ажралиб туриши, ўзининг кўнгил дунёсида яшаши, ёзганларида катта сабоқ, катта илм борлиги, шунинг учун уни англаш тафаккур талаб этиши ҳақида гап борди. Ўзбек тилини яхши ўрганиш учун ҳам адиб ижодига мурожаат қилиш кераклиги таъкидланди. 

14.JPG

– Кўп киши шеърларингизда халқона оҳанглар кўп, Жиззах қишлоқларининг шеваларидан кўп фойдаланасиз, биз тушунмаймиз, дея эътироз қилишади, –деди Баҳодир Қобул. – Аммо мен ижодимда фақат ўзим яшаган қишлоқ шеваси билан чекланиб қолмасдан, бутун Ўзбекистондаги турли шевалардан фойдаланишга ҳаракат қиламан. Чунки тилнинг энг гўзал шакли бу – шева. Сўзни севишим, сўзни англашим Ҳазрат Алишер Навоий асарларини тушуниб ўқиганимдан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”сини билганимдан бошланган. Ўзим жуда кўнгилчан, ўқиган асарларим таъсирида яшасамда, ёзганларимда таъсир ёки тақлид мавжуд эмас. Ижодий ишларимни эса эълон қилишга шошмайман. 

20.JPG

Адабий учрашув қизғин савол-жавоб шаклида давом этди. Шоир шеър ўқиди. Учрашувда фаол иштирок этган ёшларга адиб дасхати туширилган китоблар совға қилинди. 

5 731
Дилобар МАМАТОВА, Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА