ЎзА Ўзбек

10.02.2020 Чоп этиш версияси

Ҳазрат Навоийга тақлид

Ҳазрат Навоийга тақлид

Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги

Ошиқ мактуби

Сиз мен учун ҳануз қўл етмас юлдуз,

Бироқ изингиздан сира қолмасман.

Иқрорман, ҳеч қачон туриб юзма-юз,

Сизни севаман деб айта олмасман.

Ҳижронда пок севгим ўтди синовдан,

Ҳамон қошингизда тураман нигун.

Қўрқмасам ҳам туҳмат, сув ва оловдан,

Севгим айтай десам дил-тилим тугун.

Аҳволим кун сайин бўлмоқда ёмон,

Ахир, яшаб бўлмас аламлар ютиб.

Кўнгил изҳоримни айлай деб баён,

Охири жазм этдим битишга мактуб.

Сизнинг висолингиз, ҳатто меҳрингиз,

О, мен бунга қандай боғлайман умид?

Фақат келмаса бас сизнинг қаҳрингиз,

Юрай оёғингиз остида бир ит.

Мени маъзур тутинг илтимос учун,

Ғараз йўқ деб билинг бу тилагида.

Изн беринг, қўриқчи итдай туну кун,

Айланай уйингиз теварагида.

Дарчадан отсангиз олдимга сўнгак,

Ўпаман қўлингиз теккан жойларни.

Сўнг остонангизда турганча сергак,

Кутай, сезмай ўтган ҳафта, ойларни.

Гоҳ болаларингиз кўчага чиқиб,

Менга сиртмоқ солиб судраб ўйнасин.

Қувонсин теримга новдалар тиқиб,

Миқ этмасман, мазах қилиб қийнасин.

Бахтлиман, тақдири азалдан агар,

Менинг исмим бўлса пешонангизда.

Йўқ бўлса, на чора, дилимда кадар

Бош қўйиб ўламан остонангизда.

Маъшуқ мактуби

Кўзларим тўла ёш, дилда ҳаяжон,

Ўпиб ўқияпман мактубингизни.

Азизим, ишонинг, мен бундан буён

Аввалдан ортиқроқ севаман сизни.

Иқроримга бўлар шу мактуб гувоҳ,

Бошқа ҳеч зоғ билмас ишққа иқрорим.

Ва қасам ичаман тепамда Оллоҳ:

Кўнглимда яшайди ишқим, асрорим.

Мени севганингиз учун ташаккур,

Буни пок севгимга жавоб деб билдим.

Яратган Эгамга беадад шукур,

Бу дунёга келиб севдим, севилдим.

Мендай заифадан хатолик ўтди,

Ширин бўлиб сизга ёзмадим мактуб.

Оппоқ ёқангиздан ҳар нокас тутди,

Ёлғиз қийналдингиз ғам-азоб ютиб.

Шундай севишингиз олдинроқ билсам,

Бориб бағрингизга отилмасмидим.

Агар Зулайҳодай яшаган бўлсам,

Ҳозир боғингизда очилмасмидим.

Кечалар ҳар туким армон отган ўқ,

Ой-юлдузлар гувоҳ нолаларимга.

Энди хоҳласам ҳам ҳеч иложим йўқ,

Умримни бахш этдим болаларимга.

Сиз кўз очиб кўрган муҳаббатимсиз!

Сизга бахт ва омад тилайман фақат.

Сиз менинг пинҳона ибодатимсиз,

Сизни кўрсам менда қолмайди тоқат.

Билмасмиз, тақдири азалда балки,

Шу ёзмиш битилган пешонамизга.

Аё, мен учун ҳам сиз бўлинг бахтли,

Узр, узр, чиқолмасман остонамизга.

Асрор МЎМИН,

шоир


4 921
ЎзА