ЎзА Ўзбек

10.12.2019 Чоп этиш версияси

Ғайрат

Ғайрат

Она тилим - олтин сандиғим

Ғайрат

Бир замонлар камина, "Сени ётлар тугул ҳатто қилурман рашк ўзимдан ҳам, узоқроқ термулиб қолсам бўлурман ғаш кўзимдан ҳам", деган сатрларни ёзиб, ўзимча кашфиёт қилгандек, ҳеч ким айтмаган гапни айтгандек керилиб юрган эдим. Ҳазрат Навоий беш юз йил аввал бу ташбеҳларни минг бор гўзалроқ қилиб айтган эканлар.

Ёнида эл кўрсам, ўқ санчилмасунму жонима,

Менки ғайратдин раво кўрман ани ўз ёнима.

Яъни, ёр ёнида бошқаларни кўрсам жонимга нега ўқ санчилмасин? Мен ёрни ҳатто ўзимдан ҳам қизғаниб, ёнимда кўрмоққа рашк қиламан. Бундай сўзларни ўқигач, ҳайратдан ёқа тутмай, Навоий қаламга олмаган бирор бадиий тасвир, бирор инсоний туйғу қолганмикин, дея савол бермай илож йўқ.

Қилурман рашк ўзимдан ҳам, маълум бўлдики, Ҳазратнинг чўнтагидан тушиб қолган гап экан. Қарангки, бўлурман ғаш кўзимдан ҳам деган сатримиз ҳам янгилик бўлиб чиқмади.

Кўз қорасидин ёзай дермен битиг, ҳайҳотким,

Куйдурур ғайратки, мен маҳруму ул кўргай сени.

Шоир кўз қорасини сиёҳ қилсаму хат битиб ёрга юборсам, дейди. Лекин ёр дийдорини ўзи эмас, кўз қорасидан битилган мактуб кўради, дея ўз кўзидан ҳам рашк қилади. Ажаб, кейинги сатримизнинг ҳам ранги ўчди-қолди. Таскин шуки, ўзим билмаган ҳолда Ҳазратга назира боғлабман. Яхшики, мумтоз адабиётимизда улуғ устозлар сўзини такрор айтиш кўчирмачилик саналмайди, балки улуғларга ихлос деб қабул қилинади ва татаббу санъати деб аталади.

Ушбу байтлардан менга яна бир янгилик ғайрат сўзининг асл маъноси бўлди. Юқорида келтирилган икки байтга яна бир эътибор қаратинг. Уларнинг иккисида ҳам ғайрат ― рашк, қизғониш маъноларида келган. Биз бу сўзни бутунлай бошқа маънода ишлатамиз. Шахдам, тиниб-тинчимас, ишчан инсонни ғайратли деймиз. Ажабо, рашк билан ғайратнинг нима яқинлиги бор? Тамоман бошқа-бошқа бўлган бу тушунчаларнинг туташ илдизини қидириб кўрайлик.

Арабча бу сўзнинг ўзаги ― ғайр. Ғайри оддий, ғайри дин, ғайри аҳлоқий каби сўзларда зид маъносида, ғайр, ағёр сўзларида бегона, рақиб маъносида, ғайирлик деганда душманлик, ҳасад маъноларида келади. Лекин бу сўзларнинг биз тушунган ғайратга алоқаси нима?.

Сўз ҳам тирик жон каби ўз яшаш жараёнида ўсар, улғаяр, либосларини ўзгартирар экан. Бегона, рақиб сўзларининг рашк сўзи билан туташганини тасаввур қилса бўлади. Ошиқ севгилисини бегонадан рашк қилади. Рашк ғайрига ғайирлик қилишдир. Биз рашкни бадгумонлик дея тушуниб, уни қоралаймиз. Аслида қизғаниш йўқ ерда муҳаббат йўқ. Муҳаббат белгиси бўлган рашк ― ғайрат азалдан йигитлик ғурури, орият маъноларида келган. Ўз севгисини асролмаган, ўз ёрини ҳимоя қилолмаган эркак ғайратсиз дейилган. Ғайрат сўзининг ҳамият маъносини Ҳазрат Навоийнинг ушбу сатрларида кўришимиз мумкин:

Тухм ерга кириб чечак бўлди,

Қурт жондин кечиб ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқму?!

Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?!

( Изоҳ: тухм ― уруғ.)

Бу ўринда ғайрат ― рашк эмас, балки ғурур, иқтидор, ички қудрат, юксак инсоний фазилатни ифода қилади. Демак, биз ҳар замон ишлатадиган ғайрат сўзи ана шу маънодан улғайиб камол топган.

Кўрдингизки, ғайрат сўзи униб чиққан уруғни топиш, илдизини очиб қараш, униб чиққан ниҳол ва меваларни кўздан ўтказиш ҳам анчайин ғайрат талаб қилувчи иш экан.

Эркин ВОҲИДОВ,

Ўзбекистон халқ шоири

"Сўз латофати" китобидан


2 639
ЎзА