Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 20:19 Чоп этиш версияси

Ҳаёт йўлининг ёруғ ва қоронғу бекатлари

У ҳеч нарсадан камчилик кўрмай вояга етаётганди. Ота-онасининг бор меҳри, эътибори ўзига қаратилганини яхши билган ўспирин нимани хоҳласа шунга эгалик қилишга ўрганганди. Бир қарашда у ҳаёт йўлининг ёруғ бекатида турган бахтли бола эди.

Вақти келиб мактабнинг 9-синфини тугатди-ю, у ўзини "катта одам"дай ҳис этди. Энди менга ҳамма нарса, айниқса, машина бошқариш мумкин, деган фикрга келди. Ота-онасига сездирмай машина калитини олиб, аста кўчага йўналди. Тенгдошларини чақириб, битирувни машинада ювамиз, деб келишиб олди. Сармаст уч ўспирин баланд мусиқа садолари остида тун пардасини яшин тезлигида ёриб борарди. Шу зайл у пиёдалар йўлидан ўтаётган кишини пайқамай қолди...

Ана шундай воқеа билан бошланган "Кейинги бекат" деб номланган ўқув-тарбиявий фильми вояга етмаганлар ўртасида содир этилаётган жиноятларнинг моҳиятини очиб беришга қаратилган.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда яратилган фильм ғоясида ҳаёт йўллари мисли ҳаракатланаётган поездга қиёс этилган. У ёруғ ва қоронғу бекатлар бўйлаб боради. Унда йўловчилар хоҳлаган бекатда тушиб қолади.

"Театр" журнали бош муҳаррири Азизбек Турдиев сценарийси асосида "Ўзбеккино" Миллий агентлиги режиссёри Дониёр Шокиров томонидан суратга олинган фильмда кўпроқ билиб-билмай қоронғу бекатда тушиб қолган ўспиринлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.

Бировнинг қутқусига учиб ўз онасининг қотилига айланиб қолган қизнинг оҳу-нолалари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Интернетга кириб ўзини чексиз оламга тушгандек ҳис этаётган, ундаги бор гапни ҳақиқат билиб адашиб қолаётган ёшлар тақдирига ҳам назар солинган.

Катта даромад олиш дарагини эшитган йигитча хорижга кетишга зимдан тайёрланади. Лекин у шундай бир туш кўрадики, унда у қўлига қурол олиб, ўз онасига ўқ узади. Сесканиб уйғонган бола онасининг ёнида бўлиши кераклигини, уни ҳимоя қилиши зарурлиги ҳақида ўйлаб қолади. Уни авраб, турли ваъдалар билан чақираётган хорижликка "Ҳеч қачон! деб жавоб ёзади.

Ана шундай муаммолар акс этган сюжетлар орасида вояга етмаганлар билан боғлиқ жиноятчиликнинг аҳволи, турлари ҳақида ҳам маълумот берилган. Вояга етмаганлар ишлари бўйича мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари акс эттирилган. Албатта, фильмда ёруғ бекатлар кўпки, уларда мамлакатимизда болаларга ва ёшларга яратилган улкан имкониятлар ҳақида сўз боради.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида ташкил этилган мазкур фильм тақдимотига оид матбуот анжуманида асарнинг ғояси, унинг янгича ёндашув асосида суратга олингани ёш ижодкорларнинг катта ютуғи экани таъкидлаб ўтилди. Улғайиб келаётган фарзандларимизга ўзига хос сабоқ берадиган фильмдаги воқеаларнинг ҳар бири алоҳида бадиий фильм сифатида суратга олишга арзиши, буни келгусида амалга ошириш зарурлиги юзасидан таклифлар билдирилди.

"Кейинги бекат" ўқув-тарбиявий фильмини таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари орқали намойиш этиш режалаштирилган.

Норгул Абдураимова, ЎзА
2 474






Все о погоде - Pogoda.uz