ЎзА Ўзбек

06.03.2019 Чоп этиш версияси

Аёл, оила ва матбуот

Аёл, оила ва матбуот

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ”Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан ҳамкорликда Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ”Аёлнинг оиладаги мавқеини оширишда оммавий ахборот воситаларининг масъулияти” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ”Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Д.Тошмуҳамедова ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар одамлар, энг аввало, хотин-қизлар кўнглига йўл топиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш, оилалар фаровонлигини оширишга қаратилганини таъкидлади.

Юртимизда оила ва хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш, уларни ўз вақтида бартараф этишда ”Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази самарали ҳисса қўшмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 27 июнда қабул қилган ”Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ушбу марказнинг бу борадаги мавқеи ва масъулиятини янада оширди. Ҳужжатга кўра марказ концепция ва ”Йўл харитаси”ни амалга оширишга бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни аниқ кўрсаткич ва натижаларни кўрсатган ҳолда мунтазам равишда тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб бориш юзасидан тизимли ишларни амалга оширмоқда.

Ушбу марказ лойиҳалари жамиятимизда аёллар ҳуқуқларини тиклаш ва оила институти мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада медиа тузилмалар билан узвий ҳамкорлик яхши натижаларни бермоқда.

Анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимларининг аёлнинг оиладаги ўрни, фарзанд таълим-тарбиясидаги ҳиссаси ҳақидаги мақола, телекўрсатув, радиоэшиттиришлар сифатини ошириш борасида марказ мутахассислари билан яқиндан ҳамкорликни кенгроқ йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Бу йўналишда ихтисослашган ижодкорларнинг билимини ошириш, ахборот манбаларидан тўғри фойдаланиш, аёллар ва оила мавзусининг ёритилишида этика меъёрларига риоя этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Таҳлиллар медиа тузилмаларда оила ва хотин-қизлар мавзусига оид материалларда уларнинг жамиятдаги иштироки, яратувчилик фаолияти доим ҳам таъсирчан ёритилмаётгани, бунда теран таҳлилий ёндашув етишмаётгани юзасидан атрофлича фикр билдирилди.

Тадбирда байрам муносабати билан журналистларга эсдалик совғалари топширилди.

4 209
Н.Усмонова, ЎзА