Инсоният азал-азалдан хотин-қизларга алоҳида ҳурмат билан эътибор қаратган.
Бир ҳақиқат аёнки, ҳар қандай халқнинг
маънавий даражасини аввало шу юрт
аёлларининг маънавий савияси белгилайди.
Шавкат МИРЗИЁЕВ.
Инсоният азал-азалдан хотин-қизларга алоҳида ҳурмат билан эътибор қаратган. Инчунун, муқаддас Қуръони Каримнинг энг катта сураларидан бири – “Нисо”да ҳам аёллар улуғланади. Аллоҳ таоло ушбу сурада инсонларни аёлларга адолатли муносабатда бўлишга даъват этади ва бу илоҳий сўзлар замирида теран ҳикмат борлиги қалбларни жунбушга келтиради.
Аёллар ҳақида гапирганда, яна бир оддий ҳақиқатни эслаб ўтиш жоиз. Ахир ҳар қандай Инсон – Онанинг фарзанди. Ҳаётга даҳо фарзанд етказиб берган онани қаҳрамон, буюк демай бўладими? Ҳозирги пайтда фаол хотин-қизларимизни давлат ва жамоат ташкилотларида, сиёсий партияларда, илғор тадбиркорлар қаторида, олиму шоиралар сафида истаганча учратиш мумкин. Назаримда, айрим соҳаларда аёллар ўз салоҳиятлари, меҳнаткашликлари боис эркаклардан ҳам ўзиб кетди. Жамиятимизда улкан эврилишлар юз берган, рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши бўй кўрсатаётган ҳозирги янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнатда айнан аёлларимизнинг маълум бир қатлами замон талабларига айрим эркакларга қараганда ҳам тезроқ “лаббай” деб жавоб бермоқда.
Аёл оиланинггина эмас, жамиятнинг ҳам гултожи. Қайси соҳа ёки қайси жабҳада бўлмасин, аёл бор бўлса, албатта у ердан меҳрнинг, нафосатнинг ҳиди келади. У ишга ҳиссиёт, таълим-тарбия олишда ўз туйғу ва ҳароратини бағишлайди. Бахтнинг нафаси елади. Тан олиб айта оламанки, Аёллармиз, айниқса, қизларимиз гарчи қалдирғочдай меҳрибон, бургут каби чапдаст, лочиндек учқур ҳамда мусичадек беозор бўла туриб, Ватанга садоқат билан хизмат қилиш учун билим асослари ва амалиётни эгаллашда олға қараб интилмоқда. Улар келажакда ўз касбий маҳоратини пухта эгаллаб, бир нечта хорижий тилларни ўзлаштириб, компьютер билан бемалол тиллаша олади, маънавияти юксак... Сифатлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин?
Президентимиз ёш қизларимизга ўзгача меҳр-мурувват ила эътибор бериб: “асраб-авайлаш, уларга тўғри тарбия бериш, мустақил ҳаётга тайёрлаш, халқимизга муносиб фарзандлар этиб камолга етказиш учун давлат ва жамият ўз зиммасидаги барча ишарни бажаради. Лекин бу ўта муҳим вазифани адо этишда оиланинг, меҳрибон бувиларимиз, мунис оналаримиз, маҳалладаги кайвони аёлларнинг ўрни ва таъсирини ҳеч ким босолмайди”.
Шу ўринда рухсатингиз билан, машҳур шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг икки қатор шеърини ўқиб бермоқчиман:
Қиз бор уйнинг файзи бўлак, дейдилар,
Жаннат йўли – қиз бор йўлак, дейдилар
Қаранг, қандай маъноли, қандай ҳаққоний сўзлар! – дейишлари, Ва “ёш қизларимизга устозлик қилиб, уларга таълим-тарбия берадиган ҳақиқий мураббийларни рағбатлантириш мақсадида келгуси йил 8 март байрамидан бошлаб ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафардан энг муносиб вакилни давлат мукофоти билан тақдирлашни таклиф этаман” деган эди. Бу пурмаъно сўзларни ёш қизларимизга бўлган ўта ҳурмат ва иззатни мўъжиза сифатида эътироф этиш керак.
Аёл ҳамма замонлар наинки ҳар қандай шароитда ҳам муқаддас мўъжиза бўлиб келган ва шундай бўлиб қолажак! Аёлни бошига кўтарган инсоннинг қалби гўзал, маънавияти эса юксак бўлади.
Атоқли шоиримиз Абдусаид Кўчимов ёзганидек:
Мен аёл зотини муқаддас билдим,
У Момо Ҳавонинг буюк авлоди.
Мен аёл зотида бир жаҳон кўрдим,
У барча инсоннинг маъсум бунёди...
Дарҳақиқат, азал-азалдан аёл номини улуғ билиб, хотин-қизларни эъзозлаб келган юртда яшаймиз. Маданиятимиз, маънавиятимиз чироғи бўлмиш азиз онажонлар, опа-сингиллар, дилбар қизларимиз, омон бўлсин!
Карим НОРМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
ИИВ Академияси профессори