ЎзА Ўзбек

26.12.2018 18:21 Чоп этиш версияси

Атрофимда...

Атрофимда... ...яхши одамлар шунчалик кўпки, турмушда учраб турадиган айрим камчиликлар, баъзи кўнгилсизликлар тезда унут бўлиб кетади. Тушкунликка тушган руҳиятим кўтарилиб, кўнгил қанотларим яна парвозга шайланади.

“Ойнинг ўн беши қора...”

Бир кам дунёлиги рост. Қанча мукаммалликка эришманг, юксакликка интилманг, ўзгалардан яхшироқ, бир қадам олдинда яшашга тиришманг, севганингизга талпинманг... бирибир, барибир қайсидир ишингиз ўхшамайроқ, қайсидир орзуйингиз амалга ошмай қолади. Ҳар куннинг байрам бўлмаслиги ҳам ҳақиқат. У тўсиқни енгиб ўтишингиз билан буниси пайдо бўлаверади. Ёш шоирлардан бири “Ойнинг ўн беши қора, ўн беши ҳам қоп-қора” деганида шуларни назарда тутгандир эҳтимол...

Ҳасад эмас, ҳавас қил

Тишим оғриб туни билан азобландим. Шу боис эрталабдан шифокор қабулидаман. Оппоқ халати ўзига ярашган чамаси эллик ёшли тиш шифокори Нигора опа енгил ҳаракатлар билан беморни даволаб, тавсияларини бермоқда: “Ўз вақтида мен айтган муолажаларни (ҳар куни ётишдан олдин оғизни намакоб сув ва тез-тез исириқ дамламасига чайиш) қилиб турсангиз тишларингиз умрини узайтирган бўласиз. Келинг, касалланган мана бу тишингизни даволаб кўрамиз. Имкон қадар ўзингизникини сақлаб қоламиз. Олиб ташлаш – сўнги чора. Бунга эса шошилмайлик”.

– Тишларингиз парваришига бироз эътиборсизлик қилибсиз, – деди мени кўрикдан ўтказа туриб. – Ҳечқиси йўқ, муолажалардан кейин ўйлайманки, бу марварид доналарини асрайсиз, тавсияларимга амал қиласиз.

Очиғи унинг тишларингиз бақувват экан сингари мақтовлари қулоғимга мойдек ёқди. Ичимда нега аввалроқ билмадим-а. Бугундан уларни астойдил асраб-авайлайман, деган қарорга келдим.

Хона четидаги курсида ўтириб навбат кутаётган аёл шифокорнинг таниши шекилли, иккаласининг гурунги қизиб кетди... Ёш келин турмуш ўртоғининг айрим хатти-ҳаракатларидан хафа бўлгандек гапирган эди Нигора опа ҳаётий мисоллар билан маслаҳат беришга киришди. Ўша суҳбатдан сўнг мен ҳам атрофимдагиларнинг фақат яхши томонларини қидира бошладим. Салбий жиҳатларига эса парво қилмасликка ҳаракат қиляпман. Суҳбатдошим айтганидек, бахт бу ҳар бир инсоннинг ўз танлови. Кўпчилик кишилар ўйлаганидек, у қандайдир омилларга боғлиқ эмас. Бахт бу сиз ҳозир ҳис қилаётган туйғу. Бошқаларга ҳавас қил, ҳасад эмас. Ҳар кунингдан, ҳар онингдан бахт изла, бахт топ.

Шифокор ҳузуридан қайтар эканман нафақат тишим оғриғи, балки ғуборларим ҳам тарқаган эди.

“Умуман олганда ёмон эмас”

Қўл телефонимдаги жавоб берилмаган қўнғироқни кўриб, алланечук бўлиб кетаман. Кўп ўтмай ўша рақамдан яна қўнғироқ бўларди. Бу – устозим Маҳмуд Саъдий. Суҳбатимиз ҳар гал деярли бир хил кечарди.

– Қачон пойтахтга келасиз? – дея гапни давом эттирардилар қисқа сўрашувдан сўнг. – Бу йил магистратурага кириш ҳаракатини қилиш керак. Кеча юборган мақолангизни олдим. Энди Фаррухга юборсангиз ҳам бўлаверади. (Фаррух аканинг электрон почтасини назарда тутардилар. Устозим компьютер, интернет ҳақидаги маълумотлардан хабардор бўлса-да, ундан фойдаланишга нўноқроқ).

– Унчалик яхши чиқмапти-а, домла? – дейман гапларини бўлиб.

Негадир мақоламни матбуот саҳифасида кўрмагунимча ҳадиксираб тураман. Устозимнинг “Умуман олганда ёмон эмас”, деган жавобидан тўлқинланиб кетаман-да, камтарлик қилиб материалдаги ўзим сал бўшроқ дея тахмин қилган жойларни санашга тушаман.

– Бир амалладик, – дейдилар домлам мени талтайиб кетмасин деган мақсаддами. – Фалончига маъқул келди (бош муҳаррир номини айтадилар. Домла жамоадагиларнинг барини исми билан атайдилар. Сабаби, уларнинг аксарияти домланинг шогирдлари). Бадиий нарса ёзиш пайида бўлинг, янги нарсалар юборинг. Мана, масалан, обод турмушимизнинг ҳеч ким эътибор бермаётган жиҳатларини олиш мумкин. Қўшнилар мавзусими... хуллас ўзингиздан қолар гап йўқ! Нима бўлгандаям бедарак кетманг.

Бироз мақсаддан чалғиган пайтларим эмасми, ўша қўнғироқ туфайли мен ўзимда яна куч топаман, иштиёқ билан нималардир ёзаман. Электрон почтадан бир эмас, бир нечта материал юбораман. Кейин эса нималаргадир чалғиб, домлам айтганидек, “жим бўлиб кетаман”. Яна қўнғироқ, яна ўша сўзлар, яна иштиёқ, яна ҳаракат...

“Кеч қолаяпсиз, келин?!”

Ота-онамнинг асраб-авайлаб катта қилган қизи эмасманми, янги муҳит, янги оила, янги тартибга кўникишим бироз қийин кечди. Рўзғор ташвишлари сабабми, ишимда пасайиш сезилди.

– Жамоанинг сиз ҳақингизда фикри ижобий, – деди ҳамкасбларимдан бири олдига чақириб, мени руҳлантириш мақсадида. – Янги келинсиз, нима муаммо бўлса, тортинмай айтаверинг. Имкони бўлса, албатта ёрдам берамиз. Фақат сиз ижоддан тўхтаманг.

Газетанинг бу галги сонига навбатчи эканман. Иш вақти тугаб кетган бўлса-да, биз навбатчиларнинг ишимиз кўп. Қайнонам хавотирланибми, қўнғироқ қилиб, “Кеч қолаяпсиз, келин?” дейдилар.

Навбатчи муҳаррирнинг ўзига иш оғирлик қилишини била туриб, кетиб қолиш – инсофсизлик. Ишни давом эттираман. Ичим эса ғимирлаб кетяпти. Кутилмаганда: “Сиз бораверинг, кечга қолиб кетасиз. Бу ёғини ўзимиз амаллаймиз”, – дейди навбатчи муҳаррир.

– Раҳмат, – дея оламан холос, ўша пайт қувонч билан, миннатдорлик билдиришнинг бошқа йўлини тополмай.

Бизнинг соҳамизда навбатчилик бир эмас, икки-уч кун давом этадиган жараён эди. Эртаси кун ҳам худди шу жараён такрорланади. Уйга вақтида бориш керак. Иш қизғин. Қўнғироқлар...

– Сиз бораверинг, мен уйга кеч қайтсам ҳам бўлаверади. – дейди яқиндагина иш бошлаган ҳамкасбим ҳазил-чин қилиб. – Ишингизни ўзим якунлаб қўяман. Ё менга ишонмаяпсизми?

Мушкулим осонлашди

Йўлда улов кутиб, анча қолиб кетдим. Юз хижолат бўлиб, уйга кеч қайтдим. Ўйлаганимдек, мени қайнонам остонада кутиб олмадилар. Аксинча “сезмай қолдилар”. Уст-бошларимни алмаштириб чиқишим биланоқ эшик олдида турмуш ўртоғим кўринди.

– Овқатингиз тайёрми, қачон келдингиз? – деди кириши билан.

– Ҳалиги, – ерга қарадим, нима дейишимни билмай.

– Болам, овқатни осганингиз қачонийди, пишгандир. Боринг, сузиб келаверинг, – дедилар қайнонам уй ичкарисидан чиқиб. Суҳбатимизни эшитиб турган эканлар. Ҳарқалай, мушкулим осон бўлди. Ошхонага кириб, не кўз билан кўрайки, қозонда овқат мил-мил қайнаб турибди. Салат қилиб, кўкат тўғралган. Косалар таом сузишга тахт қилиб қўйилган. Дарров дастурхон ёзиб, овқатни суздим. Кечки овқатни хуш кайфиятда едик.

– Овқат ширин чиқибди, – деди турмуш ўртоғим.

Ярқ этиб қайнонамга қарадим. Уларнинг ним табассуми ва нигоҳидан “Ҳечқиси йўқ, хижолат бўлманг”, деган маънони илғаш қийин эмас эди.

Олов – тилсиз ёв

Дам олиш куни – якшанба. Кир ювиш учун қозонни сувга тўлдириб тагига ўт қўйдим. Иккинчи ўчоққа эса қайнонам “паёк“ка олиб келган чамаси ўн литр ёғни солиб, унинг ҳам тагига “тезак“ларни қаладим. (Буни қалаш деса бўладими йўқми, билмайман. Тутаб нақ ярим соат деганда ёндиёв ўзиям. Бунақа ишларни кўзим кўргани билан қўлим бажармаганда очиғи.) Ҳаракатларимни кузатиб турган киши мени бу юмушларнинг устаси бўлиб кетган деб ўйларди ҳойнаҳой. Ўзим ҳам онамнинг “одам қилган ишни одам қилади-да“ деган гапига амал қилиб, мақсадни катта олдим: қайнонам келгунларича кирларни ювиб торларни тўлдириб қўяман, ёғни ҳам бирваракайига доғлаб оламан. Ҳам вақтдан ютиш, ҳам уйдагиларга келинларининг уддабуронлигини кўрсатиб қўйиш мақсадида ишга киришдим. Барвақт ҳаракат қилишимга қарамай ўчоқхона офтобнинг кўзида жойлашган эмасми қуёш қиздиргандан қиздирар, бир томонимдан ўчоқдаги ўт аждар оғзидаги олов сингари пуркаларди. Терга тушиб кетсамда, иссиқ танамга нинадек санчилса-да, юзларим тиришаётганини сезсамда чекинмадим, ишимни давом эттирдим. Қозондан буғ кўтарилишига қараганда сувим тайёр. Ёғ ҳам чамамда, доғ бўлай деб қолди. Арчилган пиёзни қозонга солсаммикин, ҳидини олади. Йўқ яна бироз вақт керак. Яхшиси уйдан кирларни териб чиқаман, дедим-да, ўчоққа тўлдириб қайнонам бир четга чиройли қилиб тахлаб қўйган тарашаларни солдим.

Орадан ўн, ўн беш дақиқалар ўтиб кирларни кўтариб ҳовлига чиқсам не кўз бўлай кўрайки ўчоқхона томондан тутун аралаш олов кўкка ўрлаяпди. Қайнонам ва бир иккита қўшни йигитлар уни ўчириш билан овора. Нима бўлаётганини англолмай қолдим. Хуллас, ўша куни тоғора-тоғора кир ҳам ювмадим, қайнонамдан мақтов ҳам эшитмадим. Кечга яқин уйга ҳовлиқиб кириб келган турмуш ўртоғимга нима дейишни билмай каловланиб турганимда қайнонам ёшига ярашмаган бесўнақай бир юриш билан биз томон кела бошлади. Юрагим қинидан чиқиб кетай деди. “Эпсиз, рўзғор ишларини уддалай олмайдиган хотинни қаердан топдинг, ўзи!“ қулоғим тагида жаранглаган бу овоз ҳарқалай қайнонамники эмас эди. “Келинимга қарашай, кир ювгунича ёғни доғлаб қўяй дегандим. Мойга нимадир аралашган шекилли, оловни баландлатибман ёниб кетса бўладими,“ – дея вазиятни ўнглаб, айбимни нафақат бекитган, балки ўғлига мени яхши кўрсатишга ҳаракат қилган қайнонамни югуриб бориб қучиб олдим.

“...Ўн беши ҳам ёп-ёруғ”

Яхшиликнинг “жазо”си бор дейишади. Ҳа, унинг яхши маънода юки бор. Бунинг учун бироз машаққат чекишингизга тўғри келар. Аммо Сиз ўзингиз билиб билмай кимнингдир мушкулини осон қилишингиз, орзуларига йўл очишингиз ёхуд кўнглига таскин беришингиз мумкин-ку! Кимгадир далда бериш, мадад бўлиш, ким учундир яхшилик қилиш инсондан тоза юрак, самимийлик ва чин маънода инсонийликни талаб қилади.

Назаримда инсонлар ўртасида ана шундай меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат бор экан, ҳаётда учраб турадиган тўсиқларни енгиб ўтамиз.

Агар мен шоирнинг ўрнида бўлганимда эди юқорида келтирилган жумлаларни “Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши ҳам ёп-ёруғ”, дея ўзгартирган бўлардим.



Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 623