ЎзА Ўзбек

10.02.2020 Чоп этиш версияси

Асрлардан устун, авлодларга ибрат аллома

Асрлардан устун, авлодларга ибрат аллома

Бухоро давлат университетида ўзбек мумтоз адабиётининг буюк намояндаси Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига бағишланган "Асрларда устун, авлодларга ўрнак аллома" мавзуида илмий-бадиий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан олий ўқув юртининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори О.Қодиров, навоийшунос олим Ш.Ҳайитов, филология факультети декани Д.Ражабов ўзбек адабий тилининг оҳанграбо жозибасини кўз-кўз қилувчи юксак бадиий теран асарлари билан қарийб олти асрдан буён дунёни мафтун этиб келаётган сўз мулкининг даҳоси халқимизнинг фахрига айланганини таъкидлади.

Ул зотнинг асарларида олам ва коинот гултожи, яъни инсон, таълим ва тарбия, эзгулик, қалб гўзаллиги каби мавзулар баланд пардаларда тараннум этилади. Шунингдек, буюк ижодкор оила қадриятини улуғлайди. Унинг бир асарида ой билан қуёшга менгзалган ота-она ҳурматини жойига қўйган фарзанд бахтли-саодатли бўлиши таъкидланади.

Умуман, Алишер Навоий ижоди барча замонларнинг долзарб масалаларига ҳамоҳанг бўлиб, хусусан, комил инсон тарбиясига хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бешта муҳим ташаббусининг илмий асоси Алишер Навоий асарларида илгари сурилган ғоялар билан боғлиқ, дея қайд қилинди анжуманда.

Таъкидлаш жоиз, университетнинг филология факультети талабалари юқорида тилга олинган ташаббусларга оид лойиҳалари доирасида Бухоро шаҳридаги 32-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг адабиёт ва санъатга қизиқишини янада ошириш борасида уларга кўмакдош бўлмоқда. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган анжуман бадиий қисми шу болалар маскани раққоса қизларининг чиқиши билан бошланди.

“Лисон ут-тайр” фалсафий, маърифий-бадиий достони буюк шоир ижодида алоҳида ўрин тутади. Асарда инсоннинг маънавий камолоти, ўзлиги ва Яратганни англаш билан боғлиқ қарашлар рамзий-мажозий образлар, тасаввуфий тимсолларда бадиий ифодаланади. Тадбирда факультет ўзбек филологияси таълим йўналиши 2-босқич талабалари томонидан ушбу достон асосида тайёрланган композиция намойиш этилди. Саҳна талқинида толиби илмларнинг “Лисон ут-тайр“ ғоясини нечоғли тўғри англаб етганлари намоён бўлди. Муҳими ҳам ана шунда.

– Университетимизда Алишер Навоий таваллуд санасига бағишланган яна бошқа қатор тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда, – дейди ўзбек адабиёти кафедраси мудири Ҳусниддин Эшонқулов. – Бундан ташқари, профессор-ўқитувчиларимиз турли таълим муассасалари ва ташкилотларда буюк шоир ижодий меросини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилаётган маърифий тадбирлар – адабиёт байрамларида фаол иштирок этаяпти. Таъкидлаш керак, жамиятни янгилаш жараёни маънавият билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам, аждодларимиз, жумладан, ҳазрат Навоий бобомизнинг бой меросидан баҳраманд бўлишга, руҳий озуқа олишга эҳтиёж ошиб бораётгани жуда ёқимлидир.

5 180
Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА