ЎзА Ўзбек

07.03.2019 Чоп этиш версияси

Қашқадарёда жаҳолатга қарши ижодий танлов ташкил этилди

Қашқадарёда жаҳолатга қарши ижодий танлов ташкил этилди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар ўртасида диний экстремизм ва ақидапарастликнинг олдини олиш мақсадида “Энг таъсирли саҳна кўриниши” кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Танловнинг саралаш босқичида Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабалари, Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби, Қарши банк коллежи ўқувчилари томонидан саҳналаштирилган спектакллар намойиш этилди. Финалга эса Қарши давлат университети талабалари ва Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчилари беллашишди.

IMG_4365258.JPG

– Танловини ташкил этишдан асосий мақсадимиз бугунги кунда дин ниқоби остида кириб келаётган мафкуравий таҳдидларга қарши ёшларда мустаҳкам иммунитет ҳосил қилишдир, – дейди Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим мудири Феруза Абдураҳмонова. – Ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, шунингдек, халқимиз, миллатимиз, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш, ёшларнинг дунёқараши ва фикрлаш доирасини кенгайтириш, уларнинг маънавий баркамол шахс бўлиб, жамиятга ўз ўринларини топишларига бўлган фикрларини мустаҳкамлаш олдимизда турган муҳим вазифалардан саналади. Бугунги танлов ҳам ўз ғояси билан мана шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Танлов натижаларига кўра, Қарши ихтисослаштирилган санъат мактабининг шарқ халқлари ривояти ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг “Оқибат” қўшиғи асосида саҳналаштирилган “Оқибат қўшиғи” номли шеърий-фалсафий спектакли олий ўринга муносиб деб топилди ва ғолиб жамоага 1 миллион сўм пул мукофоти, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, ушбу саҳна кўринишининг режиссёр ва сценарий муаллифларига ҳам 1 миллион сўмдан пул мукофоти тақдим этилди.

4 415
Ўлмас Баротов, ЎзА