ЎзА Ўзбек

30.09.2020 Чоп этиш версияси

Қаршавултепа манзаралари

Қаршавултепа манзаралари

Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида “Қаршовултепа – 2020: изланиш ва натижа” мавзуида археологик кўргазма бўлиб ўтди. 

Унда эрамизнинг VI-IX асрларига тегишли Қаршовултепада ўтказилган экспедициялар натижалари асосидаги 50дан ортиқ артефактлар намойиш қилинди.

Қаршовултепа ёдгорлик мажмуаси Тошкент вилояти Чиноз тумани “Дўстлик” фермер хўжалиги ҳудудида жойлашган. Ушбу ёдгорлик мажмуасининг майдони 6 гектарни ташкил этиб, тўғри тўртбурчак шаклда, шарқдан ғарбга қараб 330х200 метрга чўзилган. Мажмуанинг жануб томони қадимги Парак, яъни Чирчиқ дарёсига туташган бўлиб, қисман ювилиб кетган. 

Унинг ҳудуди жанубга қараб пасайган, шу боис бу ерда қадимги бозор майдони бўлганлиги тахмин қилинади. Шимол тарафидаги қалъа девори асосий шаҳар дарвозасига пандус шаклда туташган. Бу ерда 2014 йилнинг биринчи ярмида қазишма ишлари бошланган бўлса-да, жуда яхши натижалар бера бошлади.

Халқаро маданият карвон саройи коллекцияси йилдан- йилга янги топилмалар билан бойиб бормоқда. 2020 йилда ҳам сарой музейи мудири, археолог К.Шейко томонидан Қаршовултепада самарали қазиш ишлари олиб борилди. Топилмалар орасида эрамизнинг VI-IX асрларига тегишли сопол идишлар, Чоч ҳудудига тегишли тангалар, тош буюмлар ва уй-рўзғор буюмларини учратиш мумкин.

Кўргазмага қўйилган экспонатлар орасида кўпроқ эътиборни жалб қиладигани – бу тамға тарзида тирналган сопол идишлар “исми ёзилган” маълум бир қабила ёки уруғга тегишли одамларга совға сифатида берилган. Расмлар туширилган тангалар, уларда ҳукмдорлар, туя, от, йиртқич ҳайвонлар нақши туширилган. Ҳар хил белгили хуштаклар, шунингдек, томонлари тенг хоч кабилардир.

Ушбу кўргазмани ташкил этиш тарихимизни ўрганишдаги яна бир қадам бўлиб, ҳали ҳеч кимга таниш бўлмаган моддий меросни археологик топилмалар орқали халқимизга намойиш этишдир.

photo_2020-09-30_10-55-11.jpg

photo_2020-09-30_10-55-12 (2).jpg

photo_2020-09-30_10-55-12.jpg

3 592
Г.Бобоева, ЎзА