ЎзА Ўзбек

22.04.2019 Чоп этиш версияси

Ҳарбийлар кутубхонасига минг дона китоб совға қилинди

Ҳарбийлар кутубхонасига минг дона китоб совға қилинди

23 апрель – Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни

Марказий ҳарбий округнинг Фориш тоғ-дала ўқув машқ полигонида 23 апрель – Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи кунига бағишланган “Шахс камолотида китобхонлик маданиятининг ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. 

Жиззах вилояти ҳокимлиги ва ҳудудий ҳарбий маъмурий сектор билан ҳамкорликда ташкил этган тадбирда ўқув полигонида хизмат қилувчи офицерлар, сержант ва оддий аскарлар, ижодий ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Тадбирда ватанпарвар, ўз халқига, бурчига садоқатли инсоннинг камолга етишида китобнинг тутган ўрни ҳақида маъруза ва муҳокамалар бўлди. 

– Мамлакатимизда китобхонликка берилаётган катта эътибор инсон маънавиятни юксалтиришда амалий аҳамиятга эга иш бўлди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Эштемир Исматов. – Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни муносабати билан ташкил этилган тадбир республикамиз нашриётлари томонидан кейинги пайтда чоп этилган мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг энг сара намуналари билан ўқувчиларни таништириш, китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган. Миллий ва жаҳон адабиётининг мумтоз ва бугунги давр ижодкорлари, уларнинг асарлари, алоҳида китоблар ҳақидаги маърузалар, муҳокамалар, фикр-мулоҳазалар ҳарбийларимиз орасида ҳам китобхонлик кенгайиб бораётганлигини кўрсатди. Бу жуда қувончли ўзгариш албатта. 

Маънавий-маърифий тадбир сўнгида ҳарбий-маъмурий сектор ва бир қатор жамоат ташкилотлари томонидан Фориш тоғ-дала ўқув машқ полигони кутубхонасига 1000 дона турли хил бадиий адабиётлар совға қилинди. 

2 362
Т.Бекназаров, ЎзА