ЎзА Ўзбек

02.11.2019 Чоп этиш версияси

Қапчиғай

Қапчиғай
Она тилим - олтин сандиғим 


         Юртимизда “Қапчиғай” деб аталадиган жой номлари ҳам бор. Мен Қумқўрғонда “Оққапчиғай” деган жой борлигини биламан. Манбаларда айтилишича, бу сўзнинг туб илдизи мўғулча бўлиб, “қапчиғай” сўзи асли “дара”, “тоғ йўли”, “тор, ўтиш қийин бўлган жой” каби маъноларни англатади. “Қапчиғай” сўзига асос бўлган “қапчи” сўзи “икки ёндан қисиш” деган маънони англатган.

Масту аласт

         Маст ва аласт – кўпинча тилимизда бу сўзлар “маст-аласт” шаклида қўшилган ҳолда ишлатилади. Бизга “маст” сўзининг маъноси маълум. Хўш, унда “аласт” сўзи қандай маънога эга ва у нима учун “маст” сўзига қўшилган ҳолда ишлатилади?  “Навоий асарлари луғати”да изоҳланишича, “аласт” арабча сўз бўлиб, “Мен эмасми?” деган маънони билдиради. Бироқ “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” китобида “аласт” сўзи “азалият, ибтидосиз замоннинг дастлабки пайти; гулзори аласт – дунёнинг бошланиши” деб изоҳланган. Икки маънода ҳам “аласт” сўзи “маст-аласт” бирикмасидаги мазмундан жуда-жуда узоқ. Эҳтимол, бу ўринда “аласт” сўзи “алаҳсиш” маъносига алоқадордир деган тахминга ҳам борасиз. Барибир, “маст”га “аласт”нинг қўшилиб қолиши ғалати. Яна шуни таъкидлаш керакки, оятда “аласту бироббикум”, яъни “Мен роббингиз эмасми?” деган гап бор. Мумтоз адабиётда ошиқлик ишқ майидан маст бўлиш деб тавсифланади. Эҳтимол, “маст-­аласт” бирикмаси шундан келиб чиққандир... Яъни “масти аласт” – “аластнинг масти” бўлгандир. Ёки бу ерда “аласт” “алвасти” сўзига алоқадормикин деб ҳам ўйлаб қоласиз. Рус тилидаги “алкаш” сўзи биздаги “алкаш-чалкаш” сўзига яқиндай туюлади. Барибир, ўйлаб кўриладиган ҳолат. “Маст-аласт” шаклида бу сўзни ишлатаяпмизми, ҳар хил маънога чалғиб кетмаслик учун ҳам унинг асл маъносини билиб олишимиз керак. Бу эса аниқ далилларни талаб этади. Бу борада зукко мутахассисларимиз зарур мулоҳазаларини билдирсалар яхши бўларди.

 Пайпоқ, носки ва уйуқ

         “Пайпоқ” сўзи тилимизга тожик тилидан кирган. Кейинги даврларда тилимизда “пайпоқ” сўзи ҳам камроқ қўлланиб, рус тилидан кирган “носки” сўзи фаоллашиб кетди. Ҳолбуки, қадимги тилимизда “уйуқ” деган сўз пайпоқ маъносини ифодалаган. Эрванд Севортян “уйуқ” сўзини кигиз пайпоқ маъносида изоҳлаган.

         Бир қарашда “уйуқ” сўзи “ойоқ” сўзига ҳам шак­лан яқин. Шунингдек, у “ўйиқ” сўзига ҳам яқин. 

Оломон

         Тилимиздаги оти ёмон сўзлардан яна бири – “оломон” сўзи асосан “тўда” маъносини англатади. “Туркий тиллар этимологик луғати”да “оломон” сўзи “қароқчилар босқинчилиги”, “отлиқлар тўдаси” ва бир турдаги йирт­қич қуш номи маъносида келиши таъкидланган. Шунингдек, “оломон” сўзининг ўзаги “ола” – “ўғирлик”, “ўлжа”, “босқинчилик” мазмунини билдирган деб кўр­сатилади. Бу сўз ҳақида фикр билдирган баъзи тилшунослар “оломон”ни “алақмон” сўзига алоқадор деб ҳам тўхталадилар ва “алақмон” – “ағдариб ташлаш”, “синдириш”, “бузиш” маъноларини англатади дея таъкидлайдилар. Яна Ҳерман Вамбери ва бошқа тилшунослар “оломон” сўзининг ўзаги “босиб ол” мазмунидаги “ол” сўзидан деган фаразни илгари сурадилар. Нима бўлганда ҳам “оломон” сўзининг илдизида яхшилик кўрмайсиз. Лекин бунинг учун сўз айбдор эмас.

Майна қушми ё мия?

         Биз кўпинча “майна” сўзини қуш маъносида тушунамиз. Чунки шу ном билан аталадиган қуш бор. Халқимиз бу қушни ёқтирмайди, у жуда жанжалкаш, безбет қуш. Қувиб ҳайдасангиз ҳам сизни майна қилгандек безра­йиб тураверади ёки бетгачопарлик қилиб қичқиради, сайрамайди, қичқиради. Балки халқ орасидаги масхара қилиш маъносидаги “майна қилди” ибораси шундан келиб чиққандир. “Бу сизга майнавозчиликми?” деган гап ҳам бор.

         “Майна” сўзи тилимизда мия маъносида ҳам иш­латилган. Бу ўриндаги “майна” “мия” сўзининг ўзгар­ган шакли бўлиши керак. “Майнаси ишламайди”, “майнасини еб қўйибди” деган иборалар ҳам бўлган. Масалан, “Алпомиш” достонида “майна” сўзи “мия” мазмунида бундай қўлланган:

Фойдаси йўқ, ғириллашиб юради,
Бекорга ўзини аҳмоқ қилади.
Бари гап майнага йиғилиб келади,
Асил тулпор бунда пайдо бўлади.


Эшқобил ШУКУР,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими 

"Бобо сўз изидан" китобидан

5 216
ЎзА