Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.05.2017 12:23 Чоп этиш версияси

Андижонда тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилди

Андижонда "Қалб гўзаллиги ва музей дурдоналари” деб номланган тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилига бағишлаб ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар, “Ҳунарманд” уюшмалари вилоят бўлимлари, вилоят ўлкашунослик, адабиёт ва санъат музейлари ҳамкорлигида ўтказилган кўргазмада таниқли мўйқалам усталари Ў.Тансиқбоев, Н.Карахан, А.Муҳиддиновнинг бир қатор асарлари, вилоят ўлкашунослик музейи фондида сақланаётган 30 дан ортиқ ноёб картина намойиш этилди. Кўргазмадан Андижон тасвирий санъат ижодий мактаби асосчилари Н.Қўзиев, Ўзбекистон халқ рассоми Н.Холиқов, шунингдек, У.Болтабоев, М.Казиев, Р.Ўрозов, М.Умар сингари мусаввирлар ва ёш рассомларнинг ижод намуналари ҳам ўрин олди.

Таниқли кулол М.Абдуваҳобов, ёғоч ўймакори Ш.Раҳимов сингари усталар томонидан тайёрланган амалий санъат намуналари ҳам томошабинларда катта таассурот қолдирди.

– Кўргазмада ўндан ортиқ ижодий ишларим билан иштирок этдим, – дейди ёш мусаввир Азизбек Жабборов. – Улар санъат ихлосмандларига манзур бўлганидан хурсандман. Устозларим, тажрибали мусаввирлар билан мулоқотда бўлиб, қимматли тавсия ва маслаҳатлар олдим. Бундай тадбирлар биз, ёшларнинг ижодий юксалишимизда муҳим аҳамият касб этади.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
2 617






Все о погоде - Pogoda.uz